МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ

Суннийлик ақидаси бўйича икки йирик калом мактаблари – ал-ашъариййа ва ал-мотуридия мактаблари мавжуд бўлиб, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий (вафоти. 333ҳ/944 й.) улардан ал-мотуридиййа   мактабининг асосчисидир[1].

Мотуридиййа таълимоти ислом ақидасининг тўғрилигини исботлаш, ўша даврдаги муътазилийлар, жаҳмийлар, карромийлар, қарматийлар каби турли оқимларнинг таълимотларига қарши ақлий ва нақлий йўл билан, калом илмига хос далил-ҳужжатлар билан раддия беришга, соф ислом ақидасини улардан ҳимоя қилишга хизмат қилган.

Бу таълимотнинг вужудга келиши, такомиллашуви ва тарқалиш жараёнларини қуйидаги тўрт босқичга бўлиш мумкин:

Биринчи босқич. Имом ал-Мотуридийнинг ҳаётлик чоғидан то унинг (ҳиж.333/мил.944 йил) вафотига қадар унинг муътазилийлар билан олиб борган аёвсиз тортишувлар даври. Унинг таълимоти турли фирқалар таълимотидан устун, исбот ва далилли бўлгани учун унга ўз замонасида «Имом ал-ҳудаа», «Имом ал-мутакаллимин» унвонларини бердилар. Аммо Имом ал-Мотуридий ислом динида янги бир таълимотга асос солганлари йўқ, балки у кишининг амалга оширган асосий хизматлари соф  ислом ақидасини нотўғри ақидалардан тозалаш бўлди. Шунга кўра, “ал-мотуридия” ақидаси тараққиётининг биринчи босқичига ал-Мотуридийгача бўлган даврни ҳам киритиш мумкин[2].

Абдуллоҳ ибн ал-Мароий ўзининг «ал-Файҳ ал-мубин фи табақот ал-усулиййин» китобида шундай ёзади: «Абу Мансур тортишувда кучли исбот-далилларни келтириб, мусулмонлар ақидасини ҳимоя қилди ва мулоҳидлар шубҳаларини рад этди».

Абулҳасан ан-Надавий ўзининг «Рижол ал-фикр ваддаъва» китобида шундай зикр этади: «Имом ал-Мотуридий турли илму фанларни яхши билган, ўзининг зукколиги ва билимдонлиги билан ажралиб турувчи, инсоният тарихида машҳур бўлган буюк мутафаккирлардан эди». Бу муаллиф ўзининг яна бир асари «Тарих ад-даъва вал-азийма» китобида Имом Мотуридийни Абулҳасан ал-Ашъарийдан ҳам юқорироқ поғонага қўяди. Ал-Мотуридий ал-Ашъарийга замондош бўлиб, аҳл ал-ҳадис ва аҳл ал-каломлар тарафида туриб, мўътазилиййа каби фирқаларнинг таълимотларига қарши фикрлар билдирди. Имом Ал-Мотуридий Имом ал-Ашъарий билан замондош бўлганлари учун бу икковларининг фикрларининг натижалари бир-бирларига мос келса-да, тарихий манбаларда бу икки илоҳиётчининг бир-бири билан учрашганлиги, мактуб орқали фикр алмашганликлари ёки бир-бирларининг китобларини ўқиганликлари ҳақидаги маълумот учрамайди.

Имом ал-Мотуридийнинг усул ал-фиқҳ, тафсир бўйича бир неча асарлари мавжуд бўлиб, калом илмидаги энг машҳур асари «Китоб ат-тавҳид»дир. Бу асарда калом ва асосий эътиқод масалалари кўтарилган. Унда жаҳмийларнинг Аллоҳнинг исм сифатлари хусусидаги ас-салаф ас-солиҳинлар йўлига тўғри келмайдиган фикрлари инкор этилади. Шу жумладан, унинг муътазилийларга раддия тарзида ёзилган «Радд ал-усул ал-хамса» китоби, рофизийлар таълимотига қарши «Радд китоб ал-имомат ли-баъз ар-равофиз», қарматийлар таълимотига қарши «ар-Радд ъала фуруъ мазҳаб ал-қаромита» китоблари ҳам мавжуд.

Иккинчи босқич. Мотуридиййа таълимотининг шаклланиш босқичи. Бу босқич Имом ал-Мотуридийнинг шогирдлари ўз устозлари асарларидан таъсирланиб, унинг таълимотини янада ривожлантирган даврдир. Бу даврда ал-Мотуридиййа, авваламбор Самарқандда алоҳида калом мактаби сифатида вужудга келди. Бу мактаб намояндалари ўз устозлари ва раҳнамолари фикрларини ёйиш, уларни ҳимоя қилиш, фиқҳ масалаларида Имом Абу Ҳанифа мазҳабига эргашган ҳолда фиқҳий асарлар ёзиш билан шуғулландилар. Бу минтақада ал-Мотуридиййа ақидаси бошқа таълимотлардан устунроқ бўлиб қолди. Бу босқичнинг энг кўзга кўринган уламоларидан бири Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ал-Ҳаким ас-Самарқандий (в. 342/953 й.) ва Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ал-Паздавийдир (в. 390/1000 й.). Бу босқичда юқорида номи зикр этилган уламолардан кейин янги авлод уламолари фаолият олиб бордилар. Ўз аждодлари ишини давом эттирган бу авлод вакиллари орасида энг кўзга кўринганларидан бири Абу Юсуф Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Паздавийдир (421-493/1030-1100). Уни ал-Қодий ас-Садр деб атар эдилар. У ўз даврида ҳанафиййа мазҳабининг раҳнамоларидан бири эди.

Ал-Паздавий ал-Мотуридийга тўртинчи авлод шогирд ҳисобланади. Чунки унинг отаси Муҳаммад, бобоси Абдулкарим ал-Паздавийдан Абу Мансур ал-Мотуридийнинг берган илмларини олган эди. У ал-Киндий каби файласуфларнинг китобларини, ал-Жубоий, ал-Каъбий каби муътазилийларнинг китобларини кўриб чиқди ва улар ҳақида шундай дейди: «Бу китобларни ушлаш ва уларга қараш мумкин эмас. Чунки бунда эътиқодга шак ва гумон этиши мумкин». Лекин унинг фикрича бу китобларни ушлаган кишини бидъатчига чиқариш мумкин эмас.

Абулюср ал-Паздавий Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Таъвилот аҳл ас-сунна» ва «Китоб ат-тавҳид» китобларини ўрганиб чиқди. У «ат-Тавҳид» асарида кўтарилган масалаларни жуда узун баён қилган ва уларнинг тартибида баъзи чалкашликлар бор деб топиб, ўзининг «Усул ад-дин» китобида унинг тартибини қайта кўриб чиқди, баъзи қўшимчаларни киритди ҳамда уни анча ихчамлаштирди. Шайх Абулюср ал-Паздавийдан жуда кўплаб шогирдлар таълим олдилар. Улар орасида энг машҳурлари — унинг ўғли Қози Абулмуъин Аҳмад ва «ал-Ақоид ан-Насафиййа» китобининг муаллифи Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийлардир.

Учинчи босқич. Мотуридиййа ақидасига оид китоблар ва усуллар яратилиш даври бўлган XII-XIII асрлардир (500-700ҳиж/1106-1300мил). Бу давр кўплаб китоблар таълиф килиниши ва Мотуридиййа ақидасини қўлловчи далиллар тўпланиши билан ажралиб туради. Шунинг учун бу босқич олдингиларидан кўра узоқроқ муддат давом этган.

Бу босқичнинг кўзга кўринган шахсларидан бири Абулмуъин Муҳаммад ибни Муҳаммад ан-Насафийдир (438-508ҳ/1044-1114м)[3]. У мотуридиййа мактабининг энг кўзга кўринган уламоларидан бўлган. Доктор Фатҳуллоҳ Халиф Абулмуъин ан-Насафий ҳақида шундай дейди: Имом Абулмуъин ан-Насафий “мотуридиййа” нинг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшган кишидир. Унинг ал-мотуридиййа мактабида тутган ўрни алашъариййа мактабидаги ал-Боқиллоний ва ал-Ғаззолий кабидир. Унинг энг муҳим китоби «Табсират ал-адилла» бўлиб, мотуридиййа таълимотида имом ал-Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид» асаридан кейинги энг муҳим манба ҳисобланади. Унинг яна «ат-Тавҳид», «Баҳр ал-калом» номли калом масалаларини қисқача баён қилувчи китоблари ҳам мавжуд. Аллома 580ҳ/1184м йили вафот этган.

Бу босқичга мансуб яна бир аллома Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийдир (461-537/1068-1142). У ақида, калом, тафсир, ҳадис каби илмларни жуда яхши ўзлаштирган бўлиб, бу илмларга оид юзга яқин китоб ёзган. Улардан «Мажмаъ ал-улум», «ат-Тайсир фи тафсир ал-Қуръон» китоблари машҳур. Унинг ақида бобида яратган энг машҳур асари Абулмуъин ан-Насафийнинг «Табсират ал-адилла» асари асосида ёзилган «ал-Ақоид ан-Насафиййа» мухтасаридир. Аллома 537/1142 йили Самарқандда вафот этган[4].

Тўртинчи босқич. Кенгайиш ва тарқалиш босқичи (700ҳ-1300м). Бу босқич мотуридия таълимотининг юқорида зикр этилган ривожланиш босқичларидан энг муҳимларидан бўлиб, бу даврда мотуридиййа кенгайди ва бир неча ўнлаган юртларга тарқалди. Албатта, бу нарса ўз-ўзидан бўлгани йўқ, балки Усмоний давлатининг султонлари ёрдами билан бўлди. Усмоний давлатининг чегараси кенгайиши билан мотуридиянинг ҳам эътиқод қилиш чегараси кенгайди. Шундай қилиб, бу таълимот ер юзининг машриғидан мағрибигача, араб, ажам, ҳинд, турк, форс ва Рум ўлкаларигача тарқалди. Бу босқичнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири «ал-Муйасара фил-ақоид ал-мунжиййа фил-аахирот» номли китоб муаллифи Камол ибн Ҳумомдир. Унинг бу асари ҳозирда ҳам бир неча ислом университетларида ўқитилиб келмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ал-мотуридиййа таълимоти аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафиййа мазҳаби асосида шаклланган калом йўналишларидан биридир. Унинг таълимоти турли ботил оқимларга қарши ақлий, нақлий ва фалсафий далилларни келтириш асосида вужудга келган.

Ислом дини ақидасини соф ҳолда сақлаш барча даврларда долзарб масалалардан бўлиб келган. Миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланаётган айни пайтда диний эътиқод тамойилларини илмий асослаб бериш ва уни кенг оммага етказиш ислом динига эътиқод қилувчи кишиларнинг турли номаълум йўналишларга эргашмай, ўз ақидаларини мустаҳкам тутишлари учун гаровдир. Бундай ишларни амалга оширишда Имом Абу Мансур ал-Мотуридий каби буюк аллома аждодларимиз илмий меросларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Х.Абдуллаев

Ўзбекистон мусулмонлариидораси Хоразм вилояти вакили

[1] Ал-Мавсуъа ал-муяссара фил-адян вал-мазаҳиб вал-аҳзаб ал-муъосира. Мониъ ибн Ҳаммод ал-Жуҳаний. Ар-Риёд: Дор ан-Надва ал-оламиййа, 1418/1998. с. 99-110.

(الموسوعة الميسرة في الأديان و المذاهب و الأحزاب المعاصرة. إشراف و تخطيط و مراجعة د. مانع بن حماد الجهني. الرياض: دار الندوة العالمية، 1418/1998 ص. 99-110).

[2] Рудолф У. Мотуридийлик. Русчадан З. Мунавваров таржимаси. // «Имом ал-Бухорий сабоқлари» журнали. Т., 2012, 2-сон, с. 98-101,

[3] Рудольф У. Ал-Матуриди и суннитская теология в Самарканде. Алматы, 1999. — 286 с.

[4] Китаб ал-қанд фи- зикр уламаи Самарқанд. Таълиф Нажм аддин Умар ибн Мухаммад ибн Ахмад ан Насафий, 1412/1991.

 (القند في ذكر علماء سمرقند. تأليف نجم الدين عمر بن محمد بن أحمد النسفي. قدم له و اعتنى به نظر محمد الفاريابي. المملكة العربية السعودية: مكتبة الكوثر، 1412/1991).

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *