ИСЛОМ МУТААССИБЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

                  Маълумки Ислом дини азалдан тинчлик ва бағрикенглик дини бўлиб келган. Динимизда “васатийлик” яъни ўрта йўлни тутишга тарғиб қилинади ва динда ғулувга кетишдан, яъни ҳаддан ошишдан қайтарилади. Динда ҳаддан ошиш шундай хатарли йўлки, у динимиздаги мўътабар ва мўътадил мазҳабларни  рад этади. Бемазхаблик эса динсизликка ва залолатга олиб борувчи йўлдир. Шу ўринда Шайҳ Рамазон Бутийнинг  (рахматуллоҳи алайҳи) сўзларини келтиришимиз кифоя бўлади деб ўйлайман. У киши: Бемазхаблик динсизликка олиб борувчи кўприкдир, дея тариф берганлар.

Бугунги кунимиздаги “мутаассиблик” домига тушган кишилар,  кўпчиликдан бўлиниб юрадиган гуруҳлар мусулмон жамоатчилиги орасида ҳам учраб турибди. Улар баъзида шу қадар хаддан ошадилар-ки, хатто ўзга мусулмонлар тўғрисида “улар тўлиқ мусулмон эмас” ёки “умуман мусулмон эмас” сингари гапларни ҳам айтадилар. Шу ўринда хақли савол туғилади, мутаассиблар кимлар ўзи?

 «Мутаассиблик» (араб, «ғулув кетиш», «чуқур кетиш») муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан берилиш, «ўзгалар» ва «ўзгача» қараш ҳамда ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазхабларни бутунлай рад этиши, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Онги заҳарланган ва мутаассибга айланган кишилар ўзлари қилаётган ишларни тўғри деб ҳисоблаб, ҳар қандай номақбул ишлардан ҳам бош тортмайдилар. Ваҳоланки, уларни бу йўлга бошлаган «раҳнамолар»нинг асл мақсади моҳиятан ғайриинсоний характерга эга. Мутаассибликнинг жирканч башараси дунёнинг турли нуқталарида содир этилаётган қўпорувчилик ва хунрезлик воқеаларида яққол намоён бўлмоқда.

Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам мутаассиблик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятта интилиш, динни нотўғри талқин қилиш билан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришга уринишларда намоён бўлмоқда. Демак, диний экстремизм келиб чикишининг биринчи ва асосий сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик диний экстремизм ва терроризмга замин тайёрлайди. Шу ўрин қайд этиш жоизки, кўп манбаларда ишлатилган «ақидапарастлик» сўзи ҳозирги воқеликдан келиб чиқиб «мутаассиблик» сўзи билан алмаштирилган ҳолда истефода этилмоқда.

Юқорида қайд қилинганидек, диний мутаассиб оқимлар Қуръон оятлари ва ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида талқин қилиб, кишилар онгига ўзларининг ҳақ йўлда экани, уларга қўшилганлар албатта, ҳидоят топиши ҳақидаги сохта ғояларни сингдиришга ҳаракат қиладилар. Ҳолбуки, исломнинг бош манбаи ҳисобланган Қуръони каримда ва Ҳадиси шарифда бундай ҳаракатлар қаттиқ қораланиб, шундай дейилади:

“Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида мунозара қилади-ю, лекин ўзи илмсиз, ҳидоят топмаган, бирон нурафшон Китоби йўқ, (тўғри йўлдан) бўйин товлаб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан оздириш мақсадида юрадиган (кимса) ҳам бордир. Унинг учун бу дунёда расволик бўлур, қиёмат кунида эса, унга ўт (дўзах) азобини тотдирурмиз” (“Ҳаж” сураси, 8-9 оятлар).

 Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.) айтадилар: “Ўзини тўғри деб билган киши, мухолифларининг тўғрилигини ё адашганини билмаса, у адашган ва тўғри йўлни билмаган жоҳилдир”

Хулоса қиладиган бўлсак, шуни таъкидлаш жоизки дин номидан гапираётган ёки ёзаётган хар кимса ҳам тўғри йўлда деб бўлмайди. Ҳадиси шарифда динни маъруфдан ўрган дейилади. Аслида бундай мутаассиб кишиларнинг тили бошқаю дили бошқа эканлигини англаб етмоғимиз лозим ва даркордир.

 

   Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.