ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ       

Бугунги тинч, фаравон бўлган, ривожланиш жадал билан бораётган бир даврда фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб илму-маърифат, одоб-ахлоқ, халқпарвар, меҳридарё, узоқни кўзлай оладиган комил инсон қилиб тарбияламасак, келажагимиз бўлган бу ёшларни қўлдан бой бериб қўйган бўламиз. Хушёрликни, сергакликни бир лаҳза ҳам йўқотмасдан доимо диққат эътиборимизни келажагимиз бўлмиш ёшларга қаратайлик. Бир вақтлар бу диёрдан, бу заминдан не-не алломалару-авлиёлар етишиб чиқмаган дейсиз. Халқимизда “Оққан дарё оқмай қолмас” деган чиройли ва эзгуликка тарғиб қилувчи гўзал мақол бор. Илму-маърифат ва гўзал одобу-ахлоқ мўмин мусулмонларнинг муҳим сифатларидан. Аллоҳ Таъоло Қуръони Азимуш-шаънда қуйидагича марҳамат қилган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят).

Халқимизда “Худодан қўрқмагандан қўрқ” деган нақл бор. Инсон Худойи Таъолодан қўрқмас экан, ундай инсон харна кўнглига келса қилиб кетаверади, яхшиликми-ёмонликми унинг учун фарқи йўқ бўлиб қолади. Қийналиб безовта қиладиган виждони бўлмайдида. Ачинмайди, куйинмайди, тушунишни ҳам истамайдиган тошбағирга айланади. Инсоннинг бундай хулқли бўлиб қолиши офатдир. Эътибор беришимиз керак бўлган томони, шундай бағритош бўлиб кетиши ёки аксинча комил инсон бўлиши албатта ота-оналарга, катталарга боғлиқдир. Сизу-биз барча бирлашиб болаларимиз, фарзанду-аржумандларимизни асраб авайлаб, вақтида таълим тарбия олишини назорат қилиб борсак, қаровсиз қолдирмасдан вақтини мазмунли ўтказишларида дилдан самимий кўмагимизни аямасак, келажагимиз бўлган бу ёшлар, фарзандларимиз ҳеч вақт юзимизни ерга қаратмайди, зеро халқимизнинг “Нимани эксанг, шуни ўрасан” деган чиройли нақли бор. Ёшларимизга ҳикмату-насиҳатлар эшиттирайликки, Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтганларидек:

“ Киши ҳикмат эшитса жони бирлан,                                                                                       Чиқар жони ани имони бирлан,                                                                                                  Қулоқға олмағай, бул сўзни нодон,                                                                                                           Ани одам дема, ул жинси ҳайвон.”          

            Фарзандларимизни илму-маърифатли, гўзал одобу-ахлоқли бўлишларини барчамиз истаймиз, келгусида аҳлу-оиламизга, элу-юртимизга ва дину-диёнатимизга катта ҳиссалар қўшадиган етук шахслар бўлиб етишишларини жуда-жуда ҳоҳлаймиз. Бас, ниятимиз шу экан, аввало Буюк Мавломиз, Роббимиз Аллоҳ Таолодан астойдил дуолар қилиб сўрашимиз ҳамда бардавом ҳолатда фарзандларимиз билан шуғулланиб боришимиз лозим. Фарзандларимизга ўз ҳайтида тўғри йўлни топиб кетишларида, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларида сизу-биз ота-оналар, элу-юрт катталари ватанимиз, халқимиз олдида ва охиратда Аллоҳ Таоло ҳузурида масъулдирмиз.

Шу боис лоқайдлик қилишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Парвардигори олам барчаларимизни фарзанд тарбияси билан чиройли ва самарали шуғулланиб боришимизни  насибу-рўзи қилсин. Ўз ўрнида авлодларимизни ҳам етук ва комил инсонлар бўлиб етишишга муваффақ айласин. Аллоҳ таолодан элу-юртимизни доимо тинч, халқимиз ҳаётини фаравон ва ватанимиз равнақини ҳамиша порлоқ қилишини сўраб дуолар қилиб қоламиз.

А.Бобожонов

                 Гурлан тумани “Усмон Саид бобо” жоме масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *