ЛОҚАЙДЛИК АСЛО ФОЙДА КЕЛТИРМАС

Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва хушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, — деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.
Ҳушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, “Бир таёқ бошни ёради” каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай окибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини  топган. Шундай бўлса-да, афсуски, ҳаётимизда ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлатнинг иши, “бунинг менга дахли йўқ” деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини қайд этиш лозим.  Машҳур  адиблардан бири  “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!” деб ёзган эди. Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига даҳлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир.
Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”. “Бекорчидан Худо безор”, — дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақгини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир. Фарзандларимизни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, Ватанга садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. “Бекордан Худо безор”, дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказишга, касб-ҳунарга, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгаракларга спорт клубларига жалб қилиш ғоят муҳим.
АБДУЛЛА АВЛОНИЙ
Ғафлат аро хуш кўрибон хуш дема,
Вақиф ўлиб, сўнгра пушаймон ема.

Шунинг учун фарзандларимиз тарбиясида, маҳаллаларимиз, юртимиз ободлиги ва кўркамлигида, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатишда доимо ҳушёр ва жонкуяр бўлайлик. Ахир миллатимизга хос мардлик, саховатпешалик, ҳамдардлик хислатлари бизнинг вужудимизга, қон-қонимизга сингиб кетган-ку. Зеро, виждон поклиги ва бедорлиги биз мусулмонларга буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
“Ким дунёда бир мўминнинг дунё ғамларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ҳам ундан қиёмат ғамларини енгиллаштиради. Ким қийинчиликда қолган биродарини осонликка чиқарса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда осонликка чиқаради. Агар банда биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло ҳам бандасининг ёрдамида бўлади” (Муслим ва Бухорий). Беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе — лаганбардорлик, андиша -кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки мутаассиб  бўлади.
Лоқайдлик биргина оиланигини эмас, бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардандир. Лоқайдлик ҳар қандай фаровон ва аҳил жамиятни ҳам ҳалокатга элтувчи, парокандаликка дучор этувчи хавфли иллатдир. Бундан халос бўлиш учун эса динимиз одамларга эзгулик улашиш, меҳр-шафқат кўрсатиш, ҳаммага бирдай яхшилик қилиш, дин ва халқ манфаатини ўз манфаатларидан устун қўйишга буюрган. Буни бирор лаҳза бўлса ҳам эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ!

Б.Хаджаев
Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *