Вабо тарқаганда мусулмоннинг вазифалари

Вабо тарқаганда мусулмоннинг вазифалари

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда бутун дунёни коронавирус офати катта ташвишга солиб турибди. Бу синов жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай имтиҳон кунларда халқимиз бир-бирларига далда, кўмакчи бўлмоқлари керак.

Хўш, бундай синовли кунларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши ва нималарга кўпроқ эътибор бериши лозим. Бу борада мўътабар китобларимизда қуйидаги тавсиялар берилган.

Мусулмон киши вабо ёки бирор бир юқумли ёмон касаллик тарқалган вақтда ўз уйида, оила аҳлини ҳимоя қилган ҳолда ўтириши керак. Бу ҳақда, Имом ал-Бухорий ўзларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”асарларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:

“Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун (вабо) ҳақида сўрадим. Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: У Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган бир азоби бўлиб, хоҳлаган бандасига юборар эди. Лекин, мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳматидир. Кимки, мана шу тоъун тарқалганида ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган ҳолда ва унга Аллоҳ таолонинг ёзганидан бошқа нарса етмаслигига ишонган ҳолда ўтирса, унга шаҳиднинг ажри баробарида ажр берилади, — дедилар”.

Бу ҳадиси-шариф айни биз амал қилишимиз керак бўлган ҳадиси-шарифдир. Демак, халқ бундай вазиятда ўз уйида қолиши, сабр қилиши, сабридан савоб умид қилиши керак. Ҳадисга эътибор қилинг, олдин сабабларни қилишга кўрсатма бўляпти, яъни уйингда ўтир, сабр қил, карантин талабларига риоя қил!

Бундан инсонга, вабодан вафот этиши шарт эмас, тирик инсонга ҳам уйда сабр қилиб ўтиргани, карантинга риоя қилгани учун шаҳиднинг савоби берилади.

Оятларда ҳам биз бунга (карантинга) чақириқ топамиз. Масалан, Намл сурасида, Сулаймон алайҳиссаломнинг инсонлар, жинлар ва қушлардан таркиб топган қўшини келаётганида, чумолилар подшоҳи қавмига қарата: Уйларингга киринглар! Сулаймоннинг қўшини сизларни билмаган ҳолда эзиб, ҳалок қилиб қўймасин, — деган мазмунда яъни, оғир вазият пайдо бўлганида, чумолилар подшоси “Уйларингга киринглар!”-деб мурожаат қилаяпти.

Ҳозир ҳам шундай вазият. Раҳбар ва соҳа мутахассислар бунинг оқибатини яхши тушуниб етиб, дарҳол, халқимизга керакли кўрсатмаларни беришди. Халқимизнинг вазифаси энди итоат этиши ва кўрсатмаларга сўзсиз риоя қилиши керак. Шунда саломат қолади.

Бу каби ҳолатларда мусулмон киши ваҳимага тушмаслиги керак. Зеро, ҳикматларда: “Ақлли инсон бошига тушган балони аритиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ эса битта балони иккита қилиб олади”.

Ушбу маънода юртимиздан етишиб чиққан машҳур табиблардан Абу Али Хусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино жуда гўзал тавсия берган:“Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифони бошланишидир.

Машҳур ривоятлардан бирида:

Бир киши сафарга кетаётиб, йўлда Вабони учратиб қолибди.
Қаерга кетаяпсан? — сўрабди вабо.

-Зиёратга. Сен-чи?

— Сенинг юртингга, беш минг кишини олиб кетишга, — дебди вабо.

Ҳар ким ўз йўлида кетибди. Йил ўтиб, улар яна ўша жойда кўришиб қолишибди.

Сен алдадинг, — дебди зиёратчи вабога — Беш минг кишини олиб кетаман деб, юртимдан эллик беш минг одамни олиб кетибсан!
Йўқ, — эътироз қилди вабо, Мен ростдан ҳам беш минг кишини олиб кетдим. Қолгани ваҳима касалидан ўлди…

Дарҳақиқат, мусулмон тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан деган эътиқодда  туради. Ваҳима эса эътиқоднинг заифлигидан келиб чиқади.

Динимизда хабарларни аввал яхши ўрганиб, ростлиги маълум бўлгач, кейин тарқатишга тавсия беради. Ҳадисларда кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириб юриши, унинг ёлғончилигига кифоя қилади, дейилган.

Имом Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дейилади.

Демак, ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, коронавирус ҳақида хабарларни тегишли расмий манбалардан олиш ёки тарқатиш кераклиги келиб чиқади. Бундай вазиятларда одамларни ваҳимага қўйиб, саросимага соладиган ва уларни қўрқитадиган миш-мишларни тарқатиш шариат нуқтаи назаридан ҳалол ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло барча ватандошларимизни ва барча инсонларни бу вабонинг зарарли таъсирларидан сақласин.

Яратганнинг ўзи бизларга раҳм қилиб, бу вабони тезлик ила даф қилишини илтижо қиламиз.

Абдулазиз Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.