ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ МИЛЛАТ УЧУН ХАТАР

Дунёда глобаллашув жараёнлари жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда манфаатлар тўқншуви минтақа,миллат ва дин танламас  иллатларни юзага чиқармоқда.

Анашундай иллат ва инсоният оёғига болта бўлиб урилаётган разолат экстремизм ва терроризм деб аталмоқда.Бу иллатларни нима деб аташимиздан қатъий назар,қайсидир ташкилот ёки тузулмаларнинг манфаати учун ҳизмат қилишини яхши билишимиз даркор.

Экстремизм кескин ҳаракат қилиш деган луғавий маънони берса,истилоҳий маъноси аҳоли орсида ўз ақийдавий фикрларини муросасизларча сингдиришга уринишдир.Унинг хафвли тамони минг йиллардан бери халқимиз орасида амал қилиб келинаётган ақидавий аҳкомлар ва урф одат ва ананаларни рад этиб,ўзларининг манфаатларига мос келувчи ақидаларини сингдиришларидир.Бундай бузуқ ақида эса мусулмонни “кофир”, давлатни “куфр давлати” ва бундай жамият “куфр жамияти” деган қарашларни сингдиришга қаратилгандир.Ақиданинг бундай тарзда бузилиши эса ҳақиқий мўминни кофирликда айблаб қонини тўкишга фатво беришга қаратилганлиги билан ҳавфлидир.Бундай қарашлар эса ўз навбатида терроризм каби ўта хавфли иллатга замин яратади.

Терроризм қўрқитиш, ваҳима солиш ва жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган ҳатти ҳаракатлардир.Бугун дунёда бу балодан азият чекмаган бирорта давлат йўқ десак муболаға бўлмайди.Ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тормайдиган тузулмалар ўз ғаразли мақсадларига эришиш йўлида ёшлардан фойдалинишни кўзда тутганлар.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини жарангдор  номлар билан атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида уруш бўлаётган ҳудудларга бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми бундай бузғунчи оқимларни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин ҳиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳақини бермаган киши”. Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз деб даъво қилаётганлар баъзи адашган юртдош ёшларимиз юқоридаги каби онакуш ва одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?

Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир экстремистик ташкилоталр таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган.Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.
“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод килмокда деса бўлади.

Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

Адашган вабузғунчи оқимларга аъзо бўлган киши қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

 жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;

 терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;
— давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

— мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

Жамиятимиз келажаги бўлган ёшлар орасидан қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётган кишиларнинг чиқиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

 Аллоҳ таола Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар.«Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар.

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар.

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Намозни мукаммал адо қиладилар, закотни (ҳақдорларга) берадилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилади. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).

“Барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)ни маҳкам ушланг ва фирқаларга бўлинманг. Ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини эсланг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз”(Оли Имрон сураси, 103-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак Мўминлар бир бирлари билан ака укадирлар.Қандай қилиб ака ўз укасига ёмонлик қилади ёки кофирликда айблаб,унинг жони ва молига тажовуз қилади.Қуйидаги ҳадиси шарифда мўминлар гўёки бир жонли жасаднинг аъзолари каби экани айтилади.

Саҳоба Нўъмон ибн Башир (р.а) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбариз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлгани кабидир” (Имом Бухорий ва муслим ривояти).

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *