ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМНИНГ МАҚСАДИ ВА УНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ

Аввало, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан тоқатсизва муросасиз бўлади. Диний ташкилотлардан дунёвий давлатга қарши курашда фойдаланади. Диний экстремизм ўзида баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолиятини намоён қилади. Диний экстремизм кўпчилик динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди. Ислом экстремизмининг ақидасига кўра, биринчидан, гўё ҳозирги замонда барча мусулмон жамоалари исломий тус ва моҳиятларини йўқотгганлар ва “жоҳилия” асри жамиятларига айланганлар. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиш учун “асос” бўлиб хизмат қилади. Иккинчидан, гўё фақат “ҳақиқий” мусулмонлар ҳокимиятга келгач, барпо бўлажак “исломий тартиб”ни ўрнатиш учун кескин ва тажовузкор ҳаракат қилмоқлари лозим. Бундай ҳаракатнинг қонунга мувофиқлиги масаласи улар томонидан умуман ўртага қўйилмайди, зеро улар фақат шариатга (бу уларнинг тор талқинида) таяниб иш кўрадилар ва ўзларини исломдан чекинган ҳокимни ағдаришга гўё ҳақли деб биладилар.

           Ислом экстремизмининг “нозик” томони унинг “дин”га (ҳақиқий динга эмас) асосланганидадир. Гуруҳ раҳбарлари ўз қўл остидаги аъзоларининг онгига шу даражада таъсир ўтказадилар-ки, улар ҳатто ўзларни қурбон қилишга, муайян мақсад йўлида “шаҳид” бўлишга тайёр турадилар. “Мусулмон биродарлар” ҳаракати (Миср, 1928 й.) дан етишиб чиққан Саййид Қутб (1906-65) ҳозирги замон ислом экстремизмининг ғоявий асосчиси сифатида тан олинган. Унинг назариясига кўра, ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас ва умуман барча давлатлар исломга қаршидирлар. Шундан келиб чиқадики, мақсад – ислом давлатини барпо қилиш ва жамиятни тўлиғича исломлаштиришдир.

            Христиан динининг баъзи секталарига асосланган кўплаб диний экстремистик ҳаракатлар ҳам мавжуд. Айниқса, “яҳвечилар”, “пятидесятниклар”, “ташаббускор баптистлар” умуман қонуний ҳокимият ва дунёвий қонунларни тан олмайдилар. Уларнинг фикрича, гўё черков давлатдан юқори мавқедадир. Пятидесятникларнинг баъзи гуруҳлари эса ўз тобеларини ўта шафқатсизлик билан адо этиладиган ибодатларга зўрлайдилар, дунё неъматларидан воз кечиб, таркидунёчилик тарзида яшашга даъват этадилар.

            Диний экстремизм муайян кўринишда Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлди. Ислом экстремизми гуруҳи фаолияти натижасида 1997 йил декабрида Наманган шаҳрида бир неча қотилликлар юз берди. Ўтиш даврига хос иқтисодий қийинчиликлар, халқнинг диний қарашларга таъсирчанлиги ва диний урф-одатларга мойиллигидан фойдаланиб, экстремистлар очиқдан-очиқ куч билан Фарғона водийсида ижро ва суд ҳокимиятининг айрим вазифаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилдилар. 1996 йил 16 февралда Тошкент шаҳрида юз берган терактлар диний ақидапарастларнинг асл мақсади конституциявий тузумга зарба бериш ва ҳокимият тепасига келиш эканини кўрсатди. Диний экстремизмнинг Ўзбекистонга таҳдидини ақидапарастликни ёйиш орқали мавжуд давлатга ишончни йўққа чиқаришга уринишда кузатиш мумкин. Экстремистлар жамиятда эрксиз, муте, фаолиятсиз кишилар сафини орттириш, “сохта” ва “ҳақиқий” диндорлик белгилари бўйича қарама-қаршиликларни келтириб чиқаришни кўзлайдилар. Улар ўз мақсадларига эришиш учун, жангариларни тайёрлашга ҳам ҳаракат қилдилар. Ўзбекистонни Ғарбга “исломлаштирилган”, Шарққа эсааксинча, “динсиз”, “даҳрий” шаклда кўрсатиб, республиканинг халқаро обрўсига путур етказиш ниятида бўлдилар. Улар умуман ислом цивилизацияси билан ноисломий цивилизациялар ўртасида ялпи қарама-қаршиликни кучайтириш каби ёвуз режаларни тузишдан ёхуд амалга оширишдан ҳам қайтмадилар.

   Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғни сепишга хизмат қилади. Худди шу нарса жамият ва давлатни фундаментализмнинг турли кўринишлари ва даъватларини бартараф этиш йўлида кескин ҳаракат қилишга ундайди. Бундай ҳолат турли динларда юз бераётганлигини кузатиш мумкин. Христиан дини қобиғида вужудга келган фундаментализм ХХ аср бошларига тўғри келади. Бу даврга келиб, Америкада яшовчи аҳолининг протестант эътиқодига мансуб баъзи диндорлари орасида консерватив фикр юритувчилар пайдо бўлди. Улар келажакдаги тараққиётни эмас, балки ўтмиш ҳаётни, қоида ва удумларни қайтаришга ҳаракат қилишди. Аниқроқ қилиб, айтганда, Инжил черкови ортодоксал намояндалари (кальвинистлар, баптистлар) қатор христиан жамоаларини таснифлаши учун “фунтаментализм” атамаси пайдо бўлишига сабаб бўлди. Фундаментализм (“fundamentum”) лотин тилидан олинган бўлиб, “асос” деган маънони англатади. 1908 йилда АҚШнинг Калифорния штатида протестантларнинг “Христиан динининг фундаментал тушунчалари конференцияси” ҳаракати христианлик динига турли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилаётганлиги, диннинг турли трансформацияга учраши хавфи борлиги, шунинг учун диннинг пайдо бўлган давридаги илк асосларига қайтиш зарурлиги ғояси чиқди. Шу даврдан бошлаб табиий фанларни ҳамда ҳар қандай танқидни рад этган, Инжилни соф ҳолига қайтариш ҳаракати иштирокчиларига нисбатан “фундаменталист” атамасини ишлатиш русм бўлди. Кейинги даврларда мазкур атама иудаизм, ислом ва бошқа динларни тадқиқ этишда қўлланилди.

            “Фундаментализм” атамасининг пайдо бўлиши 1910-1915 йиллар АҚШда протестантлар томонидан “Фундаменталий” номли кўп жилдлик китобнинг нашр қилиниши билан боғлиқ. Мазкур нашрда табиатшунослик фанларида Библияга қарши билдирилган барча маълумотлар, барча илмий-танқидий қарашлар, шунингдек, либерал-протестантизм ҳам модернизм сингари танқид остига олинди. Протестант фундаменталистлар АҚШнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига сезиларл таъсир ўтказишган, жумладан, уларнинг таъсирида АҚШнинг 20 штатида Дарвиннинг эволюция назариясидан дарс беришни тақиқловчи қонун қабул қилинди. ХХ асрнинг 70-йилларида протестант фундаменталистлар христиан модернизациясига қарши кураш олиб боришди ва фундаменти “покланган” христиан эътиқодига қайтишни тарғиб қилишди. 1919 йилда АҚШдаги протестант пасторлар ўз махсус қўшма ташкилоти (ассоциацияси)ни тузишди. Христиан динининг радикал протестант оқими бағрида вужудга келган протестантизм унинг энг консерватив (қотиб қолган) йўналишидир. У рационализм ва эскирган диний тушунчаларни қайта кўриб чиқиш тарафдори бўлган либерал (эркин) протестантизмга қарши қаратилган эди.

            Демак, христиан фундаментализми маълум ғоялар, қадриятлар ва мақсадларга сўзсиз, кўр-кўрона эргашиш тарафдори бўлган мафкура ва сиёсатдир. Вазиятнинг бундай тус олиши туфайли кўпгина давлатлар динга бўлган муносабат меъёрларини, давлат ва диннинг жамиятда тутган ижтимоий мавқелари ва вазифаларига қараб мақомларини белгиладилар. Жумладан, айрим давлатлар – Коста-Рика, Покистон, Қатар, Эронда давлат дини ҳукмронлик мавқеига эга. Динга нисбатан бетарафлик ҳолатида бўлган дунёвий давлатлар , яъни Нигерия, Туркия, Чад ва бошқа давлатлар ҳам мавжуд. Расмий динга эга бўлмаган давлатлар-Испания, Италия, Германия кабилардир. АҚШ, Португалия, франция, Россия каби давлатларда черков давлатдан ажратилган. Шунингдек, диний-жамоавий тизим мавжуд бўлган давлат ҳам борки, бунга мисол Исроил давлатидир.

           Юқоридаги таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, фундаментализм ўзига хос феномен бўлиб, унинг моҳияти йўқолиб кетган қадриятларни, яъни барча цивилизацияларга олдиндан тааллуқли бўлган маънавий меросни қайта тиклаш ва уни барча бегона, қабул қилинган новациялардан поклаб, унга ҳақиқий кўринишини қайтаришдир. Бунда диний фундаментализмнинг мафкураси маълум бир дин онтологияси ва табиати билан, яъни диннинг илк кўриниши билан боғлиқ бўлади. Шунингдек, диний фундаментализм диний ақидаларни ўзгартиришга қарши бўлган, диний китоблар матнининг талқин ва таҳлил этилишига қарши муросасиз, ақлий омиллар асосидаги фикрлардан диний эътиқодни устун қўювчи, маълум бир тарғиботнинг юзага келиш босқичида кўрсатмалар тарғиботини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилишга қаратилган амалий ҳаракатдир. Фундаментализм анъанаси у ёки бу даражада ҳамма асосий динлар – христианлик, яҳудийлик, ислом, ҳиндуизм, буддизмга хосдир. Диний фундаменталистлар ўзларининг ижтимоий ва иқтисодий мавқеларига қарамасдан, дин жамият ва шахснинг ҳамма муаммоларини ҳал қила олади, деб ҳисоблайдилар. Диннинг асосий унсурларини замонавий сиёсий , ҳарбий, ижтимоий масалаларга татбиқ қилишга, бу билан ўз ҳаракатларининг мафкуравий мақсадларини оқлашга уринадилар. Фундаментализмнинг вужудга келиши ва кенг тарқалиши кўп жиҳатдан унинг дастури омманинг ижтимоий ва диний эҳтиёжига қаратилганидадир.

            Бундай хуружлардан хозирги даврда барчамиз огоҳ ва хушёр бўлмоғимиз лозим. Чунки хозирда Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари сабабли, бизнинг ватанимиздек тинч ва осуда диёр ҳеч қаерда топилмаслиги аниқ. Аллоҳ таъоло тинчлигимизни ўзи бардавом айласин.

                                                                                              Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди

имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *