ЭҲСОН БАЛОЛАРНИ ДАФ ҚИЛУВЧИ ВА ИНСОННИ РУҲИЙ ХОТИРЖАМЛИККА ЭРИШТИРУВЧИ БУЮК ОМИЛДИР!

Эҳсон деганда, бировга бир неъматни бериш ва фазли карам кўрсатиш тушунилади. Луғат китобларига қаралганда, эҳсоннинг маъноси ундан кўра кенгроқ эканлиги маълум бўлади. У “яхшилик қилди” маъносида ҳам ишлатилади. Яхши ишлар дунёдаги барча яхши ишларни ўз ичига олади. Бунга муомала ҳам, бошқа барча яхши ишлар ҳам киради. Қуръондаги эҳсон тўғрисидаги таълимот, бу Китоб руҳий китоб эканлигининг гувоҳидир. Қуръон эҳсон масаласининг инсон шахсиятига таъсир қилиш тарафларини ҳам кўрсатиб ўтган. Эҳсон қилувчиларнинг сифатларини баён қилган. Қуръон “эҳсон” инсоннинг табиий вазифаси эканлигини Аллоҳ унга эҳсон қилиб, ўз неъматларини бергани учун, у ҳам ана шу неъматлардан бошқаларга эҳсон қилиш кераклигини тушунтирган: “ Аллоҳ сенга эҳсон қилганидек, сен ҳам эҳсон қил”. (Қасос сураси 77-оят)
Қуръон эҳсоннинг фойдаси эҳсон қилувчининг ўзига бўлишини уқтиради: “Агар эҳсон қилсаларингиз, ўзингиз учун қиласизлар, ёмонлик қилсаларингиз ҳам ўзингиз учун ” (Исро сураси 7-оят). Бу ёрқин хақиқатдур. Албатта яхшилик қилувчилар ўзларида бир руҳий хотиржамликни сезадиларки, у нарса улардан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Яхшилик қилинган кишилардан яхшилик қилувчиларга нисбатан бўладиган муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром ҳам уларнинг қалбларига саодат бахш этади. Ёмонлик эса ўз эгасига бахтсизлик келтиради. Унинг хаётда рахмати бўлмайди.
Шунингдек, Қуръон яхшилик қилишнинг мартабасини кўтариб, Аллоҳга ихлос қилиш билан тенглаштиради ва бу икки нарса кишининг энг яхши сифатларидандир, дейди. Қуйидаги 3 оят фикримизга далилдир:
“Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми?” (Нисо сураси 125-оят).
“Кимки бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб берилади” (Анъом сураси 160-оят).
“Ким яхшилик қилса, унга ўша яхшилигидан яхшироқ нарса берилади ва улар қиёмат кунининг қўрқинчидан омон бўладилар” (Намл сураси 89-оят).
Қуръонда яхшилик қилувчиларнинг сифатлари ҳам келтирилган. Улар кечалари намоз ўқувчилар, туннинг охирида парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтожлар учун насиба ажратувчилардир.
Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в)га эргашиш – эҳсон, бировни кечириш ҳам эҳсондир: “Уларни кечир ва кўнглингни кенг қил. Албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни яхши кўради” (Моида сураси 32-оят).
Сўнгра Аллоҳ етимларга яхшилик қилишга буюрди, чунки улар тарбиячисини йўқотган бўлиб, ёрдамга муҳтождирлар. Агар етимларга бепарволик билан қаралса, улар ёмон йўлга кириб кетадилар ва ўз жамиятларига катта зарар етказадиган бир унсурга айланадилар. Шунингдек, Аллоҳ таоло узоқ-яқин қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюради. Шу орқали бир мақоладаги кишилар орасида муҳаббат кучаяди ва улар эзгулик йўлида доимо ҳамкор бўладилар. Шунингдек, Аллоҳ яқин кишиларга, яъни сафарда, ўқишда, ишда ёки бошқа жойларда барча бўадиган ҳамроҳларига яхшилик қилишга буюради. Бу эса жуда улкан самаралар сабабчисидир. Агар кишиларда яхшилик қилиш сифати мукаммал бўлса, файласуфлар орзу қилган ўрнак бўлаоладиган жамиятлар пайдо бўлади.
Мана шу борада бутун динёда ва мамлакатимизда ҳозир тарқалаётган Каронавирус балоси сабабли карантин эълон қилинган. Карантинда кишилар уйида қолишлари уқдирилмоқда. Шундай вазиятларда айрим қўштирноқ ичидаги савдогарлар сотиладиган озиқ-овқатлар нарҳларини сунъий оширишга ҳаракат қилмоқдалар, бу қанчалик тўғри?
Ўзи аслида инсоннинг қандай эканлиги мана шундай эл-юрт бошига синовлар келганда билинади. Мана Республикамиз бўйлаб ва бизнинг Янгиариқ туманида ҳам саҳоватпеша инсонлар томонидан ҳомийлик қилиниб, жонлиқлар сўйилиб мухтожларга тарқатилмоқда. Бундан ташқари бошқа озиқ-овқат махсулотлари хам хайрия қилинмоқда.
Умид қиламизки, Аллоҳ таоло мана шундай эҳсонлар сабабидан дуоларни қабул қилиб бутун дунёдан, Ўзбекистонимиздан бу балоларни ҳам даф қилади инша Аллоҳ!

Р. Рахимов
Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”
масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *