МЎЬМИН ҲАМ САБРЛИ ҲАМ ТАДБИРЛИ БЎЛАДИ

Хозирги вақтда бутун дунёда кенг тарқалган коронавирус номли беъморлик вабо тусини олиб бўлди. Жудаям хатарли бўлишига қарамасдан, давлатимиз тарафидан ва мутасадди ташкилотлар ва шифокорлар тарафидан кўрсатма берилаётган эҳтиёт чораларига риоя қилишлик ҳар бир мўъминга шаръий заруратдир.

Биз мўъмин мусулмонларнинг ақидамизда вабо – Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг бандаларига баъзида синов учун, баъзида жазолаш учун ва баъзан уларни поклаш учун юборадиган нарсадир.

 Имомул Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилганлар.

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:

«Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун* ҳақида сўрадим. Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: «У Аллоҳ таолонинг бандаларига  юборган бир азоби бўлиб, хоҳлаган бандасига юборар эди. Лекин, мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳматидир. Кимки, мана шу тоъун тарқалганида ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган ҳолда ва унга Аллоҳ таолонинг ёзганидан бошқа нарса етмаслигига ишонган ҳолда ўтирса, унга шаҳиднинг ажри баробарида ажр берилади», — дедилар».

Бу ҳадиси-шариф айни бизнинг ҳозирги Коронавирус вабоси тарқалган кунларда қаттиқ  амал қилишимиз керак бўлган ҳадиси-шарифдур. Демак, халқ бундай вазиятда ўз уйида қолмоғи, сабр қилмоғи, сабридан савоб умид қилмоғи ва албатта, ўша вақтда ҳам эътиқодда адашмаслик керак. Эътиқод нима? Бизга Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу таоло ёзгандан бошқа нарса етмайди. Ҳадисга эътибор қилинг, олдин сабабларни қилишга кўрсатма бўляпти, яъни уйингда ўтир, сабр қил, ўша карантин талабларига риоя қил, сўнгра, ақийдангни ҳам тўғирла: Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса менга етмайди! деган этиқодда бўлишимиз лозимлиги уқтирилмоқда.

Бунда инсонга, вабодан вафот этиши шарт эмас, тирик инсонга ҳам уйда сабр қилиб ўтиргани, карантинга риоя қилгани учун шаҳиднинг савоби берилади.

Бунга ўхшаш ҳадиси-шарифлар ҳам бор ва Оятларда ҳам биз бунга (карантинга)  чақириқ топамиз. Масалан, Намл сурасида, Сулаймон алайҳиссаломнинг инсонлар, жинлар ва қушлардан таркиб топган қўшини келаётганида, чумолилар подшоҳи қавмига қарата: «Уйларингга киринглар, Сулаймоннинг қўшини сизларни билмаган ҳолда эзиб, ҳалок қилиб қўймасин», — деган мазмунда. Яъни, оғир вазият пайдо бўлганида, чумолилар подшоси ўз халқига уйларингга киринглар демоқда.

Ҳозир ҳам шундай вазият. Раҳбарият, бунинг оқибатини тушуниб етдилар-да, дарров, халқимизга керакли кўрсатмаларни беришди, халқ энди итоат этиши ва кўрсатмаларга риоя қилиши керак бўлади, анашундагина бу синовлардан саломат чиқамиз.

                                   М.Мадирмов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *