ИСЛОМ ДИНИ МАНБАЛАРИНИНГ ТАРБИЯВИЙ АҲАМИЯТИ

 Ислом динининг манбалари «Қуръон» ва «Ҳадис» ларда «илоҳиёт, диний масалалар билан бирга ўз даврининг ахлоқий ва сиёсий анъаналари, инсонпарварлиги, инсонларни қовуштирувчи, улар ўртасида зиддият, низоларнинг олдини олувчи, адолат ўрнатишга қаратилган ахлоқий фикрлар ҳам кенг ўрин олган». Дарҳақиқат Ислом дини маърифатпарварлик ва юксак ахлоқийлик ғояларини илгари суриш билан ажралиб туради. «Қуръон» ва «Ҳадис» ларда илгари сурилган ахлоқий қарашлар инсон маънавий-ахлоқий тарбиясида энг таъсирчан, энг бақувват халқа, усиз жамият, халқ, инсон маънавиятини тасаввур қилиш мумкин эмас. Айтиш жоизки «Қуръон» нинг ҳар бир ояти, «Ҳадис»ларнинг ҳар бир нақли мўмин-мусулмонларнинг ахлоқ-одоб сифатларини ёритишга, уларнинг ўзига хос гўзал қирраларини очиб беришга ва шу руҳда тарбия топишга йўналтирилган. Уларда ҳар бир инсонни инсонпарвар, ватанпарвар, адолатли, маърифатли, маънавиятли, юксак ахлоқ-одоб соҳиби, бунёдкор, яқинларга ғамхўр бўлиши такрор ва такрор уқтирилади. Қуръони карим, ҳадислар ва шариат кўрсатмалари инсон маънавий-маърифий камолотининг асоси бўлган ахлоқ-одоб тарбиясининг барча қирраларини ўз ичига олган. Сирасини айтганда, ҳадислар маънавий-ахлоқий тарбияга оид бўлган фикрларнинг мукаммал тўпламидир. Қуръони карим, ҳадисларни, шариат кўрсатмаларини ўрганар эканмиз, уларда ахлоқий камолот, ҳалоллик ва поклик, имон ва виждон билан боғлиқ бўлган бирорта ҳам муҳим масала эътибордан четда қолмаганини кўрамиз.

Исломда, хусусан Қуръони карим ва ҳадисларда ота-онага меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик, фарзанд тарбияси ва оилага садоқат масалаларига алоҳида эътибор берилган. Кишиларни яхшилик қилиш, савоб ишларга қўл уриш, инсофли-диёнатли, виждонли бўлиш, меҳр-шафқатлилик, тўғрилик, ростгўйлик, софдил бўлиш, биродарга ёрдам бериш, камтарликка чақириш ғоялари илгари сурилган.

Ҳадисларда ахлоқий камолот ҳақида айтилган баъзи фикрлар бунинг яққол тасдиғидир:

— Мунофиқлик белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга ҳиёнат қилишдир;

— Ҳаққингизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг;

— Ўзимдан кейин қоладиган умматларим учун уч нарсадан қўрқаман:

  1. Нафсу ҳавога берилиб, йўлдан озишдан;
  2. Нафсоний ва шаҳвоний ҳиссиётга берилиб кетишдан;
  3. Илму маърифатга эга бўла туриб, ғофилларнинг ишини тутишдан;

— Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат билинг;

Ўлимдан аввал тирикликни, бетобликдан аввал саломатликни, бўш вақтдан аввал бандликни, кексаликдан аввал ёшликни, фақирликдан аввал бойликни;

Шарқда, хусусан, бизнинг миллий маънавиятимизда ота-онани беҳурмат қилиш у ёқда турсин, ҳатто юзига тик қараш, гап қайтариш ҳам гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда биз учун ибрат бўларли ҳадислар мавжуд: «Кимки ота-онасининг розилигини олган бўлса, тангри унинг умрини узайтиради»; «Отага итоат қилиш – тангрига итоат қилишдир. Унинг олдида гуноҳ қилиш тангри олдида гуноҳкор бўлиш билан баробардир»; «Ота-оналарнинг кексалик вақтида ҳар иккисини ёки бири бўлмаганда бошқасини рози қилиб, жаннатий бўлиб олмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин»;

Мусулмон шарқида аёлларга ҳурмат ва эътибор ҳам муқаддас китобларда ўз ифодасини топган. «Жаннат онанинг оёқ оститадир» ҳадиси жуда теран мазмунга эга бўлиб, аёл зоти жаннат тушунчасидан ҳам юқори қўйилган.

Ислом ахлоқий қарашларида ҳар бир кишининг ўз меҳнати, касб-ҳунари билан яшашга ҳам қонун қилиб қўйилган. Пайғамбаримиз: «Меҳнат қилишдан уялманг, меҳнат қилиш – ибодат қилишга баробар», дейдилар.

Қуръони карим ва хадислар одамзот ақл-идрокини муҳофаза қилиши билан ҳам катта тарбиявий аҳамият касб этади. Чунончи одамзот боласига ароқ, наша, опий каби зарарли гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмасликка ундаб туради. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида, «Кайф қилдирувчи нарса – ҳамр. Ҳар қандай ҳамр ҳаромдир», — деган экан.

Ислом хозирги даврнинг глобал муоммасига айланиб бораётган инсонларнинг наслини соғлом сақлашга чорлайди, шаҳвониятга, зинокорликка ва у орқали спидга мубтало бўлишини қоралайди. Зинокорлик катта гуноҳлардан бири эканлигини қайта-қайта уқтиради. Чунки бундай кўнгилсиз ҳатти-ҳаракатлар инсон фарзандлари ирсиятида жиддий нуқсонлар пайдо бўлиши, ҳатто зурриётни баҳтиқаро қилиши мумкин.

Қуръони карим ва ҳадисларнинг тарбиявий аҳамияти инсонларни илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлишга чақиришида ҳам намоён бўлади. Бешикдан то қабргача илм излаш лозимлигини қайд этилишининг ўзи катта тарбиявий ахамиятга эга. Ҳадислардаги «Садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишдир»; «Илм ибодатдан афзалдир»; «Илму ҳунарни Хитойдан бўлса ҳам бориб ўрганинглар» каби ҳар бир кишини маърифатга чордловчи сўзларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Ислом кишиларни фақат диний билимларнигина эмас, балки шу билан бирга дунёвий илмларни ҳам чуқур эгаллашга чақириши билан ҳам аҳамиятлидир. Дин руҳиятимиз тарбиячиси, илм-дунёни ва охиратни билиш қуроли, инсон унисини ҳам, бунисини ҳам эгалламоғи керак. Ҳар икки илмни эгаллаган киши икки дунёсини обод қилади.

Яқин ўтмишнинг ёмон асоратларидан бири шуки, собиқ шўро тузумида дунёвий илм ва диний-фалсафий таълимот бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Улар бир-бирини инкор этадиган ходисалар тарзида талқин этилди. Диний тафаккур дунёвий илм ривожига монелик кўрсатадиган чиркин бидъат сифатида қораланди. Ваҳоланки, биз шуни англашимиз лозимки: «Дунёвий ва диний ғоялар бир-бирин бойитиб борган шароитда тараққиёт юксак босқичга кўтарилади. Бунга башарият тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий ва Мусо Хоразмий, Имом Мотуридий ва Абу Райҳон Беруний, Имом Ғаззолий ва Ибн Сино, Имом Термизий ва Абу Наср Фаробий сингари буюк заковат соҳиблари яшаб фаолият кўрсатган даврлар ёрқин мисол бўла олади

Ислом томонидан асрлар давомида ишлаб чиқилган ахлоқий-маърифий қадриятлар янгиланиш жараёнига хизмат қилмоқда. Зеро, бу қадриятлар доимий равишда одамларда, жумладан ёшларимизда яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонлардан халос бўлишга чорлайди. Диний ва дунёвий илмларни чуқур ва пухта эгаллаш ўз навбатида кишилар, халқлар, мамлакатлар ҳаётига катта ҳавф солаётган ислом ниқобидаги турли экстремистик оқимларга нисбатан мафкуравий-илмий иммунитет хосил қилиш, халқаро тероризмга қарши курашишга ёрдам беради.

 

                                                                                  М.Муҳаммадзариф ўғли

                                                                      Урганч туман  бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *