ЮРТИНГ ТИНЧЛИГИ БУЮК НЕЪМАТ

 Халқимизда “Юртинг тинч-сен тинч” деган мақол бор. Тинчлик ва осойишталикни авайлаб- асраш, ҳимоя қилиш бутун халқимизни янада жипс бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимизга ундайди. Инсонлар нафақат ҳозирги тинчликни қадрига етиш балки шукронасини адо этишлари шу билан биргаликда ношукрлик қилиб путур етказиб қўйишликдан сақланиши керак. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳар қандай жойда тинчликни қадрига етиб яшаши керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши учун тинчлик ва осойишталик лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, дейдилар. Бу ҳадисда шу осуда ва тинч бошланган куни учун ҳар ким Яратганга чексиз шукроналар қилиши керак эканини англаш мумкин. Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, неъматнинг йўқолмаслиги эса доимо унинг шукрини адо қилиш билан бўлади. Халқимизнинг нозик ибораси билан айтганда, Аллоҳ берган насибамизни териб юрибмизми, шу онларнинг қадрига етайлик, тинмай бунинг шукрини қилайлик. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо этилса, айрим неъматларнинг шукрини ҳам маънан, ҳам амалий ҳаракатлар билан намоён этиш талаб этилади. Исломда тинчлик ана шундай шукр талаб қиладиган неъматлардан ҳисобланади. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар. Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик оқимлар мана шу неъматларга путур етказиш учун инсонлар ўртасига тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш орқали ҳар хил фитналарни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятида: “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”дейилган. Бугунги кундаги экстремистик ва террористик оқимларнинг фаолияти ва ғоялари ҳар хил бўлсада мақсадлари бир хил, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаётга путур етказиш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш ва ўзларининг ҳокимятини ўрнатиш каби фитнадан иборат. Ислом таълимотида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Ислом-инсонпарвар дин бўлиб, унда бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳоланади. Жумладан, Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган ( ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”. Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Шунинг учун мустақиллик берган бу дориломон кунлар абадий бўлмоғи учун турли ёт ғояларнинг инсонлар онгига таъсирини олдини олмоғимиз лозим. Зеро, туғилиб ўсган ва киндик қонимиз тўкилган тупроқ муқаддас, аждодлар ҳоки қўшилган она тупроқ азиз, ватан суюкли. Аллоҳ назари тушган шу она Ўзбекистонимиздаги тинч ва фаровон ҳаётимизга беадад шукроналар қилиб, ҳар қандай ёмон назарлар ва ёмон ниятли кишилардан огоҳ бўлишлик ҳар биримизнинг бурчимиздир.

А.Аллаберганов Янгиариқ туман “Шайх Мухтор вали” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *