ИНСОННИ АЛЛОҲ МУКАРРАМ ҚИЛИБ ЯРАТГАН

Ислом дини насаби, ирқи, бойлиги ва жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, барча инсонларга тенглик, ҳурликни кафолатлаган ягона эътиқодий таълимотдир. Динимиз илк кунлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни жамият ҳаётидаги етук фазилатга, ҳатто ибодат даражасига кўтарди.

Ислом таълимоти инсонларни тўла-тўкис, озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган қудсий ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўламан. Менинг номим билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, озод одамни қул деб сотиб, пулини еган одамнинг ва мардикорни ишлатиб, пулини бермаган одамнинг”, деб огоҳлантирган.

Мустабид тузум барҳам топиб, мамлакатимиз мустақил бўлгач, ҳар бир инсон ҳалол меҳнат қилиб ҳаёт кечириш учун ҳаракат қилмоқда. Минг афсус, айрим кимсалар жон койитмай, осонгина мўмай даромад топиш йўлларини излай бошлашди. Улар бу йўлда ҳар қандай қабиҳликка тайёр. Шулардан бири одам савдоси билан шуғулланувчилардир.

Аллохга беаъдад шукрлар бўлсинки, бугун Ватанимиз мустақил. Озод ва эркин юрт фуқароларимиз,  эркимиз ўз қўлимизда. Хоҳлаган мамлакатга бориб ишлаш имкониятига эгамиз. Бунинг учун етарлича қонун-қоидалар, мутасадди идоралар бор. Уларга мурожаат этсак, бас. Аммо айримлар ноқонуний йўллар билан ўзга юртларга бориб, жонларини хатарга қўймоқда. Борган жойларида меҳнат қилиб ҳақини ололмаётган, касал бўлиб қолиб, даволанишга пул ахтараётган, ҳатто уйига қайтиш учун йўлкирага пул тополмаётганлар қанча?!

Чет элга ишлагани бормоқчи бўлган айрим юртдошларимиз одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган нопок кимсаларнинг тўрига илиниб қолаётгани ачинарли ҳол. Бир юртдан бўлиб, ўз ватандошини қўлламаса, ёрдамга муҳтож миллатдошини қийин аҳволдан қутқариш ўрнига чоҳга итарса, бундай кимсаларни ким деб аташ лозим? Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларини ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Одам савдоси эса инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказади, уни турли хўрлик, надомат  ва камситишларга дучор этади. Одам савдоси деб аталмиш ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш  каби қабиҳ қилмишлар мужассамдир.

Ислом дини одам савдосини қаттиқ қоралайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бизни алдаса, биздан эмас. Макр-ҳийла, алдов соҳиби дўзахийдир”, деганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, доимо огоҳ бўлайлик, токи ҳеч қандай ёвуз куч юртимизнинг, юртдошларимиз ҳамда миллатдошларимизнинг тинчлик-осоишталикда кечаётган ҳаётларига раҳна солмасин!

М.Қозоқов

Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор вали” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *