ҲАСАД ҚАЛБ КАСАЛЛИГИДИР

Инсон қалби жуда нозик ва сирли хилқатдир. Ҳар қандай рухий ўзгариш бевосита қалб билан боғлиқ. Инсон қалбида азал — азалдан яшаб, уни кемириб келаётган хасад деган бир туйғу бор.
Ҳасад – маънавий иллат, қалб оғусидир. Ҳасад қандай пайдо бўлади? Ундан қандай қилиб холос бўлиш мумкин? Ҳасад кишида ўзганинг мол-мулки ва бирон-бир фазилатига нисбатан уйғонган шайтон васвасаси бўлиб, хасадчи ундан шу афзалликларнинг олиниб ўзига берилишини хоҳлайди. Шундай қилиш учун ҳар хил чораларни излайди, бунга ҳасадчи тўғридан – тўғри эриша олмаслигини билгани учун фирибгарлик, товламачилик, ўғирлик ва босқинчилик сингари қинғир йўлларга киради. Шу зайлда ҳасад ноҳақлик ва зулмни келтириб чиқаради. Кишилар орасига адоват уруғини сочади.
Инсон учун ҳар доим ҳамма нарса етарли бўлавермайди. Биров бой, биров камбағал, биров истеъдодли, биров ношуд, зеро, ҳар ким ҳар хил тақдир билан яратилган. Қуръони карим оятларига мувофиқ ҳасад одам фарзандларига шайтондан мерос бўлиб ўтган, чунки шайтони лаин одам алайҳиссалом эгаллаган мартаба ва даражага қаттиқ ҳасад қилган ва унга сажда қилишдан бўйин товлаган. Шунингдек, одамзод ер юзига тарқалгандан сўнг ҳасад туфайли биринчи қотиллик рўй берди. Қобил укаси Ҳобилни ҳасад қилиб, уни ўлдириб кўйган. Чунки у укасини ўзига нисбатан фазилатли кўрган ва бунга уни қатл қилиш билан эришаман, деган нотўғри ҳаёлга борган. Шунинг учун хам Аллоҳ таоло Қуръони каримда хасаддан қайтариб шундай дейди:“Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиздан файзли қилиб қўйса ҳасад қилманглар”. (Нисо сураси, 32-оят)
Ҳасадчи ўзига етган яхшиликлардан ҳурсанд бўлиш ўрнига, ўзгаларга етган яхшиликлардан азобланади. Бизнинг замонамизда ҳасад жуда ҳам хатарли тус олмоқда. Камбағал бойга ҳасад килган. Хотинлар эркакларга ҳасад қиладилар, хунуклар чиройлиларга ҳасад қиладилар ва ҳаказо. Ҳаттоки баъзи бир халқлар бошқа бир ҳалқларга ҳасад қилиб, бахтсизлик тилайдилар. Ҳасадчиларнинг хулқи маломатдир. Унинг лаззат топадиган нарсаси одамлар ўртасида чақимчилик қилиш, уларни уриштириш ва келишмовчиликлар чиқариш бўлади. У бир омадли одамнинг жойини эгаллаш мақсадида обрўсини тўкиш учун ҳар қандай номақул ишларни қилишга тайёр. Ҳеч бўлмаганда уни ўзи сингари омадсиз бўлиши учун ҳаракат қилади. Ҳасадчи ўзига-ўзи ишонмайдиган, мақсадига етишга илож топаолмаган бир омадсиз шахсдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақда ўз ҳадисларида шундай деганлар: “Сизлардан бирингиз мол – мулкда ва аҳлоқда ўзидан устун турадиган кишини кўрса, дарҳол шу нарсаларда ўзидан паст турадиган кишиларга назар солсин”, деганлар. Ҳасад худди кўркам ва бақувват дарахтларга тушган зараркунанда қуртга ўҳшайди. Боғбон қуртни ўз вақтида дори воситасида йўқатиб турмаса, қурт дарахт пўстлоғи орасига кириб, бақувват танани илма – тешик қилишга тушади. Боғбон лоқайдлик қилиб бунга етарли эътибор бермаса, дарахт ташқаридан соғлом кўрингани билан ич-ичидан чириб бораверади. Салгина шамол уни қулатади. Шунинг учун бировларнинг ютуғига тўқ назар билан қараш, ўз ҳолига шукур қилиш керак.
Илоҳим барчаларимизни бундай ёмон қалб иллатларидан ўз паноҳида асрасин.

 

Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *