ҚЎШНИЛАРГА МЕҲР МУҲАББАТЛИ БЎЛАЙЛИК

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзигагина ибодат қилишга буюриш асносида жамиятдаги барча тоифа инсонлар қаторида қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюргандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисосураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳуалайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадисларида биз умматларини бунга тарғиб этганлар. Қуйида қўшничилик ҳақларига оид ҳадислар билан таништириб ўтамиз.

Ибн Умар ва Оишадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаброил доимо менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан охир оқибат уни меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, қўшнининг ҳаққи буюк ва жиддий аҳамият берилиши лозим бўлган ҳақлардан экан. Бошқа бир ҳадисда эса:

Абу Зардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ  дедилар: “Эй, Абу Зар! Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин ва қўшниларнингга ҳам илингин” (Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳадисда қўшниларга эътиборли бўлиш, инсон ўзидаги арзимас нарсани ҳам қўшнисига илинишга тарғиб этиш маъноси бор.

Ислом дини таълимотига кўра қўшничиликда миллатнинг, динининг ва насабнинг аҳамияти йўқ. Қўшни ким бўлишидан қатъий назар, уни ҳурматлаш, ҳаққини адо қилиш вожиб, унга озор етказиш ҳаромдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй, муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни қўшнисига қўйнинг туёғини беришга ҳамкорланмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусан, аёлларга мурожаат қилаётганларининг боиси аёллар орасида бир-бирларини камситиш одати мавжуд. Шунинг учун аёллар арзимас нарсани бир-бирларига эҳсон қилиб бераётган ёки олаётган  бўлсалар буни камситиш, деб билмасликларига чақирилмоқда. Оддий қилиб айтганда, егандан ортган таомни, қотган нонни, ҳатто сўйилган қовун-тарвузни ҳам увол бўлмаслиги учун қўни-қўшнига беришнинг айби йўқ.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу. айтдилар: “Қўшнига азият бермаслик яхши қўшничилик эмас, яхши қўшничилик, қўшнидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилишдир”.

Борини қўшнилар билан баҳам кўриш, қўшнида бор нарсадан таъма қилмаслик қўшничиликнинг чиройли бўлиши сабабларидандир. Қўшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билингки, қирқ ҳовли қўшнидир”, деганлар. Уломаларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Олди томондан қирқ ҳовли, орқа томондан қирқ ҳовли, ўнг томондан қирқ ҳовли, чап томондан қирқ ҳовли, қўшнидир” деганлар. Мусулмончиликда қўшни ҳаққи мана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушиниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозимдир.

Айниқса ҳозирги синовли дамларда қўшнилар ҳаққига риоя қилайлик.

Мўъмин ўзига яхши кўрган нарсани ўзгага ҳам раво кўради. Ўзига ёмон кўрган нарсани эса ўзга мўъмин биродарига ҳам раво кўрмайди.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насиб айласин.

Ш. Қўчқоров

Хазорасп тумани Олти алам бобо масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *