УЙДА ҚОЛИБ САВОБ ОЛАЙЛИК

Кунлар югуриб ўтяпти, минг афсуслар бўлсинки, бутун дунёга ташвиш солаётган ушбу каранавирус бизнинг ҳам мамлакатимизга кириб улгирди. Юртимизда охирги бўлаётган ходисалар туфайли хозир бизга энг яхши жой ва энг яхши макон уйимиз бўлиб турибди.  Халқимиз синовли дамларни бошдан ўтказаяпти. Шундай экан энг муҳим савол… ушбу лахзаларда Аллоҳ таоло ҳузурида савоб қозониб қолиш учун нималар қилдик? Саҳифаларимизга нималар битилди? Ёмонликлардан узоқлашишни ўйладикми? Калбларимизни такаббурлик, ҳасад ва нафратдан, тилларимизни эса, ғийбат, туҳмат ва ёлғондан покладикми? Асосийси тавба қилдикми….
Албатта ҳар бир инсон хато қилишга ва адашишга мойилдир. Лекин, гуноҳларни кичик санаш ва уларга бепарво бўлиш – бу Қалбнинг қотиб қолишига сабаб бўлади. Бугунги инсонлар гуноҳларни арзимас, кичкина санамоқдалар ёки умуман эътибор бермаяптилар. Баъзи бировлар эса, қилаётган иши гуноҳ эканини билмайди, билса ҳам, виждони қийналмайди, ғам-андух қилмайди. Ваҳоланки, беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Ушбу лоқайдлиги ва эътиборсизлиги эса инсонни гуноҳ қилишга одатлантириб қўяди. Мана қалбнинг қотиши қаердан бошланади. Инсонлар учун энг катта неъмат қилмишларига тавба қилишга улгуришидир, қилган лоқайдлиги учун виждони қийналиб надомат чекишидир. Чунки надомат тавбанинг асосий шартларидан биридир.
Ҳолбуки, ушбу фурсат хатоларимиз учун тавба қилиш ва кечирим сўраш фурсатидир.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида марҳамат қилиб айтадилар : «Агар банда хато (гуноҳ) қилса, қалбида қора доғ пайдо бўлади. Борди-ю гуноҳни тарк этиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби сайқалланади (покланади). «Гуноҳига тавба қилувчи одам бегуноҳ киши кабидир» (Ибн Можжа ва бошқалар ривояти).
Шундай экан Астойдил тавба қилайлик, тавба гуноҳларни ўчиради, қолаверса, қалбни поклайди, тавбамиз холис қилинмоғи, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги учун бўлмоғи лозим, тавбани орқага сурмайлик, лоқайд бўлмайлик, хато-камчиликларимизни ҳақир санаб қалбимизни қотишига йўл қўймайлик, биз бугун инсоният идрок қилиши шарт бўлган ҳақиқатни англаб етдик.
Ушбу синовли карантин даври бизга шундай неъмат бўлсинки, таҳликага тушмасдан, чиройли сабр билан уйда ўтириб ўзимизни бир бошдан ҳисоб китоб қилайлик, бу фурсат шундай неъмат бўлсинки уйда ўтириб зикр қилайлик, яқинларимиз ҳаққига ғойибона дуо қилайлик, чунки ғойибона қилинган дуо албатта мустажобдир, фарзандимизга лойиқ ота-она бўлиб, ватанга садоқатли қилайлик, уларни тарбияларини мустаҳкамлайлик, касб-ҳунарга, фойдали меҳнатга ўргатайлик, Ахир ушбуларга вақт ажратмай, вақтим йўқ дея бахоналар қилганимиз рост эди-ку. Асосийси синовдан сабр билан ўтайлик. Ваҳимага ўрин йўқ. Бу кунда Аллоҳ тавбаларимизни ва дуоларимизни ижобат қилсин, фарзандларимизга салоҳият, ибодатларимизга гўзаллик, ризқимизга барака берсин.
Бутун дунёга ташвиш солиб турган бу балоларни Ўзи даф қилсин. Уйда қолинг.

Ф.Отажонова
Урганч шаҳар бош имомининг хотин-
қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *