ЭНГ ҚАДРЛИ НЕЪМАТ

Дунё оламида мавжуд бўлган ҳар бир тирик мавжудот фаровонлиги учун керак бўлган энг асосий омиллардан бири бу тинчликдир. Чунки тинчлик туфайли фақатгина инсонлар эмас, балки табиатдаги барча тирик мавжудотларнинг барҳаётлиги таъминланиб боради. Ислом динимизнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръон каримда тинчлик ва ҳотиржамликка катта эътибор қаратилиб, бу маънодаги кўплар оятлар келган. Динимизнинг энг олий ва асосий мақсадларидан бири ҳам тинчлик ва омонликдир. Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83-оят) деб, тинчлик ва ҳотиржамлик тўғрисида марҳамат қилади.

Инсон ўзининг табиатидан келиб чиқиб, ўзига берилган неъматларни доимий узлуксиз деб ўйлаб, унинг шукрини адо қилиш ўрнига неъмат берувчининг белгилаб берган чегараларини инсофсизларча бузиши, унинг қадрига етмаслиги сабабидан мазкур неъматлар ундан олиниб, унга бу неъматлар қаердан ва ким томонидан эканлигини яна бир бор эсалатиб қўйиш учун неъматларнинг зидди, яъни балолар берилади.

Сир эмас тинчликдек буюк неъмат бугунги кунда дунёнинг барча жойида ҳам топилавермайди. Эрталаб уйғонганида кечгача етиб боришига ишончи йўқ, ота-она ва қариндош уруғларидан кўпчилигини йўқотган, шаҳрида мингбир фитналар шамоли эсиб, бомбалар ёмғири ёғаётган, асосий дарди ширин жонини асрашгина бўлиб қолган, ёш бегуноҳ гўдакларнинг қонлари кўчаларни бўяган, уйи кул тепага айланиб боришга жойи қолмаган инсонларнинг борлиги бизни ҳар доим ҳушёрлик сари ундаб, жаннатмакон юртимиздаги тинчликнинг қадрига етмоғимиз ва уни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз зарурлигини эслатиб туради.

Чунки юртимиз бу улуғ неъматга эришгунга қадар не-не мард ўғлонларини қурбон қилган, қанчалаб оналар фарзанд доғида куйган яна қанчалаб маъсум гўдаклар етим қолган.

Бугунги кунда дунё миқёсида ҳамон нотинчлик кузатилмоқда. Сиёсий курашлардан тортиб, терроризм, экстремизм, наркобизнес, қурол-яроғ савдоси каби иллатлар дунё тинчлиги ва барқарорлигига, халқларнинг тинч-тотув яшашига таҳдид қилмоқда. Қўшни Афғонистон, Яқин Шарқ, араб мамлакатлари ва ер юзининг бошқа нуқталаридаги тўқнашувлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар тарқатилмоқда.  Бу нотинчликлар бизни доим сергак бўлишга, дунёда бўлаётган воқеа ва ходисалардан керакли хулосаларни чиқаришга, нотинчлик келтирувчи омиллардан огоҳ бўлишга чорлайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бу натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Жаннатмакон юртимиз мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва ҳотиржамлик ётади. Бу тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса, шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки, менинг бурч, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим

Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гуруҳ ва тоифаларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди.

Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаровонлик тилашмайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир.

 

 

 

И.Жуманиязов

Урганч тумани “Қарри бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *