АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ ҚАЛБ ГАВҲАРИДИР

Абу Мансур Мотуридийнинг тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийнинг кўпроқ манбаларга қараганда 870 йилда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида (ҳозирги Жомбой тумани) туғилган.
Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. «Имом ал-ҳудо» («Ҳидоят йўли имоми»), «Имом ал-мутакаллимин», («Мутакаллимлар имоми») номлари билан улуғланган. Мотуридийлик ақидавий йўналишини кенг қулоч ёзиши, хусусан усмонийлар давлати даврига тўғри келади. Мотуридийнинг кўплаб асарлари мавжуд бўлиб, бу асарларни мавзуларга кўра номларидан келиб чиқиб уч қисмга бўлиш мумкин: Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзий” мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл кабиларни ўзининг устози деб билган.Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида қуйидаги асарлар ёзиб қолдирган:
1.Тафсир:
Мотуридийнинг “Таъвилот ал-аҳли сунна” ёки “Таъвилот ал-Қуръон” номи билан танилган тафсири бўлиб, бу китоб Мотуридия ақидасида маълум-у машҳур бўлиб, Мотуридия ақидавий йўналишидаги кишилар учун бу тафсир аввалда ҳам, кейин ҳам бемисл деб саналган.

2. Калом илми:
1. “Китоб ат-тавҳид” Мотуридийнинг бу китоби калом илмига оид асарларининг энг аҳамиятга моликлиги ҳисобланади. Бу асарда у зотнинг калом илмига тегишли қарашлари қарор топган ва яна энг муҳим эътиқодий масалаларни баён қилган.
2. Ақида бўйича рисолалар.
3. Рисола фил имон бу рисолани Абу Муъин Насафий Тамҳид китобида зикр этади.
4. Мақолот: Мотуридийнинг “Мақолот” китоби дастлабки “Мақолот” жанридаги китоблардан ҳисобланади. Бироқ китоб бизгача бирон-бир нусхаси бизгача етиб келмаган.
5. Баён ваҳмий ал-муътазила;
6. Радд таҳзибий ал-жадал;
7. Радд ваидий ал-фусақ;
8. Радд аваилий ал-адилла;
9. Радд ал-усул ал-ҳомсат ила Аби Муҳаммад Боҳилий.
3. Усул ал-фиқҳ.
Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:
Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
Нусайр ибн Яҳё Балхий;
Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.
Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:
— Имом Абу Ҳанифа;
— Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;
— Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;
— Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;
— Мотуридий.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.
Имом Мотуридийнинг шогирдлари
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги зотлардир:
— Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад. Бу зот Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 345 санада вафот этган.
— Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (турли илмлардаги қўшимчалар ва фоидалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 санада вафот этган.

— Абу Лайс Наср ибн Муҳаммд Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 санада вафот этган.
— Имом Абумуҳаммад Абдулкарим Паздавий. Бу зот фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 санада вафот этган.
Мотуридия ва ашъария таълимотларига бир-бирига жуда ҳам яқин. Ушбу ўзаро яқинлик, ораларидаги иттифоқ ва келишувни вужудга келтиради. Натижада ҳар иккаласи «Аҳли сунна-вал-жамоа» йўналиши бўлиб танилган икки тоифага айланди. Мотуридий ўз таълимотини анъаналарини ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш қўшди. Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат қилди. Уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ва ҳанафий талимотини Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари билан боғлиқлигини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. Унинг таълимоти ислом динининг буюк ақидавий оқимидан бири сифатида танилди. Машҳур турк олими Тошкуброзоданинг таъкидлашича: «Аҳли-суннавал жамоа»да калом илми раислари икки киши бўлиб, улардан бири Ҳанафий иккинчиси Шофиъийдир. Ҳанафий Абу Мансур ал-Мотуридий Шофиъий эса Абул Ҳасан Ашъарийдир”. Кўриниб турибдики, бизнинг диёрларимизда ақида масалаларида мотуридия таълимотларига амал қилинади. Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.
Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар. Имом ал-Мотуридий “Китоб ат-тавҳид” асарида калом илмини асослаб берар экан, имон, тақдирнинг хайрли ёки ёмон бўлиши Аллоҳ Таоло қазоси ва қадарида азалдан белгиланиши, Аллоҳ таолонинг қудрати, адли, иродаси, юборган китоб ва пайғамбарлари, қайтадан тирилиш, охират ҳаёти, феълларга бериладиган мукофотлар каби масалаларини очиб беради . У диндаги масалаларни фақат ақлий талқин қилувчи мўътазилийлар, инсонга илоҳийлик сифатларини беришга уринган мушаббиҳа бидъатлари, айниқса, карромийлар, ботиний илм соҳиблиги даъвосида юрган рофизийлар ҳамда хорижийлар, қарматийлар билан баҳс-мужодалаларни олиб борган. У «Китоб ат-тавҳид» асарида ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтган: «Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар. Ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир». Абу Мансур ал-Мотуридий ўз асарида сўз юритаётган масалаларни асослаб беришга интилади. У имкон бор ерда бир фикрни иккинчисидан келтириб чиқаришга ҳаракат қилади. Унинг «Китоб ат-тавҳид» асари билиш назариясига оид масалаларни кўриб чиқишдан бошланади. Имом Мотуридий одамларнинг нега кўплаб сохта ва бидъат таълимотларга эргашиши ҳамда барча одамлар тўғри диний қарашларга эга бўлмоғи учун билишнинг қандай йўлларидан бориш лозим деган саволларга тушунтириш беради .

Мотуридий таълимотида ислом ақидасига оид масалалар атрофлича ёритилган бўлиб, ашъарийларнинг қарашлари билан ҳам уйғунликни, ҳам фарқли жиҳатларни кўришимиз мумкин. Тадқиқотчи Ҳасан ибн Абд ал-Ҳасан ўзининг асарида Ашъарий ва Мотуридий таълимотидаги асосий 13 фарқни кўрсатиб ўтади . Масалан, Аллоҳ таолони билиш нақлий йўл билан вожиб бўладими ёки ақлийми деган саволга ашъарийлар нақлий йўл билан деса, мотуридийлар ақлий йўл билан деб жавоб берадилар. Абу Мансур ал-Мотуридий ислом илоҳиётида қазо ва қадар, яъни инсон тақдири борасида ҳам ўзининг мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги мавжудлиги, яъни ҳар кимнинг ихтиёри ўзида эканлигини таъкидлаган. У дунёни билишни икки турга: қадим ва ҳадис билишга ажратган. Қадим билишда Аллоҳнинг билишини, ҳадис билишда эса мавжудотларнинг билиши кўзда тутилган. Абу Мансур ал-Мотуридий инсоннинг бир нарсани била олиши фақат мавжуд нарсаларни ўрганиш ва текшириш воситасидагина амалга ошишини эътироф этган. Унинг фикрича, инсоний билиш ҳадисдир. Чунки инсон эртани, фақат эрта бўлгандан сўнггина билади. Эртани эрта бўлгандан сўнг билиш эса, қадимий билишнинг эмас, балки ҳадисий билишнинг хусусиятидир. Бошқача айтганда, инсоннинг келажак билан боғлиқ билиши, келажакнинг келишига боғлиқдир. Инсон ҳар нарсани, фақат у рўй бергандан кейингина билади. Аллоҳ эса кўрмоқ, эшитмоқдан ташқари, ақл ва руҳ моҳияти каби инсондан яширинган нарсаларни ҳам билади. Мутакаллимлар имоми Мотуридий қарашларида ақл мақомига алоҳида муҳим аҳамият берилган. Унга кўра, хабар ва жонли мушоҳадага хос ҳар қандай чегараланиш ва бирёқламаликни ақл бартараф этишга қодирдир. Имом Мотуридий томонидан ақл тушунчасига берилган таърифга кўра, ақлнинг мақоми айириш зарур бўлган нарсаларни бир-биридан айириш ва бирлаштириш зарур бўлган нарсаларни эса бир-бири билан бирлаштириш маъносида талқин қилинади. Бундай фаолият аслида тафаккур ва «назар» туфайли рўёбга чиқади. Аллома аксарият ҳолларда умумий ақлни эмас, балки «илман назар», яъни назарий жиҳатдан бойитилган билимни билишнинг асоси сифатида эътироф этади. Унинг «Ат-Тавҳид» асарида таъкидланишича, назар – бу «ақлни қўллаш ва ундан фойдаланиш»ни ифодалайди.
Абу Мансур Мотуридий Самарқандда 945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган. Аллоҳ таоло ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда саодатманд ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга эришишга муваффақ қилсин. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Х.Матяқубов
Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *