ТЎЙ ВА МАЪРАКА МАРОСИМЛАРНИ ИХЧАМЛИ ТАРЗДА

 ЎТКАЗАЙЛИК

Мамлакатимизда  ҳукм сураётган тинчлик, осоишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шундай тинчлик замонида яшаётганимизга Яратганга шукроналар айтиб, тўйларимиз ва маърака маросимларимизни меъёрида, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказишимиз керак.

“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

            Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло ўз Каломида:

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).

Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Шу муносабат билан исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида, жорий йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги тегишли Қарори асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан ҳам кенг жамоатчилик фикри ўрганилди ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, оилавий тадбирларни ўтказиш вақтида миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш, урф-одатларни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш каби масалалар комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Қарорда мамлакатимиздаги барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш белгиланди.

Хозирда ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти хокими Ф.Эрманов томонидан Хоразм вилоятида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора тадбирлар дастури бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ҳамда вакиллик тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда, масжидларда адо қилинаётган беш вақт намозларда ҳамда жума намозларида тарғибот ташвиқот ишлари йўлга қўйилиб, халқимзга исрофгарчиликнинг гуноҳ эканлиги ва маърака маросимлардаги дабдабозликларга чек қўйишлик бўйича тарғибот ташвиқот ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.

Шариатимиз мўминларни барча нарсада, хусусан, маърака маросимларда ҳам мўътадил-ўртамиёна бўлишга буюради. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади :

«Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон сураси 77-оят) дея марҳамат қилган.

  Биз ўзбек халқи меҳмон дўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади.

Исрофгарчилигимизнинг яна бир тури, бу – таъзия ва унда ўтказиладиган маросимлардир. Барчамизга маълумки, таъзия (яьни аза тутмоқ) уч кундир. Ундан кейин ўтказиладиган етти, йигирма, қирқ ва йил оши каби амаллар шариатимизда буюрилмаган. Аммо маййитнинг соҳиблари ихтиёрий равишда хайру-эҳсон (яъни худойи) қилишлари бор. Лекин ўзи ночор ёки камдаромад бўлиб, бола-чақасидан орттира олмайдиган кишига «худойи ёки эҳсон қиласан» дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, ўзлари ҳам бу ишни вазифам экан деб, бола-чақанинг ризқини қийиб, худойи қилишда ва ёки қимматбаҳо қабртошлар қўйиш ва ёки айрим жойларда ўтказиладиган давра деб аталмиш ўликнинг гуноҳини сотиш каби бидъат амалларни қилишда маййитга ҳеч қандай савоб ва манфаат йўқлигини билишлари лозим, балки бу ишлар – гуноҳ устига гуноҳдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз мумкинки, билмасдан нотўғри маълумотларга эргашиб, бизда азалдан ота-боболаримиз бу удумларни қилиб келишган, биз ҳам бу амалларни давом қилдирамиз деб, ўша қилинадиган удум аслида ота-бобомиздан эмас, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шуни бизга таълим берганларми йўқми шу жихатига эътибор бериб, оят ва ҳадисларга таянган холда билиб қилишлигимиз кераклигини таъкидламоқчимиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасдан, барчаларимизни тўғри эътиқодда яшашлигимизни насиб айласин.

                                                           Х.Абдуллаев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *