ҲАМКОРЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАРУР

Мана неча асрлардан буён диёримизда  бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаб келмоқдалар. Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир.” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Ислом дини ўзидан аввалги самовий дин (яҳудийлик, насронийлик) аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (бошқа дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2-оят).

Ва яна: “Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!” (Оли-Имрон, 103-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в) бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. У зот: “Чин мусулмон шундай кишики унинг қўли ва тилидан бошқалар озор кўрмайдиган инсондир”, деб айтганлар.

Миллатчилик бир халқнинг ҳақ-хуқуқларини поймол бўлиб, унинг эркини йўқолишига олиб келади. Шуларни эътиборга олганда мустақиллик шарофати билан халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Жумладан, мустақил Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир миллат вакилларининг ҳақ-хуқуқлари кафолатланиб, тенглиги конституция билан белгилаб қўйилди. Ҳар бир миллат вакиллари ўз миллий урф-одатлари, диний маросимларини тўла-тўкис бажаришига имкон яратилди. Мамлакатимизда яшаётган миллатларнинг миллий марказлари фаолият юргизилиб, уларнинг ўзбек миллати билан баб-баробар тенг хуқуқли яшаб меҳнат қилиш имконияти яратиб берилди.

Қолаверса бош қомусимизда ҳам мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланганлиги белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Шунингдек, конституциянинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

         Бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Аҳолимизнинг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар. Мусулмонлар ва насронийларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишига арзигуликдир. Албатта, қаерда тотувлик бўлса, ўша жойда, тинчлик ва осойишталик бўлади. Қайси жойда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлса ўша ерда тараққиёт, халқлар фаровон, авлодлар баркамол бўлади.

Мухаммадамин Мухаммадзариф

Урганч тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.