ДЕҲҚОНЧИЛИК –УЛУҒ МАСЪУЛЯТ

Аллоҳ таоло Ўзининг яратувчилик қудрати билан инсон наслини яратганидан сўнг унга Ер юзида умргузаронлик қилиш учун жуда кўп нарсаларни, таърифи йўқ неъматларни ато этиб қўйди. Экинлар-у мева дарахтларини ўстириб, уларнинг ризқини бемалол, ҳаётини қулай қилди. Ҳар биримизнинг дастурхонимиздан деҳқон ва соҳибкорларимиз, чорвадор ва боғбонларимиз етиштирган турфа хил ноз-неъматлар бирор кун ҳам узилмайди. Бу неъматларни суйиб истеъмол қиламиз, уларни етиштирганларга барака тилаб дуолар қиламиз. Аммо кўпинча неъматларни бандаларига беминнат бериб қўйган, ер юзидаги барча махлуқларига, жумладан башар наслига ризқ ато этиб қўйган меҳрибон Зотни ҳамиша ҳам эсга олавермаймиз.
Агар Парвардигоримиз осмондан қор-ёмғир ёғдирмаса, ерларни унумдор қилиб қўймаса, одамларга деҳқончиликнинг сир-асрорларини ўргатмаса, инсонлар бугунгидай тўкин, фаровон ва файзли турмуш кечирмаган бўлишар эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақида шундай марҳамат қилади:
У осмондан сувни туширган Зотдир. Сизга унда шароб ва (чорваларингизни) ўтлатадиган дарахт бордир. У ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир (Наҳл сураси).
Аллоҳ борлиқда жорий қилиб қўйган маълум қонун-қоидалар асосида осмондан сув тушади. Яъни, инсон ичадиган сувлар, асосан, осмондан ёққан қор-ёмғирларнинг сувидан иборатдир. Ўша қор-ёмғирлар тоғлар, ер ости денгизлари, булоқ ва қудуқлар орқали инсонларга етади. Уларни ос¬мондан тушириб, тоғларда ва ер ости сув омборларида сақлаб, ин¬сон ичиши учун созлаб, чучук ва яроқли қилиб берган зот —Аллоҳ таолодир. Инсон ўзи бу ишларни қила олмайди ва бу ишларни қиладиган бошқа бирон зотни ҳам билмайди. Аллоҳ таоло ўша сув билан одамларга зироат экинларини, зайтун, хурмо, узум ва турли меваларни устириб беради. Бу неъматларсиз инсоннинг тирикчилиги осон бўлмайди. Ал¬батта, уларни инсоннинг ўзи ўз қўли билан пайдо қила билмайди. Бошқа бирор куч ёки шаҳс ҳам яратиб бера олмайди. Бунга факат ёлғиз Аллоҳ таологина қодир. Шунинг учун, инсон ўзига бу неъматларни берган Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шукр қилиши лозим.
Албатта эрта баҳордан бошлаб ҳалол меҳнат жабҳасига кирган меҳнаткаш бобо деҳқонларимиз томонидан сепилган дон, экилган уруғнинг униб-ўсишини Аллоҳ таборака ва таоло ирода қилсагина, улар ривожланиб, кўкариб ниш уради.
Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.
Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши, ҳосил бериши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканига далолат қилади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
яъни: “Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”, деганлар.
Ривоят қилинишича, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу олдиларидан ўтиб кетаётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. Ўша одам Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг ҳосилга киради-ку”, деганида,
Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.
Ер юзини макон тутиб яшаб турган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун ҳар куни турли хил озуқа, гўшт-сут маҳсулотлари, мева-чева, дон-дунларга эҳтиёжлари туғилади. Буларнинг ҳаммасини эса зироат-деҳқончилик билан шуғулланувчи касб соҳиблари Аллоҳ таоло мадади ва катта ҳамда машаққатли меҳнатлари эвазига етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга сўз ожиз. Деҳқончилик, зироат улуғ ва фазилатли касблардандир. Юртимизнинг жуда кўп жойларида, айниқса қишлоқларимизда яшовчи деҳқонларимиз, соҳибкор боғбонларимиз, эл дастурхонини тўкин қилишга улкан ҳисса қўшаётган бошқа касбдагилар халқимизнинг фаровон ҳаёти, обод турмуши учун зарур бўлган барча неъматларни етказиб беришяпти. Уларнинг бозорларимизни тўкин-сочин, ҳаётимизни янада файзли қилишдаги хизматлари ниҳоятда беқиёс ва ўта муҳимдир.
Деҳқончилик ҳаёт таянчи, тириклигимизнинг устунидир. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши ишларни қилиб кетишган.
Аллоҳ таоло деҳқончилик орқали етиштириладиган ҳосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига фарқсиз муносабатда бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун етиштирадиган ҳосилмизни турли бало-офатлардан асраш, бу йўлда динимиз кўрсатмаларига риоя қилиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг вазифаларидандир.
Шу билан бирга, сув, кўчат ва бошқа деҳқончилик билан боғлиқ нарсаларни исроф қилмаслик, авайлаб ва эҳтиёт қилиб фойдаланиш зарур эканини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз дунё ободлиги охират ободлиги билан узвий боғлиқлигини яхши англаб, жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод ва фаровон қилиш йўлида астойдил меҳнат қилишимиз лозим.
Чунки бундай касб эгаларининг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам башорат бериб шундай деганлар:
«Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани хам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир», дедилар».
Аллоҳ таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *