КАШАНДАЛИК ФАЗИЛАТ ЭМАС

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун зарардир. Ҳозирги кунга келиб, дунё миқёсида чекувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар орасида кашандаликнинг тарқалиши эса жуда аянчли ҳолдир.

Инкор этиб бўлмайдиган илмий маълумотларга кўра, тамаки чекиш ва ундан чиқадиган тутун оқибатида юрак-қон томир, саратон ва бошқа турли касалликлар, шунингдек, ўлим ва ногиронлик келиб чиқади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, тамаки чекиш оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли жаҳонда ҳар йили 4 миллион киши нобуд бўлади.

Ҳар нарсанинг кушандаси бор. Инсонийликнинг ҳам. Хамр, фол, қимор, зино… Улар Қуръон ва ҳадисда очиқ лафз билан ҳаром қилинган. Аммо инсон доимо тараққий этишда, изланишда. У топган бу қулайликлар, янгиликлар ва кашфиётлар орасида ёмонроғи ҳам бор. Сигарет ва нос инсоният «улғайиб» кашф этган ана шу ёмонликлардандир. Набий (с.а.в.) даврларида ҳам, саҳобалар ва тобеъинлар даврида ҳам сигарет ва нос йўқ эди. Шунинг учун ҳам Китоб ва суннатда улар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аммо Қуръон ва ҳадис қиёматгача инсониятга ҳидоят экан, бундай бир салбий моддалар ҳақида ҳеч гап айтмаган дейиш унчалик тўғри эмас. Бошқа кўпгина хусусларда бўлгани каби, тутун ва нос тўғрисида ҳам ҳар иккала манбада ишоралар бор. Умму Салама онамиз: «Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтарар эдилар», дейдилар.

Нос ва тамаки соғлом одамни касал қилишини, кучлини заифлаштиришини ҳамма, ҳатто уларни чекаётганлар ҳам билишади, тан олишади. Имом Аҳмад ва Ибн Можжалар ривоят қилишган бошқа бир ҳадисда: «Исломда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш йўқ», дейилган. Кашандаликнинг эса бир қанча зарарлари бор. Аввало, юқорида айтилганидек, чекувчининг ўзига зарар. Тамаки тутунининг таркибида тўрт мингга яқин модда бўлиб, ҳаммаси инсон саломатлигини емирувчи экани тиббий тажрибаларда собит бўлган. Инсон танасидаги қон томирлари узунлиги бир юз эллик минг километрни ташкил этади. Аллоҳ таоло шундай мукаммал тарзда яратган санъатга сигарет халал беради: қон таркибини ва айланишини бузади, томирларни қотиради. Носнинг зарари ҳам тутунникидан кам эмас. Шунингдек, кашанда соғлиги билан бирга вақтини ҳам йўқотади. Ҳар куни ўртача бир қути тамаки чекиш бир ярим соат умрни шамолга совурди деган гап. Бу ҳисоб умумийлаштирилса, бир йилда йигирма уч кунни, ўн олти йилда эса, тўлиқ бир санани ташкил этади. Оила муҳитига ҳам зарар. Аёллар, болалар, кексалар кашандадан кўра кўпроқ азият топади. Чунки тутуннинг чекувчидам кўра чекмайдиган одамга ёмонроқ таъсир кўрсатиши ҳам илмий тажрибаларда исботини топгандир. Кашанда ота билан куннинг маълум бир қисмини ўтказган бола бир йилда саксон-тўқсон қути сигарет чеккандек заҳарланади. Чекувчи оилада ўсган боланинг тамакига ўрганиши чекмайдиган оилада ўсган болага нисбатан уч-тўрт баробар ортиқ бўлади. Иқтисодий зарар. Ўртача нарҳдаги сигарет чекувчи кашанда бир йилда беш юз минг сўмдан ошиқ пулини тутунга айлантиради. Ижтимоий зарар. Ёнверидаги ўртоқлари, ҳамкасблари тутунидан ёки ҳидидан азият чекади. Яна қайсидир бири унга эргашиши мумкин. Мана шунча зарарларини билиб туриб ҳам сигарет ва нос чекиш учун алоҳида «мардлик» керак!

Эзгулик дини бўлган Ислом бундайин зараркунандаларга бепарво қараши мумкин эмас. Хулласи калом шуки, носнинг ҳам, сигаретнинг ҳам истеъмоли уламоларимиз ижмосига кўра, манъ қилинган. Аллома Абдураҳмон ибн Носир Саъдий «ҳукму шурбид-духон» («Тамаки чекишнинг ҳукми») асарида «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195); «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ, сизларга раҳмлидир» (Нисо, 29); «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди» (Моида, 5) оятларига суяниб сигарет чекишни ҳаром деганлар. Бундай ҳукмни бошқа фатво китобларидан ҳам топиш мумкин. (Айрим фатво китобларида макруҳ дейилган.) «Фатовои Татархония», «Фикҳу Кайдоний» асарларида нос, «Ажоибул муҳиммат» китобида эса, сигарет ҳам таҳоратни кетказиши баён қилинган. Хуллас, тамаки ва нос ҳар қандай миллатда қоралангандир. Уларни истеъмол қилиш ҳеч кимга — динсизга ҳам, мажусийга ҳам, яҳудийгаҳам, масиҳийга ҳам фазилат бўлган эмас.

М. Рахматуллаев

Урганч  туман «Назар хужа бобо» масжиди имоми хатиби        

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *