АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир.
“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.
Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.
Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади.
“Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир.
Ибн Аббос розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз хузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз хузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз хузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».
Ислом шариатининг гўзаллигини кўринг! Бу ҳадисда у қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани аниқ баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб асосан банданинг ихлосига қараб бўлар экан! Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн хисса савоб берилса, иккинчисига етти юз хисса учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлади экан! Ха, ихлос ана шундоқ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундоқ кўп бўлади. Ихлос самараси ўлароқ банда ўз Роббисига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига кўшимча савоб олади. Ихлосли банда ваъз-насихат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади. Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб ўн биттадан бошлаб, етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан.
Умуман, бизда ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган маънолар ҳақида тушунчаларимизни зиёда қилишимиз керак. Хар бир ниятимиз, қасдимиз Аллоҳга маълум бўлиб, унга яраша савоб ёки гуноҳ номаи аъмолимизга ёзилиб бораётганини билишимиз керак. Ҳар бир қил¬ган амалимизга яраша маълум савоб ёки гуноҳ олаётганимизни доимо хис қилишимиз керак. Қасд қилган яхшиликларимизни чин ихлос билан амалга оширишга ўтайлик. Адашиб баъзи бир ёмонликни қасд қиладиган бўлсак, дарҳол ундан қайтадиган бўлайлик. Ана шунда чин мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.
Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, эҳсон қилишда, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Айниқса мана бундай синовли кунларимизда ҳар бир қилаётган амалларимизни, хайрли ишларимизни чин ихлос билан амалга оширайлик. Бунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ихлос-эътиқодли мухлис бандаларидан қилсин.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *