ЖОХИЛЛАРНИНГ ЖАХОЛАТИ

Бугунги кундаги жохилларни экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш жуда муҳим ҳисобланади. Зеро бирор касалликни даволашдан олдин унга тўғри ташхис қўйилмаса, уни келтириб чиқараётган сабаб аниқланмаса унинг муолажаси тескари натижага олиб келади. Шундай экан экстремизм ва террорирзмни келтириб чиқарадиган
омилларни ҳам атрофлича ўрганиш керак бўлади.
Экстремизм сўзи ўтган асрга бориб тақалсада, аслини олганда экстремистик, жамиятга таҳдид солувчи оқимлар барча динларда қадимдан кузатилган. Ушбу мақолада биз асосан мусулмонлар орасидан ажраб чиққан экстремистик оқим жохиллар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу борада Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Имом Термизий ривоят қиган ҳадисда мусулмонлар 73 фирқага бўлиниб кетишлари ва улардан фақат биригина тўғри йўлда бўлишини башорат қилиб ўтганлар. Ана шундай ҳаддидан ошган оқимлардан биринчиси хорижийлар эди. Улар катта гуноҳ қилганларни куфрда айблашган. Улардан кейин юзага чиққан кўпчилик оқимларда ҳам худди мана шу ҳолатни яъни кўпчилик мусулмонларни кофирликда айблашлари кузатилади. Лекин ҳар бир оқимнинг ўзига хосликлари бўлса ҳам уларни умумлаштирувчи нуқта ўзларидан бошқа мусулмонларни адашган деб куфрда айблашликдир. Ушбу адашган фирқаларни келиб чиқиш сабабларини ўрганидиган бўлсак, ҳар бирининг ўзига хос шароит ва сабаблар доирасида ўрганишга тўғри келади. Кўп ҳолларда экстремистик оқимларни юзага келиши ёки ёшларни унга кириб қолишида диний сабабдан кўра кўпроқ ижтимоий, иқтисодий
ва сиёсий омиллар сабаб бўлади.
Бу борада юртбошимиз шундай деган эдилар: “Муайян бир гурухлар тез бойиб кетишни ҳоҳлайди, шу боис қурол ярог, гиёхванд моддалар сотиб, бирданига катта фойда кўрмоқчи бўлади. Ўзларининг мақсадига эришиш йўлида фитна-фасод уруғини сочади”. Бунда асосан иқтисодий мақсадлар кўзланган бўлади. Иккинчидан, сиёсий сабаблар туфайли. Бунга биринчи бўлиб юзага чиққан хорижийлар ва бугунги кунимиздаги ҳизбут таҳрир каби оқимларни киритиш мумкин. Маълумки, Фаластиндаги Исроил — Араб муаммоси ўз ўрнида ҳал этилмагани туфайли ушбу минтақадан кўплаб экстремистик оқимлар юзага чикди. Ҳизбут таҳрир ҳам ана шундай оқимлардан бири ҳисобланади. Дастлаб у ўз олдига Фаластинни озод қилишни мақсад қилиб олган бўлса, кейинчалик ўз мақсадига эриша олмаганидан кейин “бутун дунё мусулмонларининг давлати” халифаликни тузишни мақсад қилиб қўйди. Учинчидан, ижтимоий омил ҳам бундай оқимларни юзага келишига сабаб бўлади. Бунга ваҳҳобийлик оқимини келиб чиқишига ижтимоий, диний ва сиёсий омиллар сабаб бўлган эди. Зеро ана ўша пайтда жамиятда ислом таълимотига зид бўлган кўпгина одатлар кенг тарқалган эди. Қабрларга сиғиниш, фолбинлик каби одатларнинг оммалашувига қарши чиққан ваҳҳобийлик бу масалада ислом таълимотидаги кўрсатмаларидан ҳам ҳаддан ошиб саҳобаларнинг қабрларини текислаб ташлашгача етиб борди. Тўртинчидан, уларнинг келиб чиқишида диний омил ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Уламолар бунга мўътазила мазҳабини мисол қилиб келтиришади. Кейинчалик ушба мазҳаб ҳам сиёсий тус олган. Бешинчидан, уламолар исломга зид ҳаёт тарзи ва фикрларни мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда сўнгги икки асрда кенг тарқалиши экстемистик окимларни юзага келишига сабаб бўлади, дейдилар. Олтинчидан, баъзи бир мусулмон уламоларнинг исломдан узоқлашиб, ҳатто имон нималигини билмайдиганлар борасида бепарволарча ёндошувлари, дин ва миллат ғамини емасликлари ҳам бунга сабаб бўлади. Аслини олганда мусулмон ўзи учун эмас, балки инсоният учун яшайди. Еттинчидан, адашган оқимга эргашганларнинг кўпчилиги исломий илмларни юзаки эгаллаб олган фиқҳ, усули фиқҳ, тил қонун қоидаларини яхши билмаганидан оят ва ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида шарҳлашади. Ўз манфаатларига мос келмаган оятларни ташлаб, тўғри келадиганини олишади. Баъзи оятларни юзаки маъносини ёдлаб олиб, ўзларича ҳукм чиқаришади.
Улар саёз илмга эга бўлган содда ва ихлосли ёшлар бўлиб, адашган оқимлар ўз мақсадига етишишда уларни “қўғирчоқ” қилиб олишади. Демак ихлоснинг фақат ўзи етарли бўлмас экан. Илмсиз ихлос улар борасида ўндан ортиқ ҳадис келган хорижийлар каби қанчалик ихлосли бўлмасин адашиш олиб борар экан. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал хорижийларни адашишига уларнинг ақида борасида қаттиқ киришишлари сабаб бўлган деганлар. Уламоларимиз ҳатто ибодат қилишдан олдин ҳам илм ўрганиш лозимлигини таъкидлашган.

Экстремистик оқимларга қарши курашда Президентимиз айтганларидек аввало “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашиш” энг самарали восита ҳисобланади. Бунга асрлар давомида “аҳли сунна вал жамоа” мазҳаби бутун ислом оламида асосий мазҳаб экани яққол далил бўлади. Ушбу қарашни замонамизнинг пешқадам уламоларидан Юсуф Қарзовий ҳам таъкидалайди. У шундай дейди : “Фикрга қарши фақат фикр бас кела олади. Унга қарши куч ва таҳдид ишлатиш ўша фикр хато бўлса ҳам кенг тақалишига олиб келади ва ўша фикрдагиларнинг ўз фикрларида маҳкам туриб олишларига олиб келади. Унинг муолажаси фақат ҳужжатлар келтириш билан шубҳаларни кетказиш орқали бўлади’.
Иккинчидан, исломий илмларни мусулмонларга тўғри шаклда етказиб бериш, уларни ўз динларидан бехабар қолишлари уларга исломни хато шаклда етказилишига олиб келадш Учинчидан, шубҳасиз мусулмонларни куфрда айблаётганлар адашган кимсалардир. Ушандай ёшларнинг кўпчилиги ўз фикрларида мустаҳкам турадиган, иродали аммо соддадил ва етарли илмга эга бўлмаган кишилар бўлишади. Уларнинг илмсиз ва ихлосларидан фойдаланган ғаразли кучлар ўз қармоқларига уларни илинтиришади. Уларга ҳар бир жамиятда учрайдиган муаммоларни бўрттириб кўрсатиб, исломни ўз манфаатлари йўлида ниқоб қилиб кўрсатиб беришган. Уларда ихлос бўлгани билан илм етишмайди. Улар ёвуз кучлар қўлида “ўйинчоқ” бўлиб қолмаслиги учун уларга исломни тўғри шаклда яшаб, тушунтириб бериш керак бўлади.
Терроризм — жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳоли кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни эгаллаш мақсадида амалга оширилади. Террорчи гуруҳлар жамиятда аҳолининг кенг қатлами номидан ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири ушбу ҳаракат тарафдорларининг Куч ишлатиш ва зўравонлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларидир. Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, демократик институтлар фаолият кўрсатаётган, тинчлик ҳукмрон жамият шароитида муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади.
Ўзбекистон мустақиликка эришгач, мазкур ҳудуд турли манфаатдор кучларнинг нишонига айланди. Сиёсий мақсадларни дин ниқоби остида амалга оширишга интилувчи диний-экстремистик ва террорчилик гуруҳлари минтақага суқилиб киришга ҳаракат қилдилар. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун мустаҳкам асосга эҳтиёж сезилди. 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши давлатимиз суверенитети ва халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига катта тахдид солувчи терроризмга қарши кураш борасида катта қадам бўлди. Ҳозирда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторида “ал- Қоида”, “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” (Озодлик исломий партияси), “ал-Жиҳод”, “ат-Такфир вал-ҳижра” (Такфир ва хижрат), “Туркистон ислом ҳаракати”, “Исломий жиҳод иттиҳоди” (Исломий жиҳод уюшмаси), “Катибатул Имам ал-Бухари” (Имом Бухорий батальони), “Жамоат Ансоруллоҳ” (Аллоҳнинг ёрдамчилари жамоаси), “Жабҳатун-нусра” (Ғалаба фронти) ва “Ислом давлати” каби ташкилотларни санаш мумкин.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Бу чуқур ўйланган стратегиянинг бир қисмидир.
Аввало, барча экстремистик ташкилотлар бир тадқиқот маркази, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лабОратория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим. Шу ўринда, диний- экстремистик оқимларни бажарадиган функцияларига кўра шартли равишда 3 гуруҳга бўлишимиз мумкин.
Биринчи гуруҳга кирувчи ташкилотларнинг асосий вазифаси одамларни гўёки “исломлаштириш”, “тақвога чақириш”дан иборат. Бундай гуруҳлар қаторига “Таблиғчилар”
ҳаракатини киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳ ташкилотлари эса аҳолига мутаассиблик ғояларини сингдириш, улардан муайян ғоя ва раҳнамога оғишмай, сўзсиз эргашадиган “кадр”ларни тайёрлаш билан

шуғулланади. Бундай гуруҳлар қаторига “Ҳизбут-таҳрир” каби диний-экстремистик
ташкилотларни киритиш мумкин.
Учинчи гуруҳга мансуб ҳаракатлар эса ҳеч қандай асоссиз мусулмон диёрларни “куфр диёри” деб эълон қилиб, у ердагиларни “ҳижрат” қилишга ундаш орқали турли низо ва фитна ўчоқларига жалб қилиш, қўлга қурол олиб тинч аҳоли вакиллари ва бошқа дин вакилларини қириш орқали минтақада уруш оловини ёқиш, жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилиш орқали ёшларни қотилликлар қилишга чорлаш билан шуғулланадилар. Бу гуруҳга барча террорчи ташкилотларни киритишимиз мумкин.
Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмокда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу, авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний багрикенгликни таъминлашда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.
Юқоридаги мулоҳаза ва далиллар, экстремизм ва терроризмнинг нафақат умумэътироф этилган замонавий қонунлар, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатади.
Шундай экан, бу жохил экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Х.Матяқубов Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *