ДИННИ СОХТАЛАШТИРИШ ХАТАРЛИ ИЛЛАТ

Ислом динимиз асрлар оша башариятни тўғри йўлга, ҳидоятга чорлаб келади. Хайрли амалларни тарғиб қилган, эзгулик тарафдори бўлган муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятидан бехабар айрим чаласавод кишилар, афсуски, ҳануз орамизда учраб турибди. Олам шу қадар мукаммал яратилганки, ундан на бир нарсани олиб бўлади, на бирор нарса қўшиб… Ислом таълимоти хусусида ҳам гап шу! Шу маънода муқаддас Қуръони карим, сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўз ғоявий манфаати йўлида нотўғри талқин қилган ҳолда ўз-ўзича фатво чиқариш, янги талаб ва қоидаларни яратиш инсонни залолатга бошлайди. Бунга турли бузғунчи кучларнинг Исломни ниқоб қилган ҳолда амалга ошираётган хунрезликлари яққол мисолдир.

Сўнгги йилларда суннийликдаги нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайхлар, эшонлар томонидан бузиб тарғиб қилинаётгани кузатилмокда. Бундай сохта тариқатчиларнинг амаллари ислом дини таълимотига, шариат аҳкомларига мутлақо зиддир. Исломда бирор-бир шайхга мурид бўлиш фарз қилинмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): «Сизларнинг яхшиларингиз дунё ишини деб охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга оғири тушмайдиганла-рингиздир», деганлар. Дарҳақиқат, сохта шайхлар, жоҳил, илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Уларга эргашмасликка даъват қилинади. Сохта тариқат асосчилари  Қуръони карим ва ҳадиси шарифга асосланмаган ҳар қандай ғояни рад этади.

Айрим кимсалар тариқатга кирдим, деб кийим-бошларини, юриш-туришларини ўзгартиришади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларингиз ва мол-мулкларингизга эмас, балки амалларингизга қарайди», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати» асарида тасаввуф таълимотига оид одоб-ахлоқ меъёрлари батафсил баён этилган. Асардаги алоҳида бир боб «Пиру муридлик тўғрисида» деб номланади. Буюк аллома тасаввуф ва тариқатнинг моҳиятини баён этар экан, сохта тариқатлар ва уларнинг риёкор «пир»лари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтади. «Тариқат йўлининг қароқчилари кўпдир, улар нодон ва калтафаҳмларни ҳийла-найранг донаси билан макру фириб домига тортиш пайидадирлар. Жалолиддин Румий айтганидек, одам қиёфасидаги иблислар кўп. Бас шундай экан, ҳар кимга ҳам «қўл бериб» бўлмайди.

Бугунги кунда кўплаб диний қадриятларимиз қатори тариқатчилик анъаналарини тиклашга бўлган ҳаракатларни кузатиш мумкин. Ўзларини «пир» деб, сохта тариқатчиликни тарғиб қиладиган кимсалардан эҳтиёт бўлиш керак.

Диний маълумотга эга бўлмаган, исломнинг назарий асосларидан мутлақо хабарсиз чаласавод «пир»лар ўзларича сохта тариқатларни эълон қилишмоқда. Улар сирасига «қора саллалилар», «нурсафардия», нақшбандиянинг янги шохобчаларини киритиш мумкин. Уларнинг даъволари, тарғиб этаётган расм-русумлари муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зид экани уламоларимиз томонидан исботлаб берилди.

Шундай бўлса-да, орамизда ҳамон бу «пир»ларга эргашувчилар учраб турибди. Cохта тариқатчилик ижтимоий тараққиётимизга маънавий таҳдиддир. Чунки бунинг оқибатида диний маросим ва тадбирларда фуқаролар орасида турли низолар келиб чиқиши мумкин. Ўзларини «пир» деб даъво қилаётганлар дунёвий илмларни рад этишади. Айниқса, вояга етмаганлар ўртасида сохта тариқатчилик тарғиботи тараққиёт учун жиддий хатардир. Негаки, ёшларни илм-фан ва ахборот технологияларини ўрганишдан қайтариш бундай кимсаларнинг ғаразли мақсадидир. Фарзандларимизни илмдан бехабар, чаласавод қилиб вояга етказиш эса келажакка хиёнат, динимизга душманликдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадисларида умматларини огоҳлантириб: “Ким бу ишимизда (яъни ислом динида) ундан бўлмаган бирор янгилик пайдо қилса, у мардуддир” деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган)

Ислом динида Аллоҳ таолога, унинг нозил қилган китобларига, фаришталарга, пайғамбарларга, охират кунига, қазойи-қадардаги яхши ёки ёмон ишнинг Аллоҳдан эканига ва ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирилади. Ҳеч бир диний манбаъда арвоҳга, жонга, Руҳга, Руҳониятга, Нурга, Пирга иймон келтириш деган ақида ёки қараш йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки бундай қарашлар асл исломий эътиқод тамойилларига мутлақо зид бўлган бидъат-хурофотдир.

 

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *