УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ

Республикамизга коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида Бош вазир томонидан ўтказилган шошилинч йиғилишда барча олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари, ўқувчилари ва тарбияланувчилари учун 2020 йил 16 март кунидан уч ҳафта муддатга таътил (карантин) эълон қилинди.
Муҳтарам Президентимиз пандемия муносабати билан халқимизга йўллаган мурожаатномасида ватанимиз келажаги бўлган талаба ва ўқувчи ёшларимизга «Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекорга ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг. Бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг» дея алоҳида мурожаат йўлладилар. Эзгу мақсадлар жамланган мазкур даъват нафақат ёшларимиз, балки таълим-тарбия бўғинининг барча қатламларида фаолият юритаётган устоз-мураббийлар, педагог-ходимларга ҳам алоҳида масъулият юклайди
Бугунги кунда техник тизимлар, дастурий восита ва компьютер жиҳозларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн-таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш, баҳолаш, мониторинг тизимларини яратишга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.
Дархақиқат инсон маънавий камолотга, икки дунё саодатига устоз ва мураббийлар тарбиясисиз эришолмайди. Маънавият моддиятдан устун бўлганидан устоз-муаллимлар ҳар бир даврда эъзозланган. Қуръони каримда марҳамат килинади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала. 11). Мазкур ояти карима олим ва илм ўргатувчилар мартабаси нафақат бандалар олдида, балки Аллоҳ таоло ҳузурида юқори эканига далолат қилади. Зеро, улар буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меросхўрларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайқи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳатто уясидаги чумоли, денгиздаги балиқлар инсонга яхшилик ўргатган муаллим хаққига дуо қилади» (Имом Термизий ривояти). Ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Ҳоҳласа сотади, ҳоҳласа озод қилади ва ҳоҳласа қул қилади». Шу маънода Шайх Шерозий: «Ким фарзанди олим бўлишини истаса, олимларни ҳурмат қилсин, улуғласин ва фарзандининг устозларига ҳадялар юборсин», деб таъкидлаганлар. Хасан Басрий айтадилар: «Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар». Яъни, илм олимлар орқали тарқалади ва у билан инсонлар улуғликка етишадилар..
Аллоҳ таоло барчаларимизга илм эгаларини, уламоларни, устоз ва мураббийларни ҳурмат қилишни, бизларнинг мана шу илмга, унинг эгаларига бўлган ҳурмат ва муҳаббатимиз сабабидан Юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишини насиб айласин.
Аллоҳ таолодан ушбу синовлардан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин!

Х.Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *