СИНОВЛИ КУНЛАРДА САҲОВАТНИ УНУТМАЙЛИК

Бугунги кунда инсоният бошида кўланка солиб, уни ташвишга солиб турган ЖССТ томонидан пандемия (вабо) дея эълон қилинётган COVID-19 номли хавли инфекция азиз халқимизни хам четлаб ўтмаётган ушбу кунда хар бир шахс бу кунларни синовли кунлар дея қабул қилиб, бу имтихондан соғ ва саломат ўтиб олишлигимиз учун аввалом бор Аллоҳ таолога илтижо қилиб, тез кунлар ичида талофатсиз бу ташвишни халқимиз бошидан кўтаришлигини дуо қилиб сўрашлигимиз зарур бўлади.

Қолаверса мана шу синовли онларда ўзимизнию атрофимиздагиларни эхтиёт қилишлигимиз асл қадриятларимиздан эканлигини унутмаслигимиз зарурдир.

Исломда мақталган сифатлардан бўлган сахийлик ва карамли бўлишимиз ўта зарур эканлиги бугунда яна хам очиқ куриниб турибди.

Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир  ва дўззаҳдан узоқдир.

Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзоҳга яқиндир.

Албатта, саховатли жоҳил Аллоҳ азза ва жаллага бахил обиддан кўра маҳбубдир”, дедилар”. (Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоят қилганлар)

Демак Аллоҳга маҳбуб ва суюкли банда бўлишлигимиз, жаннатга лойиқ ва дўззахдан узоқда бўлишимиз учун саҳоватли ва карамли бўлишимиз ўта зарур экан.

Бугун азиз халкимизни бошига тушиб турган бу ташвишдан ўзларини шахсий манфаатларини кўзлаб турли хил озиқ- овқат махсулотларини сунъий равишда қимматлатиб сотишга уринаётган шахслар бу қилаётган ишлари билан ўзларига фоида ва манфаат эмас, балки юқорида ҳадиси муборакда  зикр қилинганидек зарарда эканликларини эсдан чикармасинлар.

Коронавирус бўйича илк ҳолат қайд этилгандан кейин  одамларда ваҳима, қўрқув бошланди. Кўпчилик озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш дардида бозор, дўкон, супермаркетларга югурди. Гўё дўкон ва бозорлардаги озиқ-овқатлар тугаб қоладию, ҳамма очликдан ўладигандек. Кишилар қоплаб картошка, сабзи, пиёз ва ҳоказоларни, ун-ёғ каби маҳсулотларга навбат туриб сотиб ола бошладилар. Ахир биз тақдирга иймон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймонимиз бор-ку! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Афсуски кўпчилик синов пайтида ана шу  илоҳий ваъдани унитиб қўяётгани жуда ҳам афсусланарли ҳолат.

Одамларнинг бозор ва дўконларга югуришини кўриб устозлардан бирининг гаплари  эсимга тушиб кетди: “Мовароуннаҳр диёрлари баракали юрт, шунинг учун бу юртнинг одамларини очлик эмас, оч кўзлик ўлдиради” дегандилар.

Ҳақиқатдан ҳам бизни очлик ёки вирус эмас балки ажалимиз ўлдиришини унутмаслигимиз керак. Ҳалқимизда ажойиб бир мақол бор «Қирқ йил қирғин бўлса қазоси етган ўлади» деган, шу сабаб умидсизликка тушиш мўъминларга асло ярашмайди.

Биз олган маҳсулотлар бизга насиб этмаслиги ҳам мумкин-ку! Биз вирус кенг  тарқалиб, бозор ва дўконларда ҳеч нарса қолмай, оч қолишимиздан кўра ўлиб қолиб, олиб келган нарсаларимиз бизга насиб этмаслик эҳтимоли анча юқоридир. Олганда ҳам бир-икки кунликка етадиган эмас, бир неча ойга етадиган қилиб оляпмиз. Бизнинг бир неча ой яшашимизга ким кафолат берди?! Қолаверса, бутун дўконни кўчириб кетиб, бошқа мусулмонларга ҳеч нарса қолдирмаслик мусулмончиликка тўғри келадими?! Сиздаку пул бор экан, керагидан ортиқ оляпсиз, аммо ён қўшнингизда бир неча ойлик у ёқда турсин, икки кунликка етадиган бозорлик қилишга моддий имконияти бўлмасачи?! Қўшнимиз оч қолиб, биз тўқ яшай оламизми ахир?!

Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади: «Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганларини эшитдим».

Ҳадисда айтилаётган гап жуда оғир гап. Ҳар биримиз қўшнимиз, яқинимизга нисбатан эътиборли, карамли  бўлишимиз керак.

Мусулмон шахс бундай синовли кунларда янада кўпроқ Аллоҳдан бўладиган ажр ва савоб умидида атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзиб, яҳшилик қилиб қолишлиги лозим.

Бутун оламларнинг Роббиси бўлган Зот Аллоҳ таоло бугунда бутун инсониятга ташвиш бўлиб турган бу касалликни бошимиздан кўтарсин. Беморларга хам Ўзининг  хазинасидан комил шифолар ато айласин.

М.Мадирмов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *