ШУ АЗИЗ ВАТАН БАРЧАМИЗНИКИ

Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини, унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Албатта, бу Аллоҳ таолога ҳуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, — деганлар (Имом Термизий ривояти).

Истиқлол туфайли мамлакатда ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий-диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Рўза хайити (Ийдул-фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийдул-адҳа)ларнинг биринчи кунлари дам олиш кунлари деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

         Мустақиллик йилларимизда мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг  дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар турганига гувоҳ бўламиз.

Бинобарин, бундай ёндошув мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган. Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрона муносабатига жавобан, биз ҳам, ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғибот олиб бормоғимиз, турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳ инсонларни ўлдириш ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етқазмоғимиз лозим. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди”, — деганлар.

Халқимизнинг энг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир.  Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “ер юзида бузғунчиликка” йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат. Яна бир хадису шарифда айтилганидек, “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар”. Дарҳақиқат, қўпорувчи кучларнинг фитналарига учиш, қизиққонлик ва жоҳиллик оқибатида азиз юртимизнинг тинч-осуда ва гўзал ҳаёти, мусаффо осмонини бир лахзада йўқотиш, оилаларга ўлимдай мусибат келтирувчи офатга дуч келиш мумкинлигини асло унутмаслигимиз даркор.

Ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш, камолотга етишиш бирданига бўлиб қолмайди. Бунинг учун фарзандларимизни сабр-бардошли бўлишга, илм йўлларини осонлаштиришга, илм олишга қизиқтириш, рағбатлантириш томонларига ҳам катта аҳамият беришимиз даркор. Албатта, юртимизда бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.