ОММАВИЙ МАДАНИЯТ-БЕҲАЁЛИК, АХЛОҚСИЗЛИК ВА ЗЎРАВОНЛИКДИР

Жаҳонда глобаллашув жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши ҳозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда. Бу эса ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” деган ниқоблар остида ахлоқий беҳаёлцк, индивудуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда. Бундай ёвуз мақсадлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг муқаддас маънавий фазилатлари бўлган ибо ва ҳаё, оила муқаддаслиги каби қадриятларимизга салбий таъсир қилиши шубҳасиздир. Ҳақиқатдан ҳам “оммавий маданият” деб аталмиш ғоялар турли йўллар билан мамлакатимизга, яъни кинолар, турли ҳил жинсий беҳаёликни акс эттирувчи кассеталар, радио, телевидение ва ҳатто қўл телефонларида ёзиб бериш орқали ёшларимиз онгига таъсир қилмокда.

Бизнинг аждодларимиз қадим-қадимдан комил инсон ҳақидаги шарқона аҳлоқий мезонларни ва комил шахснинг маънавий қирраларини ишлаб чиқиб халқимиз онгу тафаккурида асрлар давомида сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму-ҳаё, ибо ва иффат, камтарлик, катта-кичикларга ҳурмат каби юксак маънавий хислатлар ҳаётимизда амал қилиб келмоқда. Бундай халқимизга мос эзгу ва гўзал аҳлоқий фазилатлар муқаддас маънавий қадриятларимизнинг асл мазмунини ва моҳиятини ташкил этади. Бу каби ҳалқимизнинг гўзал миллий фазилатлари ўрнини ғарбона беҳаё, беибо ахлоқий урф- одатлар эгаллашига асло йўл қўйиб бўлмайди.

“Оммавий маданият” интернет орқали ҳар бир хонадонга бемалол кириб бормоқда. Айниқса, кичик ёшдаги болалар ҳали дунёни таниб-танимасдан унинг сирли ва сеҳрли тузоғига илинмоқда. Интернет кафе ва компьютер клублар “оммавий маданият”нинг беминнат тарғиботчилари десак хато бўлмайди. Шунинг учун инсониятнинг миллий ва диний қадриятлардан узоқлашиши ва ахлоқий инқирозига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Компьютер хонага йўл олган бола у ердан маънавий-ахлоқий жиҳатдан бойиб қайтади деб ўйлаган ота-оналар хато қилган бўладилар. У ерга борган болалар кўпроқ шафқатсизлик, бировни қатл қилишдан роҳатланиш каби иллатларни юқтириб қайтадилар. Чунки у ерда ўйин ўйнаётган болаларнинг аксари турли қуроллар орқали қатл ўйинларини ўйнаётганига гувоҳмиз. Баъзилар, “оммавий маданият”ни зангга ўхшатишган. Агар у ўз вақтида муҳофаза қилинмаса, ҳатто метин иродани, мустаҳкам эътиқодни ҳам емиради. Ахлоқий бузуқлик билан миллатни ичдан бузиш, муқаддас қадриятларимизни йўқотиш, уларнинг Зфнига манқуртлик, имонсизликни жорий қилиш шунчаки ўйин-кулгу ва кўнгил очиш билан боғлиқ “маданият” эмас, балки ёвуз мақсадлар, миллатни миллий ўзагидан айириб, оломонга айлантириш каби хунрезликлар ётганини айниқса, ёшлар англаб етмайдилар.

Миллий маънавиятимиз, маданиятимизга зид бўлган зарарли урфга айланаётган одатлар ва мафкуравий хуружларнинг асл мақсад ва моҳиятини очиб бериш асосида, ёшларни ўзининг мустақил фикрига эга, маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи, ўзбек халқига хос ибо ҳаёли миллий ғурурли, ватанпарвар, гоявий чиниққан инсонлар қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бундай вазифани бажаришга эришиш учун ҳамиша хушёр ва жонкуярлик ҳамда ақл-идрок билан маънавий-тарбиявий ишларни тинимсиз олиб бориш ҳар бир кишининг муқаддас бурчи бўлиб қолишини унутмаслигимиз керак.

У.Машарипов

Қўшкўпир туман “Хазрати Эшонбобо” масжиди имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *