Миссионерлик таҳдидидан огоҳ бўлайлик

 Бугун мамлакатимизда турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда, фуқароларимиз ўз диний амалларини эркин адо этиб келмоқдалар.

Диний ташкилотлар ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, улуғ ва муштарак ғоялар йўлида ҳаракат қилиши учун имкон яратади.

Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, демакдир.

Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, бу ҳаракат христианлик Византия империясида давлат дини сифатида эълон қилинганидан эътиборан олиб борилади.

Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси прозелитизмдир. Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий маъносини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса «вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириб, ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: бир қанча вақт ислом динида юриб, кейин христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қарларига қўйиш муаммо туғдирмоқда. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга улар учун ҳақорат деб биладилар. Натижада келишмовчиликлар келиб чиқади.

Миссионерлик қонун орқали таъқиб қилиниб турилади: Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлиги қонунан кафолатланган. Ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиши мумкин. Давлат ва диний ташкилотлар бир-биридан ажратилган. Шу билан бирга диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик, тотувлик ва дахлсизликни таъминлаш мақсадида прозелитизм (бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қатилган хатти-ҳаракатлар) ва ҳар қандай миссионерлик фаолияти қонунан ман этилган.

Ушбу қоиданинг бузлишига айбдор бўлган шахслар қонун олдида жавобгарликка тортиладилар.(Жиноят кодексининг 216(1), 216(2) моддалари)

Аҳолининг, хусусан соҳа мутахассисларининг, миссионерлик хақида маълумотга эга бўлишлари уларнинг бурч ва вазифалари саналади. Чунки юртбошимиз таъкидлаганидек: “Ислом-бу аждодларимиз, ота-боболаримиз дини. Уни ташқи таъсир, бузғунчи унсурлардан тозалаш муқаддас бурч саналади.

Бугунги кунда миссионерлар ўз тарғибот фаолиятларида янги, замонавий усул ва воситалардан, жумладан, замонавий теле, аудио, видео, радио ва компьютер технологияларидан кенг фойдаланмоқдалар.

Уйма-уй юриб «Хушҳабар» етказиш, яъни одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилиш миссионерликдаги яхши самара берадиган усуллардан бири ҳисобланади. Ушбу усулдан фаол фойдалаётган «Иегово шоҳидлари” оқими аъзолари, ўзларини Исо Масиҳ ўз ҳаворийларига буюрган йўлдан фойдаланаётганларини таъкидлашади.

Миссионерликда маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш ҳам энг кўп қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Кичик ҳажмдаги қўлланмалар жуда ҳам таъсирчан қилиб ёзилади ва одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун чиройли суратларга бой бўлади.

Уларда динни қабул қилиш очиқ-ойдин таклиф қилинмайди. Аммо адабиёт охирида қўшимча маълумот олиш учун ташкилот манзили ёки телефони келтириладики, рисолани ўқиган ва диний билми саёз бўлган инсон бу нарсага учиши мумкин.

Масалан, «Иегово шоҳидлари» ташкилоти томонидан тарқатилган китобчаларнинг бирида шундай ёзилган: «Албатта, Иеҳово шоҳидларининг бутун таълимотини ушбу кичик китобда қамраб олишнинг иложи йўқ, лекин биз сизга қўшимча маълумотга эга бўлишингиз учун турар жойингизда истиқомат қилувчи Иеҳованинг шоҳидларига мурожаат қилишингизни таклиф этамиз”.

Иштирокчиларга христиан адабиётларини ҳам ўз ичига олган совғалар улашилади, тадбир сўнгида албатта ибодат ва Библия ўқиш ҳам бўлади. Зилзила, тошқин, очарчилик каби офатларнинг содир бўлиши миссионерлар учун айни муддао ҳисобланади. Қаерда юқоридагидек ҳолатлар юз берса ўша ерга биринчи бўлиб миссионерлар етиб боришади.

Дастлаб улар ўзларини беғараз ёрдам кўрсатаётганларини кўз-кўз қилиб, аста-секин асл мақсадларини кўрсатадилар. Аслида миссионерлар ҳечқачон, ҳеч кимга беғараз ёрдам кўрсатмаганлари ва кўрсатмасликларини ҳам унутмаслик лозим.

Тиббий ва таълим-тарбия соҳаларига махсус кадрларни юбориш ҳам энг қадимий усуллардан биридир. Ҳозирги кунда бир қатор миссионер жамоалар ушбу усулдан самарали фойдаланишмоқда.

Интернет тармоғида ҳам миссионер ташкилотлар ўз саҳифаларига эга. Ушбу сайтларда миссионерларга турли маслаҳатлар, жумладан мусулмонларни протестантликка ўтказиш ҳақида тегишли кўрсатмалар ва миссиология бўйича ўқув курслари бериб борилади.

Мустақил республикамиздаги айрим оилаларнинг, хусусан, ёшларнинг ота-боболаримизнинг муқаддас ислом динидан воз кечиб, христиан миссионерлари домига илинаётганини инобатга олсак, бу фаолият тинч-тотув яшаётган халқимиз ўртасига солинаётган раҳна-адоват экани кундай равшан бўлиб қолади.

Миссионерлик таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳам уни билишимиз, у ҳақида қуйидаги маълумотларга эга бўлишимиз лозим экан.

Биринчидан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак бўлади, чунки “Ватан”, “миллат”, “имон-эътиқод” бу муқаддас тушунчалардир. Уни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди.

Иккинчидан, ҳар бир инсон бирор нарса ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиши даркор. Ҳеч кимнинг бирор нарсани, ҳатто динни ҳам нотўғри, янглиш ва бўяб талқин қилишга хаққи йўқ ва бўлмаслиги керак.

Учинчидан ва энг муҳими мусулмонлар учун нима керак ва муҳим ва ножоиз ва керак эмаслигини яна бир эслатиб қўйиш лозим бўлади.

 

Р. Рахимов

Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”

масжиди ходими

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *