Ёшларимиз миллат келажаги! Уларни этиборсиз  қолдириш ўз-ўзига хиёнатдир

 Маълумки, ҳар бир ота-она фарзандини баркамол бўлиб вояга етишини чин дилдан хоҳлайди ва бу борада барча машаққат ва қийинчиликларни бартараф этиш учун ҳаётини бахш этади. Фарзандларини соғлом бўлиб ўсишига, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият қаратади, уларни, келажакни кўрадиган солиҳ инсонлар бўлиб вояга етиши учун бор куч ва ҳаракатларни сарф қилишади. Зеро, ёшлар юртнинг келажагидир. Келажак тўғрисида қайғурмаслик, келажак уммат тўғрисида ўйламаслик юртнинг келажагига бепарво бўлишликдир.

Ҳар бир жамиятнинг фуқароси шу жамиятнинг келажаги тўғрисида эътибор беришлиги, аҳамият беришлиги, бу жамиятнинг келажагини ўйлашлиги лозимдир. Бас, бу тарбияга жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси ўзининг улкан ҳиссасини қўшишлиги, бундан четда қолмасдан, бу улуғ ишда қўлларидан келганча ҳаракат қилмоқлари лозим бўлади.

Динимиз келажак ёшларимиз тўғрисида жуда катта эътибор ва аҳамият берган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъало ўзининг каломида “Эй имон келтирган бандалар, ўзларингизни ва аҳилларингизни оловдан сақланг” деб буюрган. (тахрим, 6)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  муборак сўзларида, Ёшлар кўпроқ эътибор, кўпроқ аҳамиятга ҳақли эканликлари баён қилинади. Чунки, ёшлар қалбларининг ҳукмига таъсирчан бўладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Сизларга, ёшларингиз ҳақида яхшилик қилишни васият қиламан”— дедилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига бўлган васиятидир.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир”, дедилар. Термизий ривояти.

Кўпчилик кишилар савоб умидида пешона териси билан топган маблағини хайри-эҳсон, садақа қилишади. Баъзида бу сарф-харажатлар фарзандлар ҳисобидан бўлиши ҳам мумкин. Яъни, уларга ишлатилиши керак бўлган маблағлар савоб умидида хайри-эҳсонга сарфланади.

Аслида эса, боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобига тенгдир. Ота-она фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ёзилиб туради.

Айюб ибн Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дедилар. Термизий ривояти.

Ислом дини бола тарбиясига у ҳали дунёга келмасдан олдин, оила қуришга тайёргарлик кўриш пайтидан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгандан сўнг одоб ва ахлоқ муомиласига янада эътибор кучаяди. Оилада ота ва онадаги ҳар-бир ҳислат, у хоҳ мақталадиган бўлсин, ёки ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Зеро, фарзандлар маънавий соғлом бола бўлиб ўсиши учун ота-она ўртасида гўзал одоб бўлиши шарт!

Хозирги кунда  ёшлар тарбияси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда мустақиллигимиз шарофати билан оилада ва таълим ўчоқларида фарзандларимизнинг мурғак қалбларига одоб-ахлоқ, иффату-ҳаё каби тушунчалар билан ҳамоҳанг тарзда сингдириб борилмоқда. Шунга қарамасдан бугунги таҳликали замонда фарзандларимиз онгини турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш энг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. Чунки хозирги ўта глобал замонда, турли бузғунчи ғояларга асосланган фирқа ва гуруҳларнинг асосий мақсадлари ёшлар онгини заҳарлаб, ўз домига тортишдан иборат. Бундан мурод эса, ҳар доим жамиятнинг энг кўзга кўринган қатлами бўлиб келган ёшларни бузғунчи ғоялар шамоли чирмаб ўтиб, ҳаракатга келтириб, ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишдан иборатдир.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея такидлайдилар.

 Бу борада президентимиз ёшлар дунёқарашини шакиллантиришда мафкура масалалалрига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зотан, ёшларни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, ёт мафкуралар, ҳуружлардан асраш, уларда турли ғоявий таҳдидларга қарши кўникмаларни шакиллантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан саналади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, доимо маънавий озуқа керак. Агар шу озуқани ўзи яшаётган муҳитдан топа олмаса, бундай озуқани у аста-секин бошқа ёқдан излай бошлайди” дея таъкидлайди.

Бу ўринда  давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, ёшларимиз ҳаётининг барча жабҳаларини, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳатлар униб-ўсиб келаётган ёшларга давлатимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Ўз навбатида давлатимиз раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган имкониятлар эса, эртанги кунимизни ўз қўлларимиз билан қурамиз деган мустақил фикрга эга бўлган баркамол ёшларни шакллантиришга туртки бўлмоқда. Албатта, эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз ана шундай ёшлар қўлида. Зеро, ёшлар таълим-тарбиясига тикилган сармоя келажакка тикилган сармоядир. Янги давлатни барпо қилиш осон бўлмагани сингари, унинг порлоқ келажагини шакиллантириш ҳам енгил бўлмайди. Бунинг учун куч, ғайрат, шижоатимизни аямаган ҳолда илм ва маърифатли ёшларни тарбияламоғимиз лозим.

Бугун Ўзбекистон ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан бутун дунёни ҳайратга сола бошладилар. Бунинг замирида давлатимиз раҳнамолигида ёшларга оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кегн жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан” дейди доно халимиз. Шундай экан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.

А.Матяқубов

Урганч шахар “Кўзли ота” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *