БЕҲУДА ҚАСАМ ИЧИШДАН САҚЛАНИНГ

Одамлар орасида қасам ҳақида турли гап- сўзларни эшитиб келганмиз. Уларнинг кўпларини тушуниб етмаганмиз. Тушуниб етиш учун нима қилишни ҳам билмаганмиз. Масалани ҳал қилиш учун восита ҳам топа олмаганмиз. Баъзи бир кишилар маълум маънода қасам ичиб қўйса, ўлса ўлади-ю, аммо қасамидан қайтиши гўёки мумкин эмас. Айни шу тушунча туфайли анчагина ноқулайликлар келиб чиққани ҳам сир эмас. Агар бу масаланинг шаръий ҳукмини тўғри ва аниқ билганимизда, мазкур ноқулайликлар ўз вақтида бартараф қилинган ва ўзимиз қийналмаган бўлар эдик.

 Бизнинг тилимиздаги «қасам» ва «онт» сўзлари ўрнига араб тилида «қасам», «ҳалиф» ва «ямин» сўзлари ишлатилади. «Ямин»ни шаръий истилоҳда қуйидагича таъриф қилинади: «Аллоҳ таолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила –эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилиш яминдир».

Бу борада Аллоҳ таоло: «Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у худди сиз нутқ қилаётган нарсадек ҳақдир», деган (Зорият, 23).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзи қасам ила бандаларига ваъда қилган ризқи худди бандалари нутқ қилиб турган гапларидек ҳақ эканини таъкидламоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади, бу Ўзининг иши. Лекин бандалар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишга ҳақлари йўқ.

Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ворид бўлган: «Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан ичсин, бўлмаса, жим турсин», деган ҳадиси шариф бор.

Агар киши бир нарсани қиламан ёки қилмайман, деб қасам ичса, ўша ишни бажармоғи вожиб, агар бажара олмаса, каффорат тўлайди. Яхшиси, ҳар нарсага Аллоҳ таолонинг номини ишлатиб, қасам ичавермаслик маъқул. Бу ҳам бизларга ибрат бўлиши керак, Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа нарса ила ҳеч қачон қасам ичмаслигимиз лозим. Ибн Умар (р.а)дан ривоят қилинади: «Набий (с.а.в) Умарнинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра уларга: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса, жим турсин», деб нидо қилдилар. Умар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қайтарганларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичдим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини тилимга олдим», деди».

Ҳар бир нарсада ота-бобоси ила фахрланишга одатланиб қолган жоҳилий кишилар улуғлаш ва эъзозлаш мақоми бўлмиш қасам ичишда ҳам Аллоҳнинг ўрнига ота-боболарини ўртага қўядилар, ёки нон ҳаққи, туз ҳаққи, пирли жой, ҳазрати Довуд, авлиё урсин каби куфр ва ширкка олиб келадиган иборалар билан қасам ичадилар.

Қарангки, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларидан кейин ўзлари тугул, бошқа бировлар ота-бобоси ила қасам ичиб гапирган гапларини ҳам тилларига олмаганлар. Шунинг учун ҳам ўша бахтли авлод мусулмонлари нажот топганлар, улкан муваффақиятларга эришганлар, бутун дунёда етакчи халқ бўлганлар. Агар улар ҳам бизга ўхшаб, оят ва ҳадисларни ўқиб, эшитиб қўйиб, ўз билганларини қилаверганларида, мазкур улкан натижаларга эриша олмас эдилар. Агар бизлар ҳам буюк натижаларга эришишни, дунёнинг пешқадам халқи бўлишни истасак, улуғ аждодларимиздан ўрнак олиб, худди ўша азизларимиз каби амал қилмоғимиз лозим.

Мусулмон инсон учун Аллоҳдан улуғ ҳеч қандай Зот йўқ. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон қасам ичмоғи лозим бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билангина қасам ичиши мумкин. Бундан бошқача қасам ичган одам гуноҳкор бўлади. Чунки, у қасам ичиши орқали Аллоҳни қўйиб ўзгани улуғлаган бўлади. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким қасам ичса-ю, ўз қасамида «Лот ила қасам», «Узза ила қасам», деса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу», десин. Ким ўз соҳибига «Кел, сен ила қимор ўйнайман», деса, садақа қилсин», дедилар».

 Лот ва Узза араб мушрикларининг катта бутларидан иккитасининг номи бўлиб, мушриклар асосан, ушбу икки бут номи ила қасам ичар эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг ушбу ҳадиси шарифлари ила бу нотўғри ишга чек қўйдилар. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо биров мазкурга ўхшаш ботил қасамни эътиқод ила айтса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб иймонини янгилаши лозим бўлади. Шунингдек, баъзи бир кишилар мусулмон инсонга тўғри келмайдиган бошқа ибораларни, мисол учун, ўз биродарига «Кел, сен ила қимор ўйнайман», деб юбориши ҳам мумкин. Унда гуноҳни ювиш учун садақа беришларига тўғри келади. Яна бир ҳадисда Набий (с.а.в): «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш, худди уни қатл этган кабидир. Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир», дедилар. (Бешовлари ривоят қилишган).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган масалани зикр қилмоқдалар:

  1. 1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».

Масалан, ким, агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай, деса, яҳудий бўлади. Ёки агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай, деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.

  1. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади». Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек гуноҳкор бўлади. Чунки, жонни унга Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандоқ қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб қайта-қайта ўлдириб туради.
  2. 3. «Мўминни лаънатлаш худди уни қатл этган кабидир».

Лаънатнинг луғавий маъноси Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишдир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса, Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъматдир, раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса, мўминни қатл этгандан бадтардир.

  1. «Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир». Кофирлик ҳар бир мўмин одам учун дунёдаги энг катта бадбахтликдир. Иймон ҳаловатини татиб кўрган инсон учун кофирликка қайтиш ўлимдан ҳам оғир мусибатдир. Шунинг учун ҳам мўмин инсонни кофирга чиқарган, фалончи кофир, пистончи куфр кетди, каби гапларни айтган одам худди ўша мўминни ўлдирган каби иш қилган бўлади. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ичимизда дарди-ҳасрати, қиладиган машғулоти мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш бўлиб қолганларимиз ҳам бор. Улар ўзларига одамларнинг кофир-мўминлигини ажратувчи тафтишчи сифатини бериб олганлар. Ана ўша кишилар мўмин-мусулмонлар орасида турли гаплар чиқишига, ҳар хил фитна-фасод қўзғалишига, орага совуқчилик тушишига ва бошқа кўпгина муаммоларга сабаб бўладилар. Ана шундай «фатвочи» лар ўзларининг бу қилаётган ишлари динимиз таълимотларига мутлақо зид эканини тушуниб етмоқлари ва мазкур қабиҳ одатларини ташламоқлари лозим.

Шунингдек, бўлар бўлмасга қасам ичаверишдан ва Аллоҳни қўйиб бошқа нарсалар билан қасам ичишдан сақланишимиз ниҳоятда зарурдир!

 

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *