ҚЎШНИНГ ТИНЧ СЕН ТИНЧ

Аллоҳ таоло Ўзининг китобида биз бандалар кимларга яхшилик қилиш лозимлигини уқтириб:“Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас[1], деб марҳамат қилади.

Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа зикр қилиниб туриб, қўшни ҳақида 3 маротаба қайта зикр қилинмоқда: “яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга” демак, бизлар яхшилик қилаётганимизда қўшничилик ҳаққини эсимиздан чиқармаслигимиз, қўшнимизнинг ҳаққи буюклиги, ота-онаю, ака-укалик ришталари каби яқин эканликлари, қайси динда, қайси миллатдан, қайси ирққа мансублиги бизни қизиқтирмаслиги керак.

Қўшничилик ҳақларини Расулуллоҳ с.а.в. бизларга бирма бир айтиб бермоқдалар: “Эй уммати Муҳаммад, қўшнилар ҳаққи ушбулар: агар сиздан ёрдам сўраса, ёрдам беринг. Агар қарз сўраса, қарз беринг. Агар камбағал бўлса кўмаклашинг. Агар касал бўлса, чиқиб кўринг. Агар вафот этса, жаноза орқасидан боринг. Агар шодиёна қилаётган бўлса, муборакбод қилинг. Агар ғамгин бўлсалар, кўнгил сўраб, далда беринг. Уйингизни томини уларнинг уйидан баланд қурманг, шамолга монеълик қилган бўласиз. Агар у рухсат берса майли. Бирор тансиқ есангиз ёки тоза чиққан мевалардан келтирсангиз, қўшнингизга ҳам чиқаринг. Агар чиқара олмасангиз, пинҳон енг. Агар бермоқчи бўлмасангиз уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласини ҳавасини келтирмасин. Қўшниларга ошхонангиз тутуни (таом хиди) бирла озор берманг. Тутуни тарқалса, у таомдан қўшнига беринг.

Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, фақат Аллоҳнинг раҳматида бўлган кишигина қўшнининг ҳаққини адо қила олади. Яна ҳақларин давом этиб дедилар: Билинг, қўшничилик ҳақларидан яна бири, беҳудага девордан унинг уйига қараманг, мабодо кўзинг тушиб қолса, айбли бир иш бўлса уни ёпинг. Сизни эшитишингиз керак бўлмаган нарсаларга қулоқ тутманг. Қўшнингиз маҳрами ва қизларига назар солманг. Мана шу мусулмончилик қоидаларидан”.

Пайғамбаримиз (с.а.в):“Қиёмат кунида қанча-қанча қўшнилар ўзинниг қўшниси туфайли маломат қилинади. Унинг қўшниси: “Эй Парвардигорим, мендан яхши нарсаларини яшириб, мен уйига борганимда эшигини юзимга ёпди”, деб даъво қилади. Ёнида кўшниси оч туриб, ўзи тўйган одам мўмин эмасдир. Кимики болаларидан ва бойлигидан қўрқиб, қўшнисига эшигини ёпса у мўмин эмас”, деганлар. Яъни, болаларим унинг болалари билан ўйнамасин, қўшнимнинг болалари, қашшоқона кийинган, агар бирга ўйнаб қолишса, кейин мени айб қилишади, деб ёки эшикни тезроқ ёпай, қўшним уйимдаги бирор нарса кўриб қолса, бирор кун сўраб қолади ёки бойлигимни кўрса, кейин пул қарз сўраб келади, деб эшигини қўшниси учун ёпиш жоиз эмаслигини таълим беряптилар.

Қўшнининг ҳақини адо қилиш натижасида жамиятда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро меҳр-муҳаббат ошади. Чунки, бу қўшничиликни давлатлар миқиёсида олиб кўрайлик. Халқимизда “қўшнинг тинч сен тинч” деган мақол бежизга айтилмаган. Шундай экан қўшниларнинг ҳақини чиройли адо қилайлик.

Ваисов Тожибой

Урганч тумани «Камбар бобо» масжиди имом-хатиби

[1]Нисо 36

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *