ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Дин инсонларни эзгу ғоя ва эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи омилдир.
У мусаффолик манбаи, диллар сокинлигидир. Дунёда турли-туман халқлар яшар экан, уларнинг эътиқодлари ҳам ўзига хослик касб этади. Шу билан бирга, уларнинг барчаси фақат эзгуликни тарғиб қилади. Зеро, уларнинг вужудга келишига ҳам ёвузликни инкор қилиш, бунёдкор ғоялар рўёбига эришиш сабаб бўлган.

Диннинг жамиятда бажарадиган ижтимоий, маънавий, руҳий вазифалари мавжуд. Диний бағрикенглик эса турли эътиқоддаги кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади.

Диний бағрикенглик икки кўринишда талқин қилинади: биринчиси, ташқи кўринишдаги бағрикенглик бўлиб, ўзгаларнинг диний эътиқодини инкор этмаслик, унга қарши курашмасликдир. Иккинчиси, ички ижобий бағрикенглик бўлиб, муайян диний эътиқодда мустаҳкам бўлган ҳолда бошқа диний қадриятларни ҳам яхши билиш бўлиб, уларга нисбатан ҳурмат билан ёндошиш ҳисобланади.

Айниқса, бизнинг муқаддас Ислом динимизда диний бағрикенглик масаласига алоҳида урғу берилади. Хусусан, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифалар Аллоҳнинг ҳузуридан эканига бирдек иймон келтириши лозим. Бу борада Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида бундай марҳамат қилади:

“Айтингиз: “Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодига нозил қилинган нарсага, Мусо ва Ийсога ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз” (136 -оят).

Исломда мусулмонларга  бошқа дин вакилларига яхши муомала қилиш буюрилган. Улар билан бўладиган алоқалар Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида бўлиши таъкидланган.

Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса, ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса, ёки ундан ўз розилигисиз бирор нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, – дедилар. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Набий алайҳиссалом Мадинаи Мунавварага борганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Бу ҳол биз умматлар учун диний бағрикенглик борасида ажойиб бир ибрат, кўрсатмадир.

Диний бағрикенглик ҳамиша турли эътиқодларнинг бир замон ва бир маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларга эътиқод қилувчилар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида, юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига ҳисса қўшган.

Бугун юртимизда виждон эркинлиги том маънода таъминланган. Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бинобарин, чин маънодаги тараққиёт, ҳақиқий тинчлик фақат мана шу юртда истиқомат қилаётган барча фуқароларнинг диний ва миллий қадриятлари уйғун бўлган ҳолдагина амалга ошади.

 

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий

масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.