ДУО МЎМИНГА НАЖОТДИР

 Араб тилида “дуо” сўзи – чақириш, сўраш, илтижо – маъноларини англатади.  Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

Яъни: Эй Расулим! Бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен уларга яқиндурман. Менга дуо қилсалар, дуогўйларнинг дуоларини ижобат қилгайдурман. Ахир, улар ҳам Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга ҳақиқий иймон келтирсинлар, шояд тўғри йўлда юргайлар                                 (Бақара 186- оят)

ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

“Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф 55-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

Худди шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал Ашъарий р.а.дан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинган:

“Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в): “Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир”, дедилар.

Расулуллоҳ с.а.в. “ Дуо ибодатдир”, дедилар ва (Ғофир сурасининг 60- ояти) “ва Роббингиз: “Менга дуо қилинглар, сизни ижобат  қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.

Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига  билдирмоқда. Буни қуйидаги ҳадислар ҳам қувватлайди:

قال رسول الله (صعلم) : ليس شيءٌ أكرم على الله تعالى من الدعاءِ

“Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.

قال رسول الله (صعلم) : الدعاءُ مُخُّ العبادةِ

“ Дуо ибодатнинг мағзидир”.

قال رسول الله (صعلم) : مَنْ لم يسألِ اللهَ يغْضَبْ عليه

“ Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.

قال رسول الله (صعلم) : «من فُتح له مِنْكم بابُ الدعاءِ ففُتحتْ له أبوابُ الرحمةِ و ما سُئِلَ اللهُ  شياءً يعنى أحبّ إليه مِنْ أن يُسألَ العافيةَ»

“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир”, дедилар”.

 Имом Жазарий дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилганлар, жумладан:

-ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги

-ихлос билан дуо қилиши

-таҳоратли бўлиши ва қиблага юзланмоғи

-аввал нафл намоз ўқимоқ

-хайр ишлар қилишлиги

-камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилмоғи

-Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоқлиги

-энг афзал саловот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли…” ва “Аллоҳумма борик…”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.

-қўлларини юқорига кўтариб, ҳовучларини очиб, қўлтиқлари ости кўринарли даражада ёки кўкси баробарида қўларини кўтариб, бирлаштириб, дуо қилмоғи лозим.

-хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим

-асмоул ҳуснани — Аллоҳ таолонинг исмлариўқиб тилагини тиламоғи лозим. Пайғамбарлар ёки солиҳ киишларни васила қилиб қилиши мумкин.

-гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўрамоғи лозим

-Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ бўлган дуоларни ўқимоғи

-қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим

-ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи

-қўлларини юзига сурмоғи ва дуосининг қабул бўлишига умид қилмоғи.

Ана шундай одобларга риоя қилмоқ керак ва шуни ҳам унитмаслик керакки Пайғамбаримиз (с.а.в) дуода  дунё ва охират саодатини тиламоқни тавсия этганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизни дуолари ижобат бўладиган зотлар қаторида қилсин!

О.Рузметов

Богот тумани Толли бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *