ҲОЗИРГИ ВАҚТДА ВАЗИЯТНИ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАР БИРМИЗНИНГ ВАЗИФАМИЗ

 Абу Али Ибн Сино қора вабо тарқаганда қандай йўл тутганини эсласак. У киши шундай деганлар: “Агар қалбинг Қуръондан таъсирланмай қўйган бўлса, нафсингни айбла, маломат қилгин.”

Чунки Аллоҳ ушбу Қуръонни тоғга нозил қилганда, у (қўрқувдан) эгилиб ёрилиб кетиши хабарини берди. “Агар биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта Сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари (қалблари) тоғнинг тошидан қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас. Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар деб келтирмоқдамиз деб айтган (Хашр сураси 21-оят).

Абу Убайда Ибн Жарроҳ (РА) Шомга волий бўлдилар, у ерда вабодан вафот этдилар, сўнгра Муоз (р.а) валий бўлдилар, у киши ҳам вабодан вафот этдилар. Амр Ибн Ос валий бўлдилар, инсонларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй инсонлар, вабо куйдирувчи оловга ўхшайди, унинг ўтини эса сиздирсиз. Тарқалинг, тоғларга чиқиб кетинг, ана шунда вабо ёқишга ўтин топа олмайди ва ўзи ўчиб қолади. Кишилар унинг гапини олиб тарқалиб тоғларга чиқиб кетиб вабодан қутулиб қолишган экан.

Ҳозирги мураккаб шароитда амалга оширилаётган тушунтириш ишлари ва кўрилаётган чораларга қарамасдан, карантин тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар ҳам учрамоқда. Таҳлилчилар таъкидлашича, Италия давлатида коронавирус кенг тарқалишининг асосий сабаблари – карантин чораларини татбиқ этмаслик, жамоат транспортлари ва жойлардаги ҳаракатларни чекламаслик ҳамда соҳа мутахассислари фикрларига қулоқ солмасликдир.

Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидалари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, пандемия даврида фуқароларнинг турли жойларда тўпланиши, ҳар хил йиғинлар қилишлари, шу жумладан, масжидлар олдида жамоат ҳосил қилишлари ҳам карантин талабларига хилофдир. Бундай ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чораларни қўпол равишда бузишлари баробарида, аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликлари, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари ҳамда бу каби ишларга қўл урмасликлари зарур.

Ислом дини таълимотларида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал туялари бор киши уларни соғлом туялари бор кишининг туялари олдига келтирмасин”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир ерда вабо (тарқалгани)ни эшитсангиз, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган ерда шу нарса (вабо) бўлса, у ердан чиқиб кетманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бугун карантин чораларига қатъий риоя қилиш зарурлигини тушуниб етдик. Гарчи юртимизда саноқли кишилар вирусни юқтирган бўлса-да, лекин ҳаммамиз – юртимизнинг 34 миллиондан зиёд фуқароси бир тану бир жон бўлиб ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!» (“Моида” сураси, 2-оят), дейилган.

Ҳурматли азизлар бу кунларда кўпроқ саловотлар айтиб, хару эҳсон қилиб дуо қилмоғимиз керак. Аллоҳим элимизни юртимизни турли бало фитналардан касалликлардан омонда сақласин.

Ш.Бойназаров

Хива тумани “Хон Исмоил Журжоний” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *