ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ КУРАШАЙЛИК

     Муқаддас Ислом динимизда яҳшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳар бир мусулмонга фарздир. Ҳадиси шарифда “Бирор ножўя иш қилинаётганини кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг, бунга кучингиз етмаса, тилингиз билан қайтаринг. Бунга ҳам имкон топмасангиз, ҳеч бўлмаса, кўнглингизда у ишга норози бўлинг, бу эса имоннинг заифлигидандир”, дейилади.

Фитна-фасод гап-сўзларга нисбатан қалбан норозилик билан кифояланиш имони заифлик белгиси бўлса, кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олиш ҳақида нима дейиш мумкин?.. Одатда ўз тинчини ўйлаш, ортиқча ташвишдан қочиш истаги кишини шундай йўл тутишга ундайди. Виждонига, имонига қарши бориб бўлса ҳам кўрганларидан кўз юмади. Агар шу ҳолат кўлами кенгроқ бўлса, борингки, Ватан, миллат тақдирига дахлдор бўлса, шунда ҳам киши худбинона одатига содиқ қолса у ўз-ўзидан жуда оғир оқибатларга сабабчи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Маълумотларга кўра, дунёда Исломни ниқоб қилиб олган 500 га яқин экстремистик гуруҳ ва ташкилотлар фаолият юритар экан. Ҳозирги кунда бутун дунёни ларзага солаётган ва муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган, ашаддий ваҳшийликлар қилаётган кимсаларнинг ишлари динимизга мутлақо тўғри келмайди.

Ислом инсонларни доимо тинчликка, бирдамликка, мусулмонлар бир-бири билан меҳр оқибатли бўлишга, ҳамжиҳатликка ва инсонларга нисбатан гўзал муомалада бўлишга ундайди. Уларни ҳеч қачон тинчликни бузишга, ноҳақ қон тўкишга, бошқаларга зулм қилишга буюрмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: “Мусулмон шундай кишики, бошқалар унинг қўлидан ва тилидан саломат бўладилар”

Имом Абу Довуд Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мендан кейин менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у халқумларидан нарига ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир. Улар Aллоҳнинг Китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ”, — деган муборак башоратлари ана ўша кимсалар учун эмасмикин?”, -деб ўйлайсан киши. Чунки улар ҳам ўзлари ўйлаганидек “Аллоҳнинг буйруғига” чақирмоқдаю, аммо Аллоҳнинг буйруғидан нақадар йироқдадирлар.

Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблари билан ўтирганларида ерга бир узун чизиқ чиздилар, унинг икки тарафига кичкина чизиқчалар чиздилар ва айтдиларки: “Мана бу узун чизиқ қиёматгача давом қиладиган менинг тўғри йўлимдир, мана бу калта чизиқлар эса янги пайдо бўладиган нотўғри йўллардир, ҳаргиз булардан эҳтиёт бўлинг, чунки бу йўлларни ҳар бирининг бошида шайтон бўлади”, дедилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кундаги тинчлигимизга  раҳна солаётган ҳар хил тоифалар ўша тўғри йўлдан адашган фирқалар эканлиги очиқ ойдин кўриниб турибди.

Шунинг учун, ҳар биримиз бугунги кунда огоҳ бўлишимиз, келажак авлод тарбиясини қўлдан бой бермаслигимиз учун астойдил ҳаракат қилишимиз керак. Чунки, ёшлар бизнинг келажагимиз, озод ва обод ватанимизнинг ворисларидир. Юртимиз тинчлиги ва  фаровон келажагига  ўз ҳиссамизни қўшайлик, азиз юртдошлар!

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *