ИНСОН ЎЗ ВАТАНИГА ҲЕЧ ҚАЧОН ҲИЁНАТ ҚИЛИНМАЙДИ

Муқаддас ислом динимиз Ватанни ҳимоя қилишга чақиради. Ватан муқаддас даргоҳ, Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздур. Пайғамбаримиздан ривоят қилинган хадисда “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир” деганлар. Хадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётиниг мазмунидир.

Шариатимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб хисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Ватан ҳеч қачон сотилмайди, унга ҳиёнат ҳам қилинмайди. Бундай ҳиёнатни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. ХХI аср инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гурухлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниш, қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар, мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз харакатларини оммавий шаклда этолмаётгани жиҳатидан ахолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида “Террор” йўли танланмоқда.

“Ислом” ва “Террор” сўзларини бирикма-ибора шаклида ифода этиш, уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам.

Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш дея баҳолайди. Аллох таъоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир.Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”. Ҳозирда “Террор” деб аталаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ” деб белгилаб қўйилган.

“Террор” ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч ахоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган.Ушбу масадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши  террорчилик харакатлари ислом ва иймон тақазосидан узоқ харакат эканини кўради.Зеро мустақил юртимизга кўз олайтираётган бузғунчи ақидапараст оқимларнинг хам асл мақсадлари тинчлигимизни кўролмаслик, мавжуд конституцион тузумни ағдариш, юртимиз бойликларига эга чиқиш, халқимизни ўз мақсадлари асосида бошқаришдан иборат.Юртимизда диний экстремистик оқимларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда, аммо бузғунчи кучлар ўз ғояларини ёшларимиз онгига сингдириш мақсадида чет элларда ноқонуний ишлаш учун юрган юртдошларимиз,яъни ноқонуний мигрантлардан унумли фойдаланмоқдалар.Хаттоки уларни қонли урушлар бўлаётган Сурия,Ироқ худудларига яширин йўллар билан ўтказиб юбораётган холатлар кузатилмоқда.

Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси 56-оятида “Ерни (Аллох хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллохга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллохнинг рахмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” дейилган. Юртимизда ёшларимизнинг илм олишлари, ишлашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Агар улар чет элларга қонуний йўл билан ўқиш ёки ишлашга борадиган бўлсалар, уларнинг барча ҳуқуқлари хукуматимиз томонидан кафолатланган.

Аллох таъоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини бардавом қилсин.Фарзандларимизни ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурч ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган комил инсон бўлиб етишишларида Аллох таъоло ўзи мададкор бўлсин!

 

Б.Атаниязов

Боғот тумани “Ғоиб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.