ЖАҲОЛАТНИНГ КЎЗИ КЎР

Ҳозирги давр глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари билан жаҳон афкор оммасини ташвишга солмоқда. Маълумки ҳар қандай геосиёсий ўйин,  гарчи у бошламада тинч, шунчаки ташвиқот орқали илгари сурилган бўлсада, охир оқибатда низога- қонли урушларга, мудҳиш фожиага айланади.

Айнан шундай манфаатпараст кучларнинг халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишига интилишаётгани, хатто бунга бош урғу сифатида қарашаётгани ўта хатарли холатдир.

Аксар ғарб давлатларнинг оммавий ахборот воситалари тинимсиз равишда одамлар онгига ислом динимизни бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, зўравонлик дини деб кўрсатишга уринишяпти. Бунга асос эса яқин шарқ мамлакатларида ҳокимият талашиб, шу мухорабада динимизни байроқ қилиб олган бир гуруҳ ақидапарастлик ва террорчиликни касб қилиб олган кимсаларнинг содир қилаётган жиноятлари турибди. Бу кимсалар муқаддас динимиз аҳкомларини бузиб, ўз ёвуз ниятлари йўлига йўналтириб талқин қилишяпти. Бу хатти-ҳаракатлари билан аксар ҳали онги тўла шаклланмаган, эътиқоди суст ёшларни ўз даъватлари ортидан эргаштириб, уларни жаҳолат ботқоғига ботиришмоқда. Энг ёмони – бугунги бизнинг тасаввуримиздаги жаҳолат ботқоғи аслида янада қўрқинчли, янада жирканчдир, чунки у қонга ботирилган.

Ислом динимиз тарихидан яхши маълумки, ҳали Аллоҳнинг мўминларни эзгуликка чорловчи муқаддас китоби Қуръони карим пайғамбаримизга нозил қилинишдан олдин жоҳилият замонлар бўлган. Жаҳолат замони одамлари яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва баднафслик, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боришмаган. Муқаддас динимиз аҳкомлари айнан ана шу қараш, яшаш тарзини тарозуга соладиган инсонларга фақат яхшиликка, эзгуликка чорлайдиган амалларни қилишга буюрди.

Бугунги кунда ўргимчак тўри аталмиш интернет саҳифаларига ин қуриб олган ана шундай ёвуз ақидапараст кучлар Қуръони карим оятларини, муқаддас хадисларимизни бузиб талқин қилиш орқали ёшлар онгини заҳарлашяпти, уларни кўп қадим қадриятларимиздан узоқлаштириб, аксинча охири вой бўлган йўлларга – жаҳолатга тортишяпти. Бунга алданиб қолаётганлар озми-кўпми борлиги ачинарли, албатта.

Динимиз тинчлик, бағрикенглик, инсонпарвар, бир сўз билан айтганда эзгуликни ўзида мужассам этган. Пайғамбаримиз с.а.в дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонларга яхши амаллар қилишга, ҳар қандай ёмонликлардан қочишга буюрилади. Жумладан: “Мусулмон — қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган кишидир”, “Мўмин – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган кишидир”, “Муҳожир- гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган кишидир”.

Минг йиллик қадриятларимиз аслида буюк бобокалонларимиз амал қилган, даъват этган, ўзларининг гўзал хулқлари, инсоний одоблари, кўп савоб амаллари негизида сайқалланган. Ўз умрларини диний ва дунёвий илмларни эгаллашга, бошқаларга шу йўлда ибрат бўлишга умрларини бағишлаган буюк қомусий олимларимиз хаётлари, яратган ўлмас асарлари, қилган яхши амалларини ўргансак бунга яна амин бўлаверамиз. Бу буюк аждодларимизни бутун жаҳон афкор оммаси ўз устозлари мақомида билади. Бу буюк зотлар чуқур билим эгаси бўлиш билан бир қаторда маърифатли инсонлар ҳам эдилар. Ҳеч қачон хато йўлга юрмаган, жаҳолатдан доимо огоҳ бўлиб, ўз замондошларини бундан огоҳ қилган, ҳатто ўта оғир замонларда ҳам ўз эътиқодларини сақлаган, имонидан айро тушмаган шундай улуғ зотларнинг ҳаётий сабоқларини билишимиз, ўрганишимиз ва албатта уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 195 оятида қатъий огоҳлантиради: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламанг!”.

Ҳалокат аталмиш жаҳолатнинг кушандаси – бу маънавият. Маънавият – бу чин инсоний амаллар, яхшиликни улуғлаш, уни асраш, эл-юрт учун эзгу амалларни бажариш, шу амалларни авлодларга – фарзандларга ҳам юкиниш, уларни бахтиёр яшашга йўналтиришдир.

Султонов Ибодулло

Урганч тумани Муоз ибн Жабал масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *