ҲИЗБУТ ТАҲРИР ҚАСАМИНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Динимизда имкон қадар қасам ичмасликка буюрилади. Агар қасам ичиш зарурати пайдо бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким қасам ичса, Аллоҳнинг номи билан ичсин ёки жим бўлсин (яъни қасам ичмасин)” (Имом Муслим ривояти
Қасамнинг уч: ғомус (ёлғон), лағв (бе¬ҳуда) ва мунъақид (боғланган) тури бор. Бўлиб ўтган иш учун ёлғондан онт ичиш ғомус дейилади. Масалан, бир ишни қилиб қўйгандан сўнг “Аллоҳга қасамки, мен бу ишни қилмадим” дейиш ғомус қасамдир. Ғомус қасам гуноҳи кабиралардан. Унинг “ғомус” деб номланишига сабаб у аввал эгасини гуноҳга, сўнг дўззахга етаклайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кабира (гуноҳлар) – Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, (бегуноҳ) жонни ўлдириш ва ғомус (ёлғон) қасам” (Имом Бухорий ривояти).
Ғомус қасамда каффорат йўқ, аммо бундай қасам ичган киши астойдил ис¬тиғфор айтиб, тавба қилиши лозим. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.
Иккинчиси “Лағв” бўлиб ўтган бирор иш борасида ўзини ҳақ деган гумон билан ичилган қасамдир. Ҳақиқат эса у ўйлагандан бошқача бўлиб чиқади. Масалан, бир киши дўстига: “Аллоҳга қасамки, кеча сени бозорда кўрдим” дейди, аслида эса у дўстини бошқаси билан адаштираётган бўлади. Мазкур қасам сабабидан эгаси сўроққа тутилмаслиги умид қилинади.
Учунчиси “Мунъақид” бу – келажакда бирор ишни қилиш ёки қилмаслик учун ичиладиган қасам. Агар бундай қасам бузилса, яъни бажарилмаса, каффорат вожиб бўлади.
Мунъақид қасам унутиб ё адашиб, маж¬бурланиб ё қасддан бузиладими, фар¬қи йўқ – каффорат вожиб бўлаверади. Агар киши бундай қасамни ўз ихтиёри билан эмас, мажбуран ичган бўлса ҳам – у кучга кираверади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам, ҳазили ҳам жиддийдир: никоҳ, талоқ, қасам”, деганлар.
Аллоҳ таоло баъзи қасамларни бўшатишни, яъни бузишни шариатга киритди. Чунки инсон гоҳо яхши, савобли, хайрли ишларни қилмасликка, ҳалол нарсани ўзига маън қилиб қасам ичиш ҳолатлари учраб туради. Ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, ким бир ишга қасам ичса ва қасамидан бошқа яхши нарсани топадиган бўлса, қасамини яхшисига ўзгартириши, ўша бузган қасами учун эса каффорот бериши лозим бўлади. Бугунги кунда шариатга зид ҳолда қасам ичган ва қасамида маҳкам турган тоифа бу “Ҳизбут таҳрир” фирқасидир.
Ҳизбут-таҳрир» аъзолари йўл қўядиган хато¬ларнинг аксарияти Ҳизбдаги қасамёд билан ва шу қасамёдини бузишдан қўрқиш билан боғ¬лиқ.
Аввал ушбу қасамёд матни ҳақида билган¬ларимизни келтирамиз:
«Ҳизбут-таҳрир» аъзоси ҳизбга киришидан аввал ичмоғи лозим бўлган қасамнинг аниқ бир матни бизда мавжуд бўлмай, у ҳамма жойда турлича лафзларда тузилган бўлса-да, тахминан мана бу лафзлар барчасида албатта топилади:
«Буюк Аллоҳ номи билан қасамёд қиламанки, Ис¬ломни ҳимоя қилиб, унинг содиқ ва ишончли қўриқчиси бўламан, «Ҳизбут-таҳрир» фикр ва ғояларини ўзимники қилиб олиб, доимо қўллаб-қувватлайман, уларни кенг тарғиб этиб, сафла¬римизни кенгайтиришга ҳаракат қиламан, «Ҳизбут-таҳрир» қарорларини – гарчи менинг раъйимга зид келган тақдирда ҳам – сўзсиз бажа¬раман, модомики «Ҳизбут-таҳрир» аъзоси эканман, унинг: «ҳо¬зирги куфр давлатини ағдариб, Халифалик давлатини тиклаш» ғояси рўёбга чиқмагунча ҳеч қандай тўсиқ ва қаршиликларга парво қилмаган ҳолда, бунинг учун бор куч-ғайратимни сарфлайман, агар жонимни қурбон қилишга ва оиламдан воз кечишга тўғри келса ҳам, ҳаргиз қасамёдимни бузмайман, «Ҳизбут-таҳрир» ғоясидан воз кечмайман ва ҳизбий биродарларимни сотмайман.
Менинг бу сўзларимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳдир».
Бундай ҳолда қасамда маҳкам туриш гуноҳи каффорат тўлаш эвазига қасамини ечишдан оғир¬роқ гуноҳ бўлади. Худди Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисида ворид бўлганидек: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
“Аллоҳга қасамки, бирортангизнинг ўз аҳли-оиласига зиён келтирувчи қасамида саркашлик қилиб туриб олиши, бунинг ўрнига Аллоҳ унга фарз қилган каффоратни бермоғидан кўра Аллоҳ ҳузурида ўзи учун қаттиқроқ гуноҳдир» (Ривоят Муслимники).
Яна Ибн Аббосдан ушбу оят тафсирида қуйидаги ривоят келган: «Яхшилик қилмаслик учун зинҳор қасамингни баҳона қилмагин. Лекин қасаминг учун каффорат бергин-да, яхшиликни бажаргин».
«Ҳизбут-таҳрир» гуруҳи аъзолари қасамёдининг ўзларига келтирган зиёни ҳақида сўз юритар эканмиз, шу ерда яна баъзи нарсаларни айтиб ўти¬шимиз лозим.
Ислом динида илм ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш қанчалик мақталган ва тарғиб этилган бўлса, бунинг муқобилида, мусулмон кишининг аввалам бор ўзи учун зарурий бўлган, қолаверса, агар унда илмни ўрганиб, бошқаларга ҳам етказиш иқтидори мавжуд бўлса, уммат учун диний ва дунёвий билимларни ўрганмай бепарволик қи¬лиши ёки бундан ҳам баттари, мавжуд илмни бош¬қалардан яшириши, жуда қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло бевосита Ўзининг Китобида ёки Расули орқали равшан баён қилиб берган нарсаларни халқдан яшириш асло мумкин эмас.
Диний билимларни яшириш деганда фақатгина Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратларида бир бора содир бўлганидек, муайян оят ёки ҳадис устига қўлини қўйиб беркитишни тушуниш ўта соддалик бўларди. Чунки тарих давомида соф исломий ақидаларни, турли диний билимларни, оят ва ҳадислар ва уларнинг тафсиру шарҳида Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг келтирган осон ва енгил баёнларини кенг мусул¬мон оммасидан яширишнинг турли янгича услублари тараққий топди. Сир эмаски, турли адашган фирқалар, диний маслаклар ва тоифалар ўз хатоларини яшириш мақсадида ва Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зиддиятли тарафларининг ўзгарувчилари кўзига кўриниб қолишидан эҳтиёт қилиш илинжида, оят-ҳадисни яширишнинг шундай усулларидан фойдаланадилар.
Хусусан, ушбу ҳукм остига бугунги кунда «Ҳизбут-таҳрир» каби ташкилотлар раҳбарияти тарафидан жорий қилинган нотўғри қасамёдлар ҳам киради, дейишга тўла асосимиз бор. Чунки ушбу қасамёдга кўра, «Ҳизбут-таҳрир» гуруҳи аъзолари «Ҳизбут-таҳрир» нашрига тегишли бўлмаган диний ада¬биётларни ўқишлари мумкин эмас.
Албатта «Ҳизбут-таҳрир» гуруҳи аъзолари буни тан олмасликлари мумкин, аммо «Ҳизбут-таҳрир» келтирган ҳар бир хабарни сўзсиз қабул қилиш, бошқа маълумотларга эса мутлақо беписандлик билан қараш масаласини қандай айлантирманг моҳиятан бу иш – Аллоҳ таоло ўзининг Китобида бевосита ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орқали ҳадислар воситасида барча учун тушунарлитилда, осон ва енгил баён этган диний билимларни яшириш бўлиб чиқаверади.
Зеро, манна неча йилдирки, худди шу қасамёди сабабли «Ҳизбут-таҳрир» гуруҳи аъзолари нафақат ўзимизда, балки бутун ислом оламида мавжуд бўлган диний китобларга ҳеч бир қизиқиш билдир¬майдилар. Мабодо ихтиёрларига зид равишда, бирон оят ёки ҳадисни Аҳли сунна вал жамоа уламолари қаламига мансуб китоблардан мустақил ўрганиш имконияти туғилиб қолган тақдирда ҳам, ундан заррача фойдаланмайдилар.

Х. Адамбоев
Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *