ЭКСТРЕМИЗМ-ҲАЛОКАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

              Жумла оламни ва бизни яратган Аллоҳ таъолога беадад ҳамду санолар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга дурудлар бўлсин. Мустақиллигимизга эришганимиздан кейинги қисқа фурсат ичида, минг йилларга татигулик ишлар амалга оширилди.

            Барча соҳаларда бўлганидек диний соҳада ҳам мисли кўринмаган ютуқлар қўлга киритилди. Истиқлол сабаб энг муқаддас обидалар, масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Маънавий меросимиз тикланди, инсоний қадриятларимизни ташкил  этган Ислом  дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла  бошлади. Юртбошимиз раҳбарлигида улуғ аждодларимиз тарихини тадқиқ қилиш, улар хоки ётган жойларни обод этиш энг асосий вазифалардан қилиб белгиланди. Бугунги кунда бу ишларни кўриб олам аҳли тасаннолар айтмоқда. Минг афсуслар бўлсинким бу ютукларни кўролмайдиган кучлар жазавага тушиб бўҳтон тошларини отмоқдалар. Имони, эътиқоди суст юртдошларимизни чалғитишга, пуч ваъдалар билан экстремизм тузоғига илинтиришга урунмоқдалар.

Асримиз бошига келиб турли хил вайронкор ва тажовузкор кучларнинг ўз ғоя ва мақсадларини амалга ошириш учун Ислом динини ниқоб қилиб олиши авж олди. Ғаразли мақсад ва ғояларни диний манбалар асосида ва динга боғлиқ холда тарғиб қилиш кучайди.

            Бу экстремистик ташкилотлар ўз олдиларига сиёсий мақсад қўйганлар ва шуниси билан улар констутциявий тузумга ва миллий хавфсизлигимизга таҳдид солмоқдалар. Улар аввало ўз ҳаракатларини жамиятни исломлаштириш, исломий жамиятни ташкил этиш ва ниҳоят ҳокимиятни қўлга киритишдан бошлаш кераклигини назарда тутиб, иш олиб борадилар. Бунда улар икки асосий методга асосланадилар, тарғибот-ташвиқот ва жиҳод, Экстремистларнинг барчаси жиҳод Исломнинг кучи ва мавқеини тиклашнинг ягона йўли, деб биладилар. Жиходни ташқи душман билан кураш деб уқтирадилар. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) томонидан жиҳоднинг нафсга қарши кураш деб таъкидланлигини қайд этмайдилар. Ҳолбуки Қуръонда ва ҳадисларда энг афзал жиҳод айнан ўз нафсига ва шайтоний  ҳирсларга  қарши курашдир, деб таъкидланган.

            Бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в) ёнларига келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ мен жиҳод қилмоқчиман”,-деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Сен нафсингга қарши жиҳод қилгин, ана шу сен учун жиҳоддир”, дедилар”. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Яна бир киши сўради: “Ё Расулуллоҳ мен жиҳод қилмоқчиман”. Шунда У Зот: “Ота-онанг ҳаётми?- дедилар. У киши: “Ҳа, ҳаёт”, дедилар. У Зот: “Ота-онангга яхшилик қилишга жиҳод қилгин”,  деб насиҳат қилдилар”.

 Ислом дини яхшиликка етаклайдиган ва ёмонликдан қайтарадиган, покиза диндир, Динда зўрлаш, мусулмоннинг қонини тўкиш ва уни ўлдириш катта гуноҳ хисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Мўмин мўмин билан ака–укадир”, деб марҳамат қилган. Демак, мусулмонни ўлдириш ва қонини тўкиш ҳақиқий имонли кишига хос эмасдир. Ҳар биримиз бу дунёни ўткинчи эканини ҳис қилиб бир-бирларимизга яхши муносабатда бўлсак ва бир-биримизни ҳурмат қиладиган бўлсак, шунингдек, яшаб турган юртимизга муҳаббат қўйиб шу мустақил юртга чин дилдан хизмат қиладиган бўлсак, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам Ватан олдида ҳам ўз бурчимизни адо қилган бўламиз.             Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин ва ана шу тинч осойишта юртимизга ғаразли мақсадда раҳна соладиган ёвуз  кучлардан  ўзи асрасин.

Боғот тумани “Назар ота”

масжиди имом-хатиби
УМадаминов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *