ОИЛА ҚЎРҒОНИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

     Ислом динида никоҳ ва оила муқаддас деб эътироф этилади ва эркак билан аёл ўртасидаги боғланиш муқаддаслиги ҳимоя қилинади. Шу сабабдан ҳам, Исломда эркак билан аёлнинг никоҳсиз яшашига йўл қўйилмаган. Бу ҳол мусулмонларни никоҳ ва оилага енгилтаклик билан муносабатда бўлишдан қайтарган. Никоҳ оиланинг асосини ташкил қилгани учун ҳам уни тузиш ҳамма вақт ва ҳар қандай даврда дин томонидан, давлат ва жамият томонидан алоҳида эътиборга молик бўлган ҳамда унинг назоратида бўлиб, муҳофаза килинган.

Ислом дини никоҳни, оилани бузилишини раво кўрмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир”, — дейилади. Ислом ҳуқуқида оилавий ҳаётни давом эттириш, унда кўзда тутилган мақсадларни рўёбга чиқариш мумкин бўлмай қолгандагина сўнгти чора сифатида ажрашишга рухсат берилади. Пайғамбар (с.а.в)дан келтирилган қуйидаги ҳадиси шариф буни қувватлайди: “Уйланинглар, талоқ қилманглар, чунки талоқ сўзидан Раҳмоннинг арши ҳам ларзага келади”,  яна бир ҳадисда “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга хуш келмайдигани талоқдир”, дейилади.

Олимларнинг фикрича, одамлар ҳаётининг бирдан-бир тўғри йўли — оилавий ҳаётдир. Унинг дилни таскин топиши, бир-бирига кўнгил қўйиб, меҳр-шафқатли бўлиш ва солиҳ фарзандлар тарбиялашдек олижаноб ғоялар рўёбга чиқишидаги аҳамияти исломий муқаддас манбаларда кўп-кўп зикр этилган ҳамда унинг бузилиб кетиши қаттиқ қораланган. Баъзан эр-хотинлар турмушида бўронлар эсиб, эр-хотинлар саодати ва роҳат-фароғатини лойқалатади. Муҳаббат ришталарини узиб, ҳаётини жаннатдан дўзахга айлантириб қўяди. Бу жиддий муаммога Исломнинг ечими қандай? Эр-хотин орасининг бузилиши ва талоқ фожеаси содир бўлмасдан олдин эр-хотин орасини қандай ислоҳ қилиш мумкин?

Бу хусусда  Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб шундай марҳамат қилади:

“Эркаклар аёллари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир. Аёлларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қнлингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган Зотдир. Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган Зотдир”. Нисо сурасидаги ушбу ояти карималарнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида муфассирлар шайхи Ибн Жарир Табарий  “Жамиъ-ул-баён” китобларида айтадилар: “Оят Саъд ибн Рабиъ ва унинг аёли Ҳабиба бинти Зайдлар хусусида нозил бўлиб, аёл эрининг буйруғини бажармаганида, у аёлини урган. Аёлнинг отаси қизи билан Пайғамбар (а.с)нинг олдига келиб, қасосни талаб қилди. Набий (а.с): “Эридан қасос олсин”, деб айтдилар. Аёл отаси билан қасос олишга кетаётгани-да, Набий (а.с): “қайтинглар, Жаброил олдимга келди», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устида раҳбардирлар…”, оятини нозил қилган. Расулуллоҳ (с.а.в): “Биз бир тадбир ирода қилдик ва Аллоҳ бир тадбир ирода қилди. Аллоҳ ирода қилган тадбир яхшилик бўлиб, қасосни бекор қилди”, -дедилар.

Ушбу ояти каримага кўра Аллоҳ аёлларни икки қисмга бўлди:

  1. Раббисига итоатгўй, солиҳа ва эрларига яхшилик қилувчи аёллар.
  2. Ғалаёнчи, осий-итоатсизликлари билан шайтонга эргашадиган аёллар.

Эрларига итоатгўй солиҳа аёллар Аллоҳнинг буйруқларини муҳофаза қилишади ҳамда устларидаги ҳақларини адо этишади. Ўзларини фаҳш ишлардан сақлаб, эрларининг орзу-умидларини бекор қилишмайди. Ана шулар иффатли, омонатдор ва фозила аёллардир. Аммо итоатсиз, исёнчи, эрларига мутакаббирлик қилиб, бўйин эггиси келмайдиган аёллар ҳам бор. Ояти каримага мувофиқ эркаклар уларга биринчи навбатда панд-насиҳат қилиши, агар ваъз эслатмалар фойда бермаса, аёлларини ётоқда тарк қилишлари, яъни қўшилмасликлари керак. Ибн Аббос айтади: “Аёлига орқасини ўгириб, у билан қўшилмайди”. Агар мавъизада ҳам, ҳижронда ҳам қайтмаса, одоб учун аёлни майиб қилмайдиган даражада, раҳм ва юмшоқ уриш билан жазолайди. Токи унинг бошидан ғалаён ва итоатсизликка бошлаган шайтон чиқиб кетсин. Агар ҳамма йўл ва воситалар эр-хотин орасининг ислоҳ бўлишига олиб келмаса, бошлиқ икки адолатли ҳакам — эр ва хотин томонидан бир кишидан тайинлаши керак бўлади. Шу икки ҳакам тушунмовчилик келиб чиққан мавзуни қидириб, эр-хотин орасини муҳокама йўли билан ислоҳ этишга ҳаракат қилишади:

“…Эрнинг уруғ-аймоғидаи бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур…” Ислом душманлари шариатдаги уруш ва танбеҳ билан тарбиялаш мавзусини ўзларига ёмонлаш учун асосий қурол қилиб олган. Қуръон назарларимизни ўзининг ягона, боқий шариатига қаратади. Чунки аввалги оятда ворид бўлган: “Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яьни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани…”.

Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан устун қилди, дейилса қисқароқ ва мўьжазроқ бўлар эди. Оят бундай шаклда нозил бўлганини Шайх муфассир олим Али Ас-Собуний қуйидаги тамсиллар билан изоҳлайди. «Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло аёлни эркакдан яратган бўлиб, улар аслида бир тан, худди бир танада жойлашган иккита руҳлигига эътиборни қаратди. Шунинг учун уларнинг бири иккинчисига худди ўз тана аъзолари бир-бирига ҳарис бўлганидек ҳарис бўлиши керак. Эркак ва аёл тана аъзоларига ўхшаб, бири бош бўлса, бошқаси юрак ва бадан бўлсин. Ҳеч қайси бир аъзо бошқа аъзодан ўзини юқори тутмай, ҳар бири ҳаётда ўз вазифасини бажаради. Одам жисмида қулоқ, кўз, юрак, қўл ва ундан бошқа аъзолар бор. қулоқ кўзсиз, қўл оёқсиз яшай олмайди. Шу сабабли қалб меъдадан, бош эса қўлдан афзалроқ эмас, чунки уларнинг ҳаммаси ўз вазифасини интизом билан бажариб, бири иккинчисисиз туролмайди. Мана шу нозик чегара хусусида ушбу улуғ оят келган: “..Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани…”. Аллоҳнинг борлиқдаги суннати ва ижтимоий ҳаётдаги шарт-шароитлар оила ишларини назорат қиладиган бир ҳомий — бошлиқ бўлишини тақозо этади. Бу ҳомий оиланинг фойдасини кўзлаб, вазифасини комил ва афзал йўл билан адо этиши керак. Токи оила Ислом хоҳлаган инсоний жамиятнинг қурилишига биринчи уруғ бўлиб қадалсин. Чунки оиланинг саломатлиги — жамиятнинг саломатлиги, оиланинг бузилиши — жамиятнинг бузилиши ва хароб бўлишидир. Аллоҳ эркакларга аёллар устидан ҳомийлик, тарбиячилик, бошқарув, ҳимоя ва қўриқлаш вазифаларини юклаган. Ислом душманлари ҳомийликни Аллоҳнинг динига тош отиш учун восита қилиб олишган. Уларнинг даъволарича, “Ислом аёлни уришга рухсат беради. Аллоҳ қандай қилиб, аёлларни уришга рухсат берди. Ахир, бу аёлларга душманлик эмасми?”

 Жавоб шуки, қуръон аёлни уришга рухсат берди. Лекин қачон урилади ва қандай қилиб? Асосий гап шунда.Бу иш аслида муолажа — даводир, зарурат туғилгандагина мурожаат қилинади. Аёл эрининг ҳаётини бузиб, “бошига чиқса”, шайтон кўрсатмаларига эргашса, гуноҳ ишларни қилаверса, бундай ҳолатда эр нима қилиши керак? Уни ётоқда тарк этсинми, талоқ берсинми ёки ўз ҳолига ташлаб қўйсинми? Талоқ оила устунларини парчалаб, иттифоқликни йўқотади. Агар енгилроқ зарарни улуғроқ зарарга солиштирсак, енгилроғини амалга ошириш чиройлироқ ва гўзалроқ бўлиб чиқади. Бундан ташқари, уриш баъзилар ўйлаганидек, аёлни хорлаш эмас. Балки муолажа йўлларидан бири бўлиб, баъзи ҳолларда яхшиликни тушунмайдиган ва чиройли муомала наф, фойда келтирмайдиган пайтларда бу нарса наф келтаради. Шоир айтганидек: “Қул урилар асо бирла, Ҳурга етар ишора”. Ислом динида эрнинг оиладаги раҳбарлик вазифаси масъулият деб талқин қилинади. Лекин оила бошлиғи, баъзилар хаёл қилганидек, оила аъзоларига жабр-зулм ўтказиш дегани эмас. Оила бошлиғи сифатида эр оиланинг ҳар томонлама баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига масъулдир. Ҳар қандай оилавий можарони тинчлик йўли билан оқилона ҳал қилиш мумкин. Оилада эрнинг вазифаларидан энг муҳими хотиннинг ҳақларини тўла адо этишдир. Уни қурби етганча ризқ-рўз, кийим-кечак ва уй-жой билан таъминлаш эрнинг зиммасидаги вазифадир. Эрлар хотинлари ва фарзандларини, албатта, ҳалол йўл билан топилган маблағ асосида таъминлаб туришлари лозим. Оила аъзолари ҳам шу билан бир қаторда ўз оила бошлиқларини доимо ҳурматини сақлашлари керак. Шундагина оила ҳар доим тинч-тотув, фаровон бўла­ди. Фарзандлар юксак онгли, одоб-ахлоқли бўлиб етишадилар.

Хива шаҳар бош имом-хатиби
Б.Ходжаев

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *