ЮРТИМИЗДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР

Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Қадим-қадимдан дин аксарият маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб келади. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу табиати билан боғлиқ. Чунки, муқаддас ислом динимиз эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка даъват этади.

Лекин бугун дунёнинг турли бурчакларида динга турлича ёндашишлар учраб турибди. Воқелик шуки, бугунги кун­да ислом динининг нуфузи Европа мамлакатларида ҳам ортиб бормоқда ва натижада турли нохушликлар содир бўлмоқда. Демак, динлараро бағрикенглик ғоясини бутун дунёда тарғиб этиш инсоният олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

 Шу муносабат билан ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Тошкент ислом университетида диний бағрикенглик тамойилларига асосланган илмий-амалий анжуман бў­либ ўтади. Анжуманда юртимиздаги турли миллат, элат ва дин вакиллари ўртасида тотувликни, дўстликни янада мустаҳкамлашда бағрикенглик тамойилларига алоҳида эътибор берилади. Шу­нингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари қатори Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар Розий ислом ўрта-махсус билим юртида ҳам «Диний бағрикенглик ва динлараро муносабатлар уй­ғунлиги» мавзуида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Кўп асрлик тарихга эга миллий давлатчилигимиз кечмишига назар ташласак, мамлакатимизда диний бағрикенглик илдизлари жуда теран эканига ишонч ҳосил қиламиз. Лекин диний бағрикенглик ўзи риоя қилиб келган эътиқодга бепарво муносабатда бў­лиш, уни ҳимоя қила билмаслик дегани эмас. Балки асрлар давомида аждодлари риоя қилган анъанавий муносабатларни давом эттириш, диний қарашларга у ёки бу томонга оғишмай амал қи­лиш демакдир.

Бизким, ўзбекларнинг ислом динини равнақ топтириш, уни мустаҳкамлашдек шарафли ишга қўшган ҳиссамиз ҳеч бир халқникидан кам бўлмаса керак. Динни мустаҳкамлаш учун, аввало, шу динни юракдан қа­бул қилиш, чин ихлос би­лан унга эътиқод қилиш ва кучли эътимод қўйиш керак бўлади. Ўзбеклар азалдан шундай ва ҳамон шундай. Чунки субутлилик, аҳдга вафодорлик ва муқимлик халқимизнинг туғма фазилатларидан ҳисобланади.

Дарвоқе, шундай фазилатлар ислом таълимотида ҳам­ улуғланади ва тарғиб эти­лади. Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлар­аро бағрикенглик табиатан ва­ моҳиятан ўзаро уйғундир.­

Аждодларимизнинг яна бир улкан хизматлари шуки, ис­лом дини гарчи Арабистонда вужудга келган бўлса-да, унинг таълимотлари Мовароуннаҳрда равнақ топди, тако­милга эришди. Буни қаранг­ки, амир Қутайба аскарларига қаттиқ қаршилик кўр­сатган Хоразм, Термиз, Бухоро, Самарқанд, Фарғона каби Туркистон ҳудудлари кейинчалик ислом динининг йирик марказлари бўлиб қол­ди. Мусулмон дунёсига бу­юк­ хоразмийлар, бухорийлар, термизийлар, фарғо­нийлар, самарқандийлар, косонийлар, шошийларни етиш­­тириб берди.

Туркистон тупроғидан буюк муҳаддислар сингари улуғ ҳуқуқшунослар ҳам етишиб чиқди. Уларнинг ном­ларини тилга олиш учун бир рўйхат тузилса, бунинг ўзи бир неча саҳифа жойни эгаллайди. Бу Ватанимиз қадимдан маънавият маркази бўлганига ёр­қин бир далилдир. Ҳозирча улардан фақат бир муаллиф – Бурҳониддин Мар­ғинонийнинг 4 жилд, 57 китобдан иборат «Ҳидоя» асарининг биринчи жилди чоп этилганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоядир. Миллий ҳуқуқшунослик фанининг ана шундай мустаҳкам илдизларга эга экани ўзбек миллий давлатчилиги қо­нунга амал қилиб фаолият кўрсатганини ва бу фаннинг ривожига давлат миқёсида эътибор қаратилганини ифодалайди.

Биз шундай бағри очиқ бир халқмизки, аввало ирқу миллат ажратмаймиз. Тазйиқ ўтказишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, қўлимиздан келганча ёрдам беришга интиламиз. Бошқа халқ ва элат вакилларини ҳам тўйларимизга айтамиз, ёлғизлатиб қўймаймиз. Юрт­дошнинг юртдошга, қўшнининг қўшнига ҳаққи бор деймиз. Бундай муносабат Ўзбекистондек кўп миллатли мамлакатимизда халқ­лар бир оила аъзоларидек аҳил яшашларида, ягона ватан ва ватанпарварлик туйғусининг шакл­ланиб, камол топишида катта аҳамиятга эгадир. Рисоладаги тўйларимиз, оилавий маросимларимиз, маъракаларимиз халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашда, дин­лараро бағрикенг­ликни кучайтиришда муҳим ва халқчил омиллардан бири бўлиб келмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон турли миллат ва диний эътиқодга мансуб одамлар юз йиллар мобайнида бир оила каби иноқ яшаб келаётган, дини, ирқи ва миллатидан қатъи назар, инсон шарафланадиган бағрикенг мамлакатдир. Ўзбекистонда турли диний конфессияларнинг мавжудлиги ҳам шу билан изоҳланадики, халқимизнинг бутун тарихи давомида ҳеч қандай диний низо, одамларни миллати ва диний мансублигига қараб айириш ҳоллари бўлмаган ва бунга халқнинг ўзи ҳеч қачон йўл қўймаган. Тақдир тақозоси билан юртимизни ихтиёрий равишда тарк этган ўзга миллатга мансуб кишиларнинг Ўзбекистонни, халқимизни қўм­сашларининг боиси ҳам ана шундадир.

Турли диний эътиқод, конфессияларга мансуб кишиларнинг тинч-тотув яшашидан иборат бизнинг тажрибамизни миллатлараро, диний ва этник асосдаги турли-туман ички ва минтақавий можароларни бартараф этишда муваффақият билан қўллаш мумкин. Бу ҳолат глобал аҳамиятга молик бўлиб, дунё ҳамжамияти томонидан эътиборга олинса арзийди.

М.Авезов

Урганч тумани Шайидлар бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *