МУСУЛМОН УСТИДАН КОФИР ХУКМИНИ БЕРИШ

Ҳар бир ижтимоий муаммонинг ўз сабаблари ва омиллари бўлгани каби, одамларни осонликча кофирга ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайишининг ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллари бор. Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори бу масаладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ўша камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир. Бу масалада «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади: «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса». Демак, аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий тушунча ва тамойилларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсани мусулмон деб биламиз, гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз, амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим масалани баён қилмоқдалар. «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик». Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!

Ислом шариати ҳукмига бир эътибор беринг: Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади. Агар айбдор, мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади. Агар ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича кутилади.

Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг. Шунинг учун бу ишдан ўта ҳушёр бўлиш лозим.

М. Қозоқов

Янгиариқ тумани Хожи Бобо масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.