МАДАД ФАҚАТ АЛЛОҲДАНДИР

Маълумки муқаддас динимизнинг асосий таълимоти Фақат Аллоҳгагина ибодат ва ундангина ёрдам сўрашдир. Ҳаммамиз яхши биладиган,  ҳар куни намозларимизда қайта-қайта такрорлайдиган Фотиҳа сурасининг тўртинчи ояти мазмуни бундай:

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз».  Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга, ширкдан сақланиб, мадад ва ёрдамни Ўзидан сўрашга чақирмоқда. Афсуски жамиятимиз ичида баъзи кишиларнинг Аллоҳдан бошқасидан мадад сўраётгани бор гап.Бу ҳолат эса динимиз ақидасига зид бўлиб,бу ишни қилган шахс  диндан чиқиб кетиши мумкин. Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан олимлар мадад сўраш масаласида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларнинг сабабларини ҳам аниқлаганлар. Ўша сабаблардан бири шийъа мазҳабидан таъсирланиш, дейдилар мазкур олимлар. Турли омилларга кўра аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги кишилардан баъзилари аҳли ташаййуънинг фикрларидан таъсирланган ҳолатлар ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидаги кишиларда имом ҳақида ўзига хос эътиқод бор. Ўша эътиқодга биноан имом ғайбни билади, халойиқнинг нидоларини эшитади ва ҳоказо. Демак мўмин кишининг мадад сўраши фақат уни яратган Роббиси Аллоҳдан бўлиши керак.

Баъзи кишилар эса фолбин ва сеҳиргарлардан мадад сўрашади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлариУнинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзгабилмас…» (Анъом, 59).  Мазкур сабабларнинг иккинчиси ва асосийси баъзи бир оят ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилиш ёки ўта заиф ҳадиси шарифларни ҳужжат қилиб олишдир. Баъзи бир илмли тасаввуф шайхлари бу ҳолни енгиллаштириш учун мадад фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина бўлишини таъкидлаш билан бирга азиз-авлиёлардан мадад сўраш ишини бошқачароқ тушунча асосида англашга ёки англатишга ҳаракат қиладилар. Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: «Аммо «мадад» деган гапларига келсак, албатта, йўқдан бор қилиш ва мадад бериш неъмати фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир ва Аллоҳ таолонинг Ўзидангинадир. Бу дунё ҳаёти ҳам, охират ҳаёти ҳам, мулкнинг барчаси ҳам, малакутнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ва мадади билан бўлади. У зотнинг Ўзи «Ҳаммасини, анавиларига ҳам, манавиларига ҳам Роббинг атосидан мадад берурмиз!» деган. Бу оят комил ва шомилдир. Бошқа бир оятда «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридан, деб айт!» дейилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят).  «الاستعانة»: мадад-кўмак тиламоқ. Ва у икки турлидир:

Биринчиси: Фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган нарсалар борасида мадад сўрамоқ. Ушбу турни Аллоҳдан ўзгасига қилишлик ширк бўлиб, кимда-ким Аллоҳгина қодир бўладиган бирор иш борасида Ундан ўзгасидан мадад сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, ширк келтирибди. Чунки у ибодат турларидан бирини Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига йўналтирди.

Иккинчиси: Махлуқ қодир бўладиган ишлар борасида мадад сўрашлик. Бирор кишидан сизга девор кўтариш-қуриш ёки юкингизни кўтариш ёки қандайдир мубоҳ-ҳалол бўлган бирор истагингизни бажо қилишда кўмаклашишини сўрайсиз. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). Одамларнинг куч-қудрати етадиган оддий ишларда ёрдам-мадад сўрашликдан монелик йўқ.

Ислом ақидасидек очиқ, аниқ, равшан ва тўғри ақидани билмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақидага эга бўлмаган инсон турли бидъат, хурофот, ирим-сирим, афсона, сафсаталарга ишонади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлади. Мусулмон киши ҳар доим Аллоҳдан ёрдам сўраши, Ўзига ихлос ва таваккал қилиши зарур. «Кимки Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилади» (Талоқ, 3).

Б.Хаджаев

Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *