ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

Ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини асрлар оша юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва меросини, ўзлигини омон сақлаб келди. Шу нуқтаи назардан қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, ҳозирги кунда экстремист ва террорчилар, мутаассиб ва ақидапарастлар, миссионер ва прозелитлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда дейиш мумкин. Айни пайтда, бундай жараёнлар кишиларни доимий огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қадриятларни уларнинг сохта ва ғаразли талқинларидан фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундайди.

Шундан келиб чиқиб, ўзаро узвий боғлиқ бир қатор масалаларни тизимли ёритишга алоҳида эътибор берилаяпти. Хусусан, диний эътиқоднинг ўзига хос кўриниши, сифатидаги асл моҳияти ҳақида билимга эга бўлиш, турли сохта ғоя ва даъватлардан сақланишга ёрдам бериши шубҳасиздир.

Дин ва давлат муносабатлари ҳамма вақт долзарб бўлиб келган. Турли давр ва вақтларда хилма-хил мазмун ва шакл касб этган бундай муносабатлар, мустақил Ўзбекистон шароитида виждон эркинлиги конститутциявий асосда тўла-тўкис таъминлангани, диний ташкилотлар фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар яратилганидан намоён бўлмокда. Мазкур соҳага оид қонунларни бузганлик учун ҳуқуқий жавобгарлик белгилангани ҳам бу муносабатларнинг асл моҳиятини кўрсатади, дейиш мумкин.

Исломдаги асосий оқимлар, фиқҳий мазҳаблар, ақидавий таълимотлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ҳам бугунги жараёнларнинг моҳияти, диний экстремизм ва терроризм, мутаассиблик ва ақидапарастликнинг ғоявий илдизларини чуқурроқ англашга хизмат қилади. Буюк аждодларимизнинг ислом илмлари ва маданияти ривожидаги юксак ўрнини англаб етиш эса, бундай ғоя ва ҳаракатларнинг халқимизнинг бунёдкорлик ва бағрикенглик анъаналарига мутлақо зид эканини тушунишга кўмаклашади. Бу ўз навбатида, замонавий мусулмон оламига хос хусусиятлар, исломнинг Ғарб дунёсида тарқалиши баробарида «исломофобия» намоён бўлишининг сабаблари ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди.

Турли хил маълумотларда диний мутаассиблик ва ақидапарастликнинг жаҳон ҳамжамияти, жумладан, мусулмон дунёси учун туғдираётган таадидлари ҳам йирик диний экстремистик ташкилотлар фаолияти мисолида кўрсатиб берилаяпти. Глобал муаммога айланган диний экстремизм ва терроризм, мутаассиблик ва ақидапарастлик, миссионерлик ва прозелитизмни барча соглом кучлар биргаликда ҳаракат қилиб енга олиш мумкин. Инсоният тақдирига дахлдор бўлган мазкур муаммонинг олдини олиш ва унга қарши курашда Ўзбекистоннинг ўрни эътимодли эканини, халқаро сиёсатчилар ва нуфузли мутахассислар ҳам очиқ эътироф этишмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий сиёсати, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги ўрни, салмоқли эканини айтиб ўтиш лозим. Ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, дин соҳасидаги илмий асосланган сиёсатнинг аҳамияти, ёшларда мутаассиблик ва ақидапарастлик каби салбий иллатларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш асосий долзарб вазифалар жумласига киритилган.

Шундай шароитда моҳиятан ғайриинсоний, шу жумладан, диний экстремизм ва терроризм, мутаассиблик ва ақидапарастлик, миссионерлик ва прозелитизм каби миллий манфаатларимизга ёт бўлган ғояларга қарши тура оладиган баркамол ёшлар, мустақил юртимизнинг барқарорлигини таъминлашда ўзига хос таянч бўлиши шубҳасиздир.

М.Собиров

Урганч тумани Ғойиб ота масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *