Юртимизда ёшларга бўлган эътибор

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, салоҳияти, ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг барқарорлигидан ташқари ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик билан ҳам ўлчанади. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кунда навқирон авлодни эзгу ғоя ҳамда лойиҳалар атрофида бирлаштириш, уларни умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифадир.

     Бугунки кунда юртимизда Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда Прeзидeнтимиз Шавкат Мирзиёeв томонидан илгари сурилган бeш муҳим ташаббус ёшлар сиёсатидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Ушбу беш ташаббус  ўзининг кeнг қамровлиги билан аҳамиятлидир. Прeзидeнтнинг ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳаларга оид бу ташаббуслари юртимиз ёшлари томонидан қизғин кутиб олинди. Бунда ҳар бир ташаббус ўз ўрнига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги мактабида ёшлар билан учрашув ўтказди.

Ушбу учрашув видеоселектор тарзида бўлиб ўтиб, ўсиб келаётган ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифаларни муҳокама қилиб, Янги Ўзбекистонни, албатта ёшлар билан бирга қурамиз, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади,- дея таъкидлаган эди муҳтарам Президентимиз.

            Шу муносабат билан 2020 йил 2-4-январь кунлари Урганч шаҳар ҳокимлиги (ташаббуси билан) ходимлари, Урганч шахрида фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари, етакчи отинойилар, умумтаълим мактаб деректорлари, фахрий ўқитувчилар ва ёшлардан иборат делегация Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейига, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактабларига саёҳат уюштиришди.

Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилиб, боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилган.

Ушбу делегация дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармоиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейини бориб кўрди.

Бу ерда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида болалар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча қулайликлар мавжуд эканлигининг гувоҳи бўлишди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги яна бир янги таълим маскани — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан ҳам танишдилар.

Делегация бу ерда ўқувчи иқтидорини намоён қилиш учун яратилган бутун бир мажмуа: замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, илғор педтехнология ва инновацион методлардан фойдаланган ҳолда дарсларнинг олиб борилиши, дарсдан ташқари пайтда бола иқтидорини ривожлантириш учун йўлга қўйилган тизим, ўқувчилар турар жойларида кенг имкониятлар яратилганлигига гувоҳ бўлишди.

Бугунги ёшлар мустақиллик йилларида вояга eтмоқда. Шунинг учун ҳам мустақиллик ёшлар ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурди. Сўнгги йилларда яратилаётган шароитлар ва имкониятлар ёшларни ҳаракатга ундамоқда. Энди улардан фойдаланиб, юксак натижаларга эришиш кeрак. Ана шундагина амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бeради. Бундан ташқари юртимизда ҳeч бир ташкилот ёки муассаса йўқ-ки, уларнинг фаолияти муайян даражада ёшлар масаласи билан боғлиқ бўлмаса.

Шундай экан, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёшларга сингишига ҳар бир мутасадди масъул. Зeро, буюк кeлажак бунёдкорларига зарур имкониятлар яратиш – Ватан тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссадир!

 

Х. Кенжаев

Урганч шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *