МАЪНАВИЙ – АХЛОҚИЙ БУЗУҚЛИКДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

    Мустақил Ўзбекистонимиз тарихан қисқа муддатда босиб ўтган мураккаб, айни пайтда шарафли тараққиёт йўли ҳамда бу йўлда эришган улкан ютуқ ва марраларимиз ҳақида гап кетганда, барча соҳалар ва тармоқлар қатори маънавий ҳаётимизда юз берган буюк ўзгаришларни фахр — ифтихор билан тилга оламиз.

         Маълумки, халқимизнинг миллий маънавиятини муқаддас ислом дини ва унинг асрий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мустақил тараққиётимиз жараёнида миллий маънавиятимиз билан бирга, унинг ажралмас қисми бўлган муқаддас динимиз ва диний қадриятларимизни тиклаш, ҳар томонлама ривожлантириш масаласига доимий эътибор берилиб келяпти. Ҳар бир жамият маънан етук, руҳан тетик ҳамда жисмонан соғлом бўлган комил инсонни тарбиялаб вояга етказишни ва шу билан ўз ватанининг келажагини мустаҳкамлашни ирода қилади. Жумладан, бизнинг жамиятимиз ҳам илк мустақиллик онларидан бошлаб ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратди ва миллий урф-одатларимиз, маънавиятимиз, асосийси миллий ўзлигимизни йўқотмаслик ва асрий анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда ватанимизни изчил тараққий эттириш ҳамда халқимиз фаровонлигига эришишни асосий мақсад қилиб олди.

Бугун биз маънавий ва юксак ахлоқий тушунчалар ила ёшларимизнинг онгини “Ҳаёт нима, умр нима, инсон қандай мавжудот ва унинг мақсади нима бўлиши керак, гўзаллик ва нафосат нимаю, маънавий-ахлоқий бузуқлик нима?”, каби саволларга илм ва маърифат билан суғорилган етук, равшан фикрлар билан тўлдириб боришимиз лозим. Шунда бу жамият аъзолари ўзаро баҳамжиҳат, фаровон ва хотиржам ҳаёт кечиради.

Бугунги кунда кишилик жамияти ривожига кучли таъсир кўрсатаётган, унга ўзига хослик бахш этаётган ижтимоий омиллар қаторида диний омилнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Диннинг яратувчилик ва бунёдкорлик, уюштирувчилик ва йўналтирувчилик салоҳиятидан фойдаланганда у ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Айни пайтда, инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш орқали одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Замонавий воқеълик диндан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш давом этиши баробарида у ўта нозик тус ва хатарли кўринишлар олаётганидан гувоҳлик беради. Турли шаклларда намоён бўлаётган оммавий маданият бунга мисол бўла олади. Глобаллашув шароитида у янгича шамойил ва кенг миқёс касб этиб, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга, шунингдек, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келаётган муқаддас ислом дини маънавияти ва маданиятига жиддий таҳдид солмоқда. Ҳар қандай бузуқлик ва ахлоқсизлик жамиятни таназзулга олиб келади. Шу сабабдан жамиятни соғлом сақлаб қолиш учун унинг келажаги бўлган ёш авлод тарбияси барча замонларда устивор вазифа бўлиб қолаверади.

 

 

Н.Шожонов

Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *