ИСЛОМДА ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК  МАСАЛАЛАРИ

 Аллоҳ таоло бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва буни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири деб зикр этган. Илоҳий мезоннинг асоси бўлмиш Қуръони каримда  миллатлараро муносабат, бағрикенглик хақида Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасининг 13-оятида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор  зотдир”, дейди.

       Аллоҳ таоло “Эй одамлар” деб бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – демоқда, яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик. Мақсад бир-бирларингиз билан ўзаро танишишларингиз учун. Аллоҳ таола бу оятда бир-бирингиз билан ўзаро уришишингиз, ер, бойлик, мол-дунё талашишингиз, кучингизни бир-бирингизга кўрсатиб қўйишингиз, фахрланишингиз ёки мақтанишингиз учун демади. Бугунги кунда мен яхши сен ёмон, мен тўғри эътиқоддаман сен нотўғри эътиқоддасан, мен ҳақиқий мусулмонман сен мусулмон эмассан, деб бир-бирини қонини тўкаётган инсонлар аслида бир ота-онадан тарқалган инсонлардир. Энди мусумон инсон шундай бўлиши керакки унинг тилидан ва қўлидан бошқа инсонлар азият чекмаслиги керак.  Мусулмон   кишилар бошқа дин, бошқа миллат вакилларига қандай муносабатда бўлишлари, бағрикенглик, мулойимлик, сабр ва чидамлилик асосида муомала қилишлари кераклиги уқтирилади. Агар бутун инсоният миллатлараро бағрикенглик тамойилига  риоя қилсалар халқлар ўртасида тинчлик, осойишталик, бахту саодат ҳукм сурган бўлар эди.

Бағрикенглик тамойили ҳадисларда ҳам ўз аксини топган. Пайғамбар алайҳиссалом ўзга дин ва бошқа миллат вакилларига қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида кўплаб ҳадислар айтганлар ҳамда ҳаётда  ўзлари амалий кўрсатиб берганлар. Мавзуга доир баъзи ҳадисларни кўриб чиқамиз: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анқудан ривоят қилган ҳадисда бундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди». Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро,  динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз– Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар  бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини  англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

 

 

 Ш.Қўчқаров

Ҳазорасп  тумани “Олти аълам бобо” масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *