ЭРКАКНИНГ ОИЛАДАГИ ЎРНИ

Оила инсоният яратилгандан бошлаб давом этиб келаётган инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва ҳар қандай шароитда жамиятнинг асосий бўғими ҳисобланган. Шунинг учун инсоният тарихининг барча босқичларида Аллох таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Шунингдек Аллоҳ таоло инсонларга  ахлоқий бузуқлик қилишдан тўсадиган энг асосий омиллар қаторида никоҳланишни буюрган.

Мусулмон жамиятда вояга етган ўғил фарзандларни эътибордан четда қолдирмай, уларни ўз вақтида никохга жалб қилишга шошилишлари Қуръони каримда таъкидланган. Шунинг учун динимизда оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, ҳуқуқлари, фарзанд тарбияси аъзолари ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир.

Албатта, оила инсонларнинг бахту саодатини таъминловчи қўрғондир, шунинг учун жамиятнинг бир бўлаги бўлган оилада эр раҳбар ҳисобланади.

Ҳақиқатда Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф харажатлар ҳам эркак кишининг зиммасидадир. Шундай экан у оиланинг ҳар тамонлама мустаҳкам бўлиши учун масъулдир.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳеч бир ишга бехикмат буюрмайди. Шунинг учун эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлишдек вазифани юклаб унга ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилганидек адо этишга буюриши билан оилаларнинг бахтли бўлишларига йўл кўрсатади. Шунинг учун ҳар бир эр оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун ўзининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб бориши лозим.

Эрнинг ўз оилалари (яъни аёллари) олдиларида жисмоний ва молиявий бурчлари ҳам мавжудки ислом шариати ўзининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавияда ушбу бурчларни муфассал баён қилиб берган. Жумладан, Аллоҳ таоло эркакларга хитоб қилиб: “Улар билан тотув турмуш кечиринглар” деган.(Нисо 19).

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эрларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Сизларнинг ичларингиздаги энг яхшиларингиз бу ўз аҳли-аёлларига яхши муносабатда бўлганларингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан яхшироқ муносабатдаман”.

Ислом дини эркакларнинг мартабасини оилага бошчилик қилишдек шарафли ўринга кўтарган экан, ўз навбатида унга маълум вазифаларни бажаришдек шарафли масъулиятни ҳам юклайди. Бу ҳақда Росулуллох С.А.Вдан саҳобийлар ҳар биримиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат деб сўршганларида: “Ўзингиз еганингиздан едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслигингиз, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслигингиз, уришиб қолган тақдирингизда ҳам уй ичида гаплашмай юришингиз мумкин”- деб жавоб берганлар.

Албатта, “ҳар тўкисда бир айб” деганларидек инсон зоти айбу нуқсонлардан холи эмас. Шундоқ экан, бизнинг олижаноб динимиз эркакларни ўз аёлларининг баъзи айбларидан кўз юмишга буюриб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилишни тавсия қилади.

 

  М.Маҳмудов

“ Ҳазорасп тумани  Султон Санжар Мозий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *