КАСБУ ҲУНАРГА ЭГА БЎЛИШ ФАЗИЛАТИ

Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламоларидан имом  Муҳаммад илм талаб қилиш фарз бўлганидек касб талаб қилиш ҳам ҳар бир инсонга фарз дейдилар. Чунки, аввало ўзини ҳамда фарзандлари ва оиласининг нафақасини таъминлаш оила бошлиғига фарз бўлган нарсадир. Шунингдек инсон ўзини ўзи эхтиёжини  таъминлай олмасдан бошқаларни қўлига қараб таъмагир, боқиманда бўлиб қолишдан динимиз қайтарган.  Жумладан, кучи қуввати бўла туриб кўчаларда девоналик қилишни динимиз таъқиқлайди.  Айрим ўзи ёш, куч-қувватга тўлган эркагу аёллар ишлаш имкони бўла туриб, ишламасдан кўчаларда уйма уй юриб соиллик қилишлари мусулмончиликка ҳам урф-одатларимизга хам зиддир. Динимизда инсонни бир кунлик ейдиган овқати бўлиб садақа сўраб соиллик қилиши харом экани уламоларимиз томонидан таъкидланган. Ханафий фиқхи фатово китобларида ишлашга куч қуввати бўла туриб садақа сўраган кишига садақа беришни жоиз эмас дейдилар. Сўфи Оллоёр саботул ожизинида қуйидагича тарифлаган.

Кеча кундузга кимни қути етса,

харом эрмиш ўзини соил этса.

  Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”,-деганлар. Ёшликда илм, касб-ҳунар эгалламаслик ҳаётда бошқаларга хасад билан қарашига, инсонни таъмагирликка, хорликка олиб боради. Ҳадиси шарифда таъмагирларнинг қиёмат куни юзи терисиз бўлиши таъкидланган. Ҳақиқатдан ҳам таъмагир  инсоннинг юзидан ҳаё кўтарилади. У ҳамма нарсага журъатли бўлади ва натижада инсонни юзсизликка олиб боради. Бу ҳақда Пайғамбар (а.с)дан: “Қаноат қилган киши азиз бўлибди ва таъма қилган эса хор бўлибди”,-деган ҳадис ривоят қилинган. Пайғамбаримиз “халолдан касб қилишга тарғиб қилиб, ўзингиз ва харом ўртасида халолдан тўсиқ килинг” ёки яна бир хадисда “амалларнинг яхшиси халолдан касб қилмоқликдир” деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам у Зот: “Кимки уни бошқалардан беҳожат қиладиган моли бўла туриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тимдаланган (тилинган)холда келади”,-дедилар.

Шуларни эътиборга олганда, инсон бирор бир касбни эгаллаб ҳунарли бўлиб, бировни корига яраб, инсонларнинг ҳожатини чиқариш ва ҳаёт тарзи ўнгланиш билан биргаликда таъмагирлик асирлигидан қутулади. Ҳазрати Али (р.а): “Инсонлардан беҳожат бўл, уларни тенги бўласан.  Хоҳлаган кишингга   эхсон (яхшилик) қил, уни амири бўласан. Кимга таъма қилсанг қил, уни асири бўласан”,-деганлар.

Албатта, ҳунар нафақат таъма эшигини ёпади, балки, инсонни оиласини тебратишига, маблағи ошса хайр-эхсон қилишга, ободончилик ишларини амалга оширишга жалб қилади. Буни қарангки, улуғ ишларни қилиб ўзларидан яхши  из қолдирган улуғ бобокалонларимизнинг номларини тарих эсдан чиқармайди. Улар карвонлар ўтадиган йўлларда работлар қурдирган, кўприклар қурдириб одамларнинг узоғини яқин  қилган, масжид мадрасалар барпо қилдириб илму маърифат ривожига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшганлар.

Мустақиллик йилларида ҳунармандчилик ва тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиб берилди. Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, экспорт ўрнини босадиган махсулотларни ўзимизда ишлаб  чиқариш имконига эга бўлинди. Шунингдек, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ўз бизнесларини шакллантириб, ишлаб чиқаришларини йўлга қўйдилар. Ўз оилалари иқтисодий аҳволини кўтариш билан биргаликда янги иш ўринларини ташкил қилиб кўпчилик одамларни иш билан таъминлаяптилар. Бу билан мустақил ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шунингдек, ота-боболаримиздан мерос қолган ҳунармандчилик, уста-шогирдлик  анъаналарини давом эттириш мақсадида замонавий касб-ҳунар коллежлари очилиб, ёшларимизни касб-ҳунар ўргатишга кенг имкониятлар яратиб берилди.

Дунёга ўзларининг бой илму адабий мерос қолдирган аждодларимиз албатта, бирор касбу ҳунарни мукаммал эгаллашган, ҳунар билан машғул бўлишган. Шу орқали улар ҳалол касбу кор қилиб таъмадан, кишининг қўлига қараб қолишдан тийилишган ва халол рўзғор тебратишган. Жумладан, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (р.а) савдогарлик билан, Қаффол Шоший ҳазратлари қулф ясаш, ҳазрати Баховуддин Нақшбанд эса матога нақш босиш билан билан шуғулланишган.  У кишининг машҳур шиорлари “дил ба ёру даст ба кор” (дилинг Аллохда бўлсин, қўлинг ишда бўлсин) юртимизда ҳар бир кишининг дилига жо бўлган десак асло хато бўлмайди.

Шундай экан бугунги куннинг ёшлари яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ёшлик даврларидан илму ҳунар ҳосил қилишга қаттиқ бел боғлашлари зарур. Ҳар бир ёш оила қуришдан олдин, албатта, бирор бир илмни ёки ҳунарни мукаммал даражада эгаллаб, кейин оила қурадиган бўлса хаётида қийналмайди. Ота-онасининг мол-дунёсига ишониб бирор касбу ҳунар ҳосил қилмасдан оила қураётганлар охир оқибатда қандай қийинчиликларга дучор бўлаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Илмни, касбу ҳунарни ҳосил қилиш учун албатта, ранжу меҳнат, заҳмат чекади. Бу эса инсонни ҳаётга тоблайди. Натижада, инсон одамларга керакли бўлиб, уларнинг хожатларини битиради. Бу жараёнда ота-онанинг ҳам катта масъулияти борки, фарзандининг ҳаётда тўғри йўлни танлаб, яхши бир касб-ҳунарни эгаллашларида тўғри йўналиш беришлари лозим. Зеро, Шайх Саъдий айтадиларки:

Ҳеч кас аз пеши худ чизи нашуд,

Ҳеч охан ханжари тези нашуд.

Яъни: “ҳеч киши ўз ўзидан бирор нарса эгаллай олмайди. Ва ҳеч бир темир ўз ўзидан ханжару шамшир бўлиб қолмайди”.

 Комил инсон ҳаётда ўз ўрнини топиш учун тарбияга муҳтождир. Тарбиясиз инсон бирор нарсага эриша олмайди. У мисли темирга ўхшайдики, унга уста кўп ишлов берганидан сўнг ханжару шамшир ясайди. Темир аввалги холида ҳеч кимнинг корига ярамас эди. Ундан бирор нарса ясаганидан сўнг одамларга керакли нарсага айланади. Инсон ҳам ҳаётда тобланиб илм эгалласа, касб-ҳунар ҳосил қилса одамларга керакли, уларнинг бирор ҳожатини чиқаришга ярайдиган бўлади. Жамиятда илмли, касб-корли инсонларнинг кўпайиши мамлакат ривожига ва унинг тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.

Д.Абдуқадиров

 Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус

       ислом билим юрти мудири        

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *